Спорт | 15:33 / 17.11.2023
35857
11 дақиқада ўқилади

Уругвай Мессининг байрамини бузди, Бразилия яна ютқазди

Диас озод этилган отаси кўз ўнгида Бразилияни нокаутга учратди. Жанубий Америкада ЖЧ-2026 саралашида 5-турнинг асосий воқеалари.

Фото: Reuters

Устоз шогирдни енгди

Аргентина — Уругвай 0:2
Голлар:
Р.Араухо (41), Нунес (87). 
Аргентина – Мартинес, Молина, Отаменди, Ромеро, Таляфико (Акуня, 80), Де Паул (Паласиос, 64), Мак Аллистер (Мартинес, 46), Фернандес, Гонсалес (Ди Мария, 53), Месси, Алварес (Ло Челсо, 80).
Уругвай – Рочет, Р.Араухо, Оливера, Касерес, Виня (Хименес, 46), Валверде, де ла Крус, Угарте, М.Араухо (Бентанкур, 62), Пеллистри (Каноббио, 88), Нунес (Виняс, 90).
Огоҳлантиришлар: Угарте (32), Мак Аллистер (35), Хименес (67), Мартинес (68), Ромеро (77), Оливера (79), Паласиос (90).

Аргентина футбол байрами муҳитида яшашда давом этмоқда. Буэнос-Айресдаги ўйин арафасида Лионел Месси саккизинчи «Олтин тўп»ни олгани, дарвозабон Эмилиано Мартинес Лев Яшин номидаги мукофотни қўлга киритганини нишонлаш маросими ўтказилди. Аммо майдонда ўйин бошлангач, Уругвай бу байрамда шунчаки меҳмон бўлишга келмаганини намойиш эта бошлади. Уругвайликлар илк дақиқаларданоқ курашувчанлик ва ҳужумкорлик таклиф этишди.

Тўпга эгалик қилаётгандек кўринган мезбонлар тўпни йўқотиши билан ҳимоячилардан қочиб кетган Нунес дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо унинг зарбаси узоқ устун ёнидан ўтиб кетди. Октябр ойида Бразилияга қарши кечган ўйин (2:0) қаҳрамони майдонга 19-рақамли футболкада тушди. Терма жамоага яна чақирув олиб, тўққизинчи рақамни ўзига қайтарган Суарес эса захирада қолиб, ёш жамоадошлари ўйини ва курашини томоша қилиб ўтирди.

Қайсидир паллада ҳиссиётлар кўпайиб кетди ва биринчи бўлим ўрталаридан исталган фолдан кейин футболчилар тўпланиб, муносабатларга ойдинлик киритишга киришишди ва ўйинда тўхталишлар юзага келди.

Вилям Ролдан истаса кимнидир майдондан четлатиши ҳам мумкин эди, аммо колумбиялик тажрибали арбитр ўзаро суҳбатлар ва огоҳлантиришлар орқали футболчилардаги эҳтирослар оловини ўчиришга эришди.

Меҳмонлар эса яна футбол ўйнай бошлади ва ҳақли равишда ҳисобни очишди. Алварес жарима зарбаси ижро этилганида қулай вазиятда тўғри зарба бера олмаганидан кейин ҳужум қилиш навбати уругвайликларга келди. Нунеснинг ҳимоячилар орасидан ўтказиб берган паси голли бўлмаган бўлса-да, бурчак яқинида тўп учун курашда Виня Молинани ортда қолдириб, қарама-қарши томондан жарима майдонига ёриб кирган Роналд Араухони голли пас билан таъминлади.

Лионел Скалони бунга танаффусда алмаштириш қилиш билан жавоб берди, Мак Аллистер ўрнига Лаутаро Мартинес туширилди. Кўп ўтмай Ди Мария ҳам ўйинга қўшилди, рақибга босим кучайган бўлса-да, уругвайликлар дарвозасига ҳақиқий хавф Мессининг стандарт вазиятларидан кейингина юзага келди. Бир сафар унинг зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига бориб тугди. Кейин эса Лаутаро бош билан хавфли зарба йўллади, аммо Уругвай фақат ҳужумларни қайтариш билан шуғуллангани йўқ. Аксинча, айтиш мумкинки, Марсело Биелса қачондир футболчи сифатида унинг бошқарувидаги «Албиселесте»да дебют қилган Скалонини ҳар жиҳатдан тор-мор этди.

Меҳмонлар жамоа сифатида сифатли ўйнашди, ўйин эса, амалдаги жаҳон чемпионлари учун оғриқли тарзда бўлса-да, мантиқий якунланди. 87-дақиқада Месси марказдан жарима майдонига ёриб киришга ҳаракат қилди, аммо тўпни олдирди, бошланган қарши ҳужумни эса Нунес гол билан якунлади. Дарвин бир ой ичида Бразилияга ҳам, Аргентинага ҳам гол урди, шундай экан, Суарес тўққизинчи рақамни бемалол ўз ворисига топширса бўлади.

Уругвай бу турга қадар нафақат очко йўқотмаган, балки бирор марта гол ўтказмаган пешқадамни тўхтатди ва гуруҳда иккинчи ўринга кўтарилди. Эътиборли жиҳати, Скалони даврида Аргентина фақат учта уй учрашувида гол ура олмаган ва бу ўйинларнинг барчаси афсонавий «Монументале» ўйингоҳида ўтказилган. Майдонга барибир туширилмаган Суарес эса саралаш ўйинларида 12-уринишда Месси устидан ғалабага эришди. У бунгача жамоаси билан аргентиналикларга қарши тўрт дуранг қайд этиб, етти бор ютқазганди.

Тарих учун ўйин ва Винисиуснинг жароҳати

Колумбия — Бразилия 2:1
Голлар:
Диас (75, 79) — Мартинелли (4). 
Колумбия – Варгас, Мунос, Санчес, Лукуми, Мачадо (Борха, 46), Хамес, Урибе (Синистерра, 46), Карраскал (Риос, 74), Кастанё (Лерма, 83), Диас, Борре (Кордоба, 68).
Бразилия – Алиссон, Эмерсон, Маркинос, Габриэл (Дуглас Луис, 82), Лоди (Пепе, 81), Гимараэс, Андре, Рафиня (Эндрик, 82), Винисиус (Жоао Педро, 27), Родриго (Паулиньо, 69), Мартинелли.
Огоҳлантиришлар: Санчес (20), Лоди (78), Пепе (90).

Октябр Бразилия учун даҳшатли ой бўлганди. Биринчидан, пентакампеонлар икки ўйинда атиги бир очко билан кифояланди. Иккинчидан, айнан ўшанда Неймар оғир жароҳат олди. Шундай экан, жамоанинг вақтинча бош мураббийи Фернанду Диниз «Флуминенсе» бошқарувида Либертадорес Кубогида қайд этилган триумфдан кейин миллий жамоада кичик инқилоб амалга оширишига тўғри келди.

Уч турда учинчи бор бир хил латераллар (Эмерсон ва Ренан Лоди), «Флу» ҳавбеки Андре Нету таянч зонада, Габриэл Мартинелли ва Рафиня ҳужум қанотларида, «Реал»нинг тезкор форвардлари Родриго — Винисиус Жуниор марказда. Худди келгуси ёзда Бразилияга бош мураббий бўлиб бориши айтилаётган Карло Анчелотти таркибни шакллантириш бўйича қарор қабул қилишда иштирок этаётгандек. Меҳмонлар тажовузкор дебютга урғу қаратишганди, натижада товон орқали паслардан кейин Винисиуснинг «шведка» услубидаги паси билан амалга оширилган ҳужум Мартинеллининг қайтариб бўлмас зарбаси билан якунланди.

Лекин Бразилия шу суръатда ўйинни давом эттира олмади. Бўлим ўрталарида жамоа Винисиусдан айрилди, у олдинги жароҳатларидан тикланиб, эндигина формасини тиклай бошлаганди. Аммо, майдондаги кейинги воқеалар шу йўқотиш билан изоҳланмайди. Шунчаки Колумбия тезкор голдан кейин ўзини йўқотмади, ташаббусни қўлга олди ва Луис Диаснинг жавоб голидан кейин бутун дунё хурсандчилик қилди.

Бу ниҳоятда таъсирли лаҳза жди, чунки «Ливерпул» вингери миллий жамоалар ўйинлари муносабати билан қилинган танаффус туфайли ниҳоят ўғирлаб кетилган ва 12 кунлик асирликдан қутқарилган отаси билан кўришиш имконига эга бўлганди. Тўрт дақиқа ичида мағлубиятни ғалабага айлантирган Луис голларини ўзининг энг севимли кишисига бағишлади, трибунада ўтирган отасининг кўз ёшлари эса саралаш босқичининг бешинчи туридаги асосий саҳнага айланди.

Бу икки карра тарихий ўйин эди. Биринчидан, сафида 17 ёшли Эндрик дебют қилган Бразилия саралаш босқичида тарихда илк бор кетма-кет икки ўйинда ютқазди. Иккинчидан, Колумбия пентакампеонларни ҳеч қачонн бундай мақомдаги ўйинда мағлуб этмаганди.

Голсиз дуранглар ва Боливиянинг ғалабаси

Венесуэла — Эквадор 0:0
Венесуэла – Ромо, Гонсалес, Анхел, Макун (Феррареси, 84), Наварро, Мартинес (Ринкон, 84), Эррера (Отеро, 58), Кассерес (Кастильо, 84), Сотелдо, Соса (Мачис, 71), Рондон.
Эквадор – Домингес, Пресиадо, Торрес, Пачо, Инкапиэ, Сорноса (Хулио, 86), Франко, Сифуэнтес (Ортис, 90), Кайседо, Паес (Мена, 70), Родригес (Кампана, 71).
Огоҳлантиришлар: Анхел (9), Инкапиэ (12), Сифуэнтес (31), Франко (79), Мартинес (79).

Бу ўйин натижаси анча қизғин ўтган ўйин характери жиҳатидан ҳам, статистика нуқтайи назаридан ҳам эътиборга молик. Гап шундаки, Венесуэла ва Эквадор ўзаро 32 ўйин ўтказган ва шу вақтгча ҳеч қачон голсиз дуранг қайд этилмаганди. Мантиққа кўра, бу сафар ҳам бунақаси бўлмаслиги керак эди. Меҳмонлар тезкор гол ҳам уришди, аммо бу бир сантиметрлик офсайд туфайли бекор қилинди. Ёрқин вазиятлар ҳам бўлди, Кайседо тўпни эгаллаб олгач, олдинроққа чиқиб кетган дарвозабоннинг устидан ошириб ташлашга уринди. Якун эса кимнидир қаноатлантиргани даргумон. Венесуэлаликлар гуруҳ етакчилари орасидаги позициясини мустаҳкамлаш имкониятидан фойдалана олмади, эквадорликлар эса ЖЧ-2026 иштирокчилари омадсизларини ажратиб турган чегарада ўзини хотиржам ҳис эта олмайди.

Чили — Парагвай 0:0
Чили – Кортес, Диас, Медел, Марипан, Суасо, Эчеверрия (Мендес, 61), Пулгар, Давила, Бреретон (Аравена, 61), Санчес, Пизарро.
Парагвай – Карлос, Рохас, Гомес, Алдерете, Эспиноса, Кубас, Вилясанти (Кабалеро, 63), Гомес (Соса, 62), Рохас, Авалос, Санабрия (Касерес, 45).
Огоҳлантиришлар: Марипан (22), Гомес (38), Кабалеро (71).
Четлатишлар: Рохас (44), Мендес (89). 

Бу учрашувда эса голсиз дуранг кутилган натижа эди. Парагвайга гол уришдан гол ўтказмаслик қулайроқ. Чилиликлар эса доимий инқирозда ва уларнинг ўйинида ёрқин паллалар деярли бўлмаяпти. Бу сафарги ўйинда улар бутун бир бўлим давомида сон жиҳатдан устунликдан фойдалана олишмади. Якунда эса икки жамоа учрашувни тенг таркибда тугатишди – иккинчи бўлимда майдонга тушган ҳавбек Мендес ўйин якунига бир неча дақиқа қолганида тўпга ўйнаган бўлса-да, инерция билан ҳаракатланишда давом этиб, бутсасининг таг қисми билан рақиб оёғига зарба бериб юборди.

Боливия — Перу 2:0
Голлар:
Г.Вака (20), Р.Вака (87). 
Боливия – Вискарра, Кинтерос, Сагредо, Акин, Фернандес, Хустиниано, Р.Вака (Бехарано, 90), Терсерос (Рамалё, 46), Г.Вака (Арраскайта, 57), Морено (Рейносо, 76), Алгараняс (Вилярроэл, 57).
Перу – Галесе, Корсо (Флорес, 81), Самбрано, Каленс, Лопес (Пенья, 69), Йотун, Тапия, Киспе, Санелатто (Рейна, 57), Лападула (Герреро, 56), Грималдо (Адвинкула, 69).
Огоҳлантиришлар: Хустиниано (30), Каленс (34), Вака (45), Адвинкула (87), Галесе (87), Рейна (90).

Саралаш босқичини қаторасига тўрт мағлубият билан бошлаган Боливия ниҳоят ўз мухлисларини илк ғалаба билан қувонтирди. Жамоа жаҳон чемпионати учун саралаш турнирларида ропп-роса икки йилдан буён ғалаба қозонмаганди ва уй учрашувларидаги қаторасига тўрт мағлубиятдан иборат серия қайд этганди. Ҳамиша боливияликларнинг устунлиги саналган баланд тоғлар орасидаги Ла-Пас рақибларни ортиқ чўчитмай қўйганди. Энди эса тоғлар сеҳри қайтдими? Бунга жавобни кейинги турда билиб олиш мумкин. Ҳозирча Боливия сўнгги ўриндан кўтарилди ва у ерга «инклар»ни тушириб юборди.

* Эквадорга ҳимоячи Байрон Кастилио сохта ҳужжатлардан фойдалангани учун уч очколик жарима қўлланган.

22 ноябр. Аргентина — Бразилия, Уругвай — Боливия, Парагвай — Колумбия, Перу — Венесуэла, Эквадор — Чили.

Мавзуга оид