Ўзбекистон | 11:02 / 17.11.2023
17635
10 дақиқада ўқилади

Янги авлод дарсликлари: жамоатчиликни қизиқтираётган саволлар, хатолар ва яхши натижаларга умид – вазир ўринбосари билан очиқ суҳбат

Мактабларнинг бошланғич синфлари янги авлод дарсликлари асосида дастлабки чоракни якунлади. Kun.uz дарсликларнинг "мураккаб мавзулари", хатолари ва жамоатчиликда туғилган баъзи саволлар юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев билан суҳбатлашди.

Ҳар давр учун инсонларнинг илм олиши ўта муҳим масала бўлиб келган. Айниқса, боланинг жамиятда ўз ўрнини топиши, келгусида ўзининг ижтимоий, иқтисодий ҳамда фуқаролик ҳаётида фаол иштирок этишида боғча ва мактаб таълимининг аҳамияти беқиёс. Чунки айнан шу ёшлар оралиғида бола ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қилади.

Хўш, бугунги ўзбек мактабгача ва мактаб таълими қай ҳолатда? Нималар қилиняпти-ю, яна нималарни эътибордан қочиряпмиз? Бугун айни мавзу атрофида кўпчиликни қийнаб келаётган саволларга жавоб олиш учун Kun.uz Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев билан суҳбатлашди.

– Суҳбатни мактаб таълимидаги энг кўп муҳокама қилинган мавзудан бошламоқчиман, яъни дарсликлардан. Президентнинг 134-сонли фармони асосида хорижий донорлар кўмаги билан яратилган, 2024 йилгача тўлиқ жорий қилиш топширилган Миллий ўқув дастурининг ва у асосида яратилган дарсликларнинг тақдири нима бўлади? Улардан нима асосида воз кечилмоқда?

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев

– Авваламбор, 134-сонли фармоннинг ўзига тўхталадиган бўлсак, бу миллий ўқув дастурини айнан ҳозирги сиз бераётган нарсанинг мазмуни жиҳатидан тасдиқлаш дастури бўлмаган. Бу ўша вақтдаги халқ таълимини кейинги 5 йилда ривожлантириш дастури деб номлаган эди. Унинг ичида таълим дастури, яъни миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва уни босқичма-босқич жорий этиш ҳақидаги банди бор эди. Яъни миллий ўқув дастури ва унинг асосида болага бериладиган билим-кўникма, ишлаб чиқиладиган дарслик, методика ва бошқа нарсалар... Бу 134-сонли фармон кейинги 5 йилга тизимни ривожлантириш миллий дастури ҳисобланади.

Мана шу ҳужжатнинг бандида хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликда миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш белгиланган. Ўзи миллий ўқув дастури нима деган саволга аниқлик киритиб олайлик. Бу бир нечта ҳужжатдан иборат бўлган, яъни ўқув дастурлари, ўқув режа, баҳолаш мезонларидан иборат бўлган дастур ҳисобланади. Уни ишлаб чиқиш босқичма-босқич синфлар, фанлар кесимида бўлиши белгиланган. Ҳужжат иловасида вазирликка режасини тасдиқлаш вазифаси ҳам қўйилган. Яъни йиллар кесимида қайси синфда нима ишлаб чиқилади, шунга мос равишда дарслик, методикани ишлаб чиқишни белгилаш вазирликка ваколат сифатида қўйиб кетилганди. Унда бола қайси синфда қайси кўникмани ўрганиши, унга қайси мавзуларни ўргатиш белгилаб берилади. Мана шу ҳужжатни ишлаб чиқишда бир қатор экспертлар иштирок этган. Бу ҳужжат бирданига ҳамма синф учун ишлаб чиқилмаган ва у ҳалиям ишлаб чиқиш жараёнида. Сабаби шунга мос равишда босқичма-босқич дарсликларни ишлаб чиқиш вазифаси 2021 йилда ҳам, 2022 йилда ва бугун ҳам ўзгаргани йўқ.

Ана энди 2-қисмига келамиз, хорижий донорлар асосида ишлаб чиқилиши белгиланган методикалар, дарсликлар масаласи нима бўлади? Бу савол ҳам кўп кўтарилган эди, яъни улардан воз кечиладими? Улардан ҳеч ким воз кечгани йўқ, сабаби сизга бу борада мисолларни ҳам келтиришим мумкин. Бу ерда аниқ мисоллард гапирамиз. USAID ташкилоти ёрдамида ишланган инглиз тили ва информатикани Cambridge дарсликлари тизимини жорий қилиш масаласи бор, шу ташкилотдан 5 йил учун Ўзбекистон лицензия сотиб олган ва бу дарсликлар ҳозирда амалда.

Мен нимани назарда тутаётганингизни тушуниб айтяпман, асосий мисол учун, математика, она тили, тасвирий санъат ҳақида гапирсак, бу дарсликлар янгиланди, уларни босқичма-босқич жорий қилиш масаласи қўйилганди. 4-синф дарслигини вазирлик ҳузуридаги марказ (Республика таълим маркази) яратмаган эди, йўқ эди. Халқаро тажрибалар асосида янги дарсликларни жорий қилиш бўйича тақдимотлар ўтганидан кейин, уларни жорий қилиш масаласи қўйилганидан сўнг, ўқув дастури такомиллаштирилиб, вазирлик томонидан тасдиқланди. Ҳозир вазирликнинг 280-сонли буйруғи билан ўқув дастури такомиллаштирилган ҳолда сентябрдан бошлаб 1-4-синфнинг янги дарсликлари жорий қилинди.

– Усмон ака, ҳозир айтяпсиз: миллий ўқув дастури такомиллаштирилиб, шу асосда янги дарсликлар жорий этилди деяпсиз. Олдинги ўқув дастури ҳам фармонга асосан тасдиқланганди, 2024 йилгача тўлиқ жорий этилиши белгиланганди. Шу ўқув дастурига асосан 1-3-синф дарсликлари жорий этилганди, бу йилги 2, 3, 4-синф ўқувчилари ўтган йили бутунлай бошқа дастур асосида яратилган дарсликларни ўқиганди.

Ўзи бор бўлган, мутахассислар билан ишлаб чиқилган ва фармон, қонуний ҳужжат билан тасдиқланган дастурдан воз кечиб, янгисига эҳтиёж нима сабаб пайдо бўлди?

– Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бўлганди, декабр ойидан бошлаб тугатилиб, ярим ваколати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига, қолгани олий таълимга ўтди. Улар томонидан ўтказилган халқаро тадқиқотлар андозасидаги тадқиқотлар ёки ҳақиқий халқаро тадқиқотларнинг натижасидан келиб чиқиб, масалан, яқинда PISA натижалари эълон қилинади, болаларимизнинг натижаси яхши эмас. Шу натижалар дастлабки хулосаларидан келиб чиқиб, такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Эски, янги дарсликлар масаласи фақат дарслик муаллифига қизиқ бўлиши керак, менимча. Чунки биз барибир дастур ва кўникмадаги таълим бериш жараёни ҳақида ўйлашимиз керак. Лекин агарда шу кўникмани яхшироқ, оддийроқ керак бўлса оғирроқ шаклда беришга эҳтиёж бўладиган бўлса, уни ўзгартиришга тўғри келади. Лекин дарсликнинг ичи, муаллифи ўзгариши иккиламчи бўлиши керак.

– Бевосита дарсликларнинг таълим жараёнига алоқадор қисми ҳақида гаплашсак. Ижтимоий тармоқларда ота-оналар, ўқитувчилар болалар бу йилги дарсликларни "ҳазм" қила олмаётгани, ҳатто ўқишдан безиб қолаётгани ҳақида ёзишмоқда.

Бу дарсликлар ўзи қайси дастур асосида яратилган, дастурнинг узвийлиги, ўқувчи ёшига мослиги, ўқишдан бездирмаслиги масалалари таҳлил қилинганмиди?

– Дарсликлар вазирлик томонидан тасдиқланган дастур асосида ишлаб чиқилди. Энди унинг жорий қилиниши ёки оғирлик даражасини бир ой ичида фақат ўқитувчилар айтиши мумкин, қайси маънода, чунки ота-она ва болалар ҳали дарсликни охиригача ўқиб чиқишмаган, унинг нега ундай эканлиги ҳақида фикр билдириши қийинроқ. Биринчиси, албатта, саволли ёки баҳсли масаласини ўқитувчи кўтаради, чунки у олдинги дарсликни ҳам кўрган. Ҳозирги ота-оналар фарзанди каттароқ синфда ўқиётган бўлса, аввалгиси билан солиштириши мумкин, аммо бевосита боланинг ўзида бундай имконият йўқ.

Эътирозларни 2 тоифага бўлсак. Биринчиси асослилари, улар ҳам бор, сони кам эмас. Улар устида тизимли ишлар олиб борилади. Иккинчиси асосли бўлмаган эътирозлар ҳам мавжуд. Ўқитувчиларнинг ўзи маълум бир ўзгаришни истамагани, ўзи ўрганган жараённи ҳар йили давом эттиришга ўрганиб қолгани сабаби. Булар энди субъектив. Чунки кимгадир ёқиши мумкин, яна кимгадир эса йўқ. Ҳақиқатан оғир дарсликлар эканини маълум бир мониторинглар ўтганидан кейин айта оламиз. Чунки дарсликни очиб, “э, бу оғир экан, бола “ҳазм” қилмаяпти”,– дейишга эрта, сабаби ўқув йилининг ўзи якунлангани йўқ ҳали. Лекин нимага оғир деган савол пайдо бўляпти, мен бунга биринчи саволда ҳам жавоб беришга ҳаракат қилдим. Яъни халқаро тадқиқотда тушаётган саволларни, умуман бутун дунёда болаларга берилаётган билим ва кўникмалардан бизнинг ўқувчилар ортда қолаётгани йўқ эмас.

Фақатгина халқаро тадқиқотлар, баҳолаш синовларида яхши натижа кўрсатайлик деб қилинадиган ният эмас, ўқувчиларимиз тайёр бўлиши учун халқаро тадқиқотда бериладиган саволга мос равишда табиий фандан бўладими, ўқиш саводхонлиги, математика каби аниқ фанлардан бўладими, шуни дарсликка киритишимиз керак. Шу вақтгача бўлган дарсликларда бу бўлмаган. Бизнинг ўқитувчилар олий таълим жараёнида буни ўрганмаган. Тўғри, уларга бу қийин бўлиши эҳтимоли катта. Шунинг учун бу битта масала.

Иккинчи масала, балки, биз вазирлик томонидан ўқитувчиларга тушунтириш жараёнлари кечга қолаётгани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Математика мисолида айтсак, жуда оғир, жуда кўп деган эътирозлар айтилмоқда. Ўқитувчининг методика дафтарига қарайдиган бўлсак, ҳамма ўқувчилар дарсликдаги ҳамма мисолларни ишлаб чиқиши керак деган нарсадан иборат эмас. Мисол учун, дарсликнинг маълум бир қисми ҳамма учун, стандарт бўйича ҳам ўзлаштириши керак бўлган масала, саволлардан иборат. Ундан кейингилари алоҳида яна иқтидорли бўлган, кўпроқ изланишни истовчи ўқувчилар учун ишлаб чиқилган масалалар ҳисобланади. Бу масалалар битта китобда бўлгани учун айрим устозларимизда уни ҳамма ечиши керак, ҳамма ўрганиши керак деган фикр ҳам пайдо бўлаётган бўлиши мумкин. 

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид