Жамият | 18:02 / 18.11.2023
32179
4 дақиқада ўқилади

«Илм сабаб яхши натижаларга эришдик» – тракторчиликдан бой фермер даражасига чиққан Риштон қизи ҳикояси

«Орамиздаги одамлар» рукнининг бу галги қаҳрамони оддий деҳқон оиласида туғилган риштонлик Гулираъно Холиқова. У 13 ёшидан буён трактор минади. Аграр соҳада олий таълим олгач отаси фермерликни унга топширди. Фарғона шаҳрига келин бўлиб тушган Гулираъно шахсий автомобилида ҳар куни 70 километр йўл босиб, ўзи раҳбарлик қиладиган фермер хўжалиги дала майдонига келади. У дала ишларидан ортиб келинлик вазифаларини ҳам уддалаётганини айтади.

“Тракторга ўтирганимда биринчи ҳайдашни ўрганган пайтларим эсимга тушади. Т-28 тракторимиз бўларди, ўшанда ўргандим. 13-14 ёш пайтларим эди, педални босишга кучим етмасди. Умуман, техникага қизиқишим мактабга чиқмасимдан бошланган.

Гулираъно Холиқова

Мактабни тамомлаганимдан кейин техника ўрганиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун авто-транспорт коллежига ўқишга кирдим. Одам барибир ўзи яхши кўрган ишини қилиши керак. Фермер хўжалиги раҳбари бўлсам ҳам, трактор ҳайдаб тураман, яхши кўраман шуни.

Ўз вақтида ишонмаганларга шу ишларни қилишимни исботламоқчи бўлиб тиришганман. Кўпчилик бундай оғир техникаларни бошқариш қийин, оғирлик қилмайдими, деб сўрайди. Енгил автомобилдан кўра трактор бошқариш осон туюлади. Одамларнинг салбий фикрларига эътибор бермаганман, ҳозир энди кўпчилик ҳавас қилади.

Турмушга чиққанимга бир ой ҳам бўлгани йўқ. Турмуш ўртоғимдан фикрини сўраганман бошида. Улардан хурсанд қиладиган жавоб олдим. Мени қўлловчи инсон бўлиб қўшилди турмуш ўртоғим. Касбингизни, ҳамкасбларингизни ҳурмат қиламан, дегани мени руҳлантирди.

Келажакда фарзандим шу касбга қизиқса, қаршилик қилмайман. Умуман, болаларимни ўзи севган касбига йўналтиришни ният қиламан, менинг ота-онам ҳам шундай қилган”, – дейди у.

Йўлчибой ака қизи туфайли фермер хўжалигида юқори натижаларни қўлга киритганини таъкидлади:

Йўлчибой Холиқов Гулираъно билан

“Ўғлим йўқлигидан хафа бўлмайман. Қизим ўнта ўғилнинг ўрнини босади, қилаётган ишларини халқ кўриб турибди. Барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникасини бошқара олади. Қизимни қишлоқ хўжалиги соҳасида ўқитганимдан афсусланмайман. Ўзим ҳам фермер бўлганман, лекин қизимдек натижаларга эришганим йўқ эди.

2016 йилдан бери фермер хўжаликни ўзи бошқаради. Ишларни илм билан қилаётгани учун яхши натижаларга эришяпмиз. Қишлоқ хўжалигида 20 йилдан ортиқ ишлаб, 100 фоиз режани бажарганим йўқ эди, лекин қизим буни уддалади.

Икки фарзандим ҳам қиз. Катта қизим унча қизиқмасди техникага. Лекин Гулираъно жуда ишқибоз. 4-синф пайтлари машина мина оларди. Далада ишлаётганимда менга тушлик олиб келганда техникаларни миниб кўриб, кейин уйга кетарди. Ҳозир қизимга тўлиқ ишонаман, шу соҳанинг мутахассиси у, билади. Турмушга чиққан бўлса ҳам, барибир ўзи бошқаради фермер хўжаликни. Ўзининг шахсий автомобили бор, қишлоққа қатнаб, фермер хўжалигини бошқаряпти. Қизим билан фахрланаман, ўнта ўғил қилмаган ишни қилади”, – дейди Йўлчибой ака.

Гулираънонинг онаси Озода опа ҳам трактор бошқара олар экан.

Озода опа Холиқова

“Ўзим ҳам трактор бошқара оламан, ҳозир ҳам ҳайдаб тураман. Техникага қизиқиш менда ҳам бўлгани учун қизимга ўтган деб ўйлайман. Ёшлигимда қўшнимизнинг тракторини ҳайдаб кўрардим.

Ўғилнинг ўрнини босадиган қизларим бор, шукр. Кўп нарса қўлидан келади. Дала ишлариниям қилади. Ўғлим йўқ деб хафа бўлмаганман, ўғил ўрнини билдиришмади қизларим. Ҳажга ҳам жўнатишди. Фермер хўжаликни ҳам чиройли юритишяпти”, – дейди у.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Асрор Алмуродов

Мавзуга оид