Ўзбекистон | 18:34 / 18.11.2023
14533
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда молиявий пирамида ташкил этган корхона аниқланди

Унинг ходимлари ижтимоий тармоқда олдиндан 20 фоиз тўлов қилиб, 5 хил турдаги кредитни узоқ муддатга олиш мумкинлиги ҳақида эълонлар берган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд шаҳри бўлими томонидан фуқароларнинг мурожаатларига асосан ўтказилган терговга қадар текширувида молиявий пирамида ташкил этган корхона аниқланган.

Қайд қилинишича, бир қанча фуқаролар «Samarqand credit» номли корхона ташкил этиб, фуқароларнинг маблағларини жалб этишга доир фаолиятни амалга оширган. Улар ижтимоий тармоқда олдиндан 20 фоиз тўлов қилиб, 5 хил турдаги кредитни узоқ муддатга олиш мумкинлиги ҳақида эълонлар берган. 45 нафар фуқарога кредит ажратиш эвазига 20 фоизлик дастлабки тўлов сифатида жами 479 млн сўм нақд пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 188-1-моддаси (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид