Ўзбекистон | 11:16 / 20.11.2023
35582
4 дақиқада ўқилади

Тунда чақирувга борган “Тез ёрдам” шифокори ёлғиз аёлга жинсий тажовуз қилгани айтилмоқда

Тармоқларда ёзилишича, кичик ёшдаги фарзанди билан ёлғиз яшовчи тошкентлик аёл шифокорнинг ушбу ҳаракати юзасидан ИИБга мурожаат қилган. Бироқ профилактика инспектори бу ҳолатга гўёки “арзимас”, “исботлаш қийин бўлган” ишдек муносабатда бўлган. Чақириққа борган тез тиббий ёрдам фелдшерининг иш фаолияти бўйича эса хизмат текшируви тайинланган. 

Фото: Kun.uz

Блогер ҳамда Адлия вазирининг маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ҳали гўдак бўлган фарзанди билан ёлғиз яшайдиган олима аёлга тунда чақирилган тез ёрдам шифокори жинсий зўравонлик қилгани ҳақида ёзди. Таъкидлашича, аёл тоби қочгани сабабли “Тез ёрдам” чақирган ва имкон қадар аёл шифокор жўнатишларини сўраган. 

“Бир жуда ёмон воқеа ҳақида мурожаат бўлди. Мурожаатчи ўзим шахсан танийдиган аёл, университетда дарс беради, хорижий тиллар бўйича PhD қилмоқчи, олима. Ёлғиз она, ўғлини ўзи катта қиляпти. Ўғли ҳали гўдак.

Шу пайшанба — 16 ноябрга ўтар кечаси тоби қочган ва “Тез ёрдам” чақирган. Ёлғиз ўзи ёш боласи билан яшагани ва кечқурун бўлгани учун иложи бўлса аёл шифокор сўраган. Лекин икки соатда ҳам аёл шифокор топилмагани учун тунги соат 00:15да эркак шифокор бир ўзи кириб келган. Учта шприцда укол қилган. Охиргисини қилаётган пайтдаёқ аёл ўзини ғалати ҳис қила бошлаган. “Миям бирдан маст одамникидай гаранг бўлиб қолди, осмонга учаётгандек бўлдим. Эс-ҳушим жойида, лекин оёқ-қўлим бўшашиб ўзимга бўйсунмай қолди”, деди.

Хуллас, “Тез ёрдам” шифокори аёлнинг ожизлигидан фойдаланиб, унга ножўя қилиқлар қилган, қўли билан жинсий зўрлаган. Яна кўпроқ ишлар қилмоқчи бўлган-у, аёл ҳоли борича қаршилик қилавергач, ниҳоят кетган.

Аёл эртаси кечгача хаёли ўзида бўлмаган, кечга бориб нима бўлганини англаб, бонг ура бошлаган. Лекин “102”га қўнғироқ қилингач келган участка нозири етарли тезкорлик кўрсатмаган, аёлга “барибир исботлашингиз қийин”, деб мурожаатидан воз кечишга ундаган. Аёл қатъият кўрсатгач, судмедэкспертизага йўлланма берган. Бу жума куни кечқурунги гап.

Аёл судмедэкспертизага борган, иш куни тугаб қолгани учун иши битмаган. Эртаси шанба ҳам шу аҳвол. Судмедэкспертиза, наркологияга бориб вақти зое кетган (қизиқ, улар ҳафтада 5 кун соат 4 гача ишласа, бошқа вақтларда қилинган жиноят излари душанбагача кутиб ўтирадими?). “Участковой” эса ҳамон “барибир исботлай олмайсиз” позициясида шекилли, етарли ҳаракат қилмай, аксинча, аризани қайтариб олиш ҳақида гап очяпти нуқул. “Тез ёрдам” қолдириб кетган шприцлардаги модда қолдиқларини ҳам ҳеч ким эътиборга олмаяпти. Порталга қилинган қўнғироқлар, мурожаатлар охиригача эшитилмай қўйиб қўйиляпти. Аёл ишонмаяпти адолатга, лекин уни топмоқчи, шундан жуда жонсарак.

Аёлнинг аҳволи жуда ёмон, ҳам ўша “шифокор”нинг ифлос ишидан хўрланган, ҳам бу сусткашлик ва эшикма эшик тўпдек тепилишлардан чарчаган.

Ўзи жинсий жиноятлар кўпда очилмай қолиши ва давом этаверишининг сабаби ҳам шуки, қурбонга жуда қийин бўлади ниманидир исботлаш ва айни пайтда бу хўрлик ва сарсонликларга чидаш”, дея таъкидлаган Шаҳноза Соатова.

Журналист ИИВ масъуллари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовга ҳам мурожаат қилиб, вазиятга жиддий қарашни сўраган ҳамда ҳолатга эътиборсизлик бўлса зўравонлар арқони баттар ечилиши мумкинлигидан хавотирини билдирган. 

Республика Тез тиббий ёрдам маркази матбуот котиби чақириққа борган тез тиббий ёрдам фелдшери О.М.нинг иш фаолияти бўйича хизмат текшируви тайинланганини билдирган.

Мавзуга оид