Иқтисодиёт | 16:03 / 23.11.2023
21779
2 дақиқада ўқилади

Жаҳонда нефт нархи 80 доллардан пастга шўнғимоқда

OPEC+ энергетика вазирларининг юзма-юз учрашувини 26 ноябрдан 30 ноябрга кечиктириши тўғрисидаги хабарлар фонида Brent нефти котировкалари 4 фоизга пастлаган ва нефтнинг бир баррели 82 доллардан 79 долларга тушган.

Фото: REUTERS/Dado Ruvic/File Photo

Расман нефт нархи пасаяётганининг сабаблари маълум қилинмаяпти, бироқ Bloomberg нашри ёзишича, Саудия Арабистони картелнинг бошқа иштирокчилари нефт қазиб олиш бўйича зиммасига олган мажбуриятлардан норози. Экспертлар учрашувдан қазиб олишни қисқартириш ёки квоталарнинг келгусида қирқилишини кутишаётган эди.

Reuters маълумотларига кўра, шу ҳафта ичида OPEC+ нефт своплари бўйича энг йирик брокер Onyx Capital Group ижрочи директори Грег Нюманнинг докладини тинглаган. Докладда қайд этилган асосий мазмун шундан иборатки, бозор «айиқ уйқуси» даврига киришмоқда, боз устига, ноябр ойи савдоларида нархлар тушиши ҳисоб-китобларига реал сектор — нефт компаниялари ва авиаташувчилар ҳам қўшилган.

Шу ҳафта ичида Goldman Sachs Россия ва Саудия Арабистони 2024 йилнинг биринчи чорагида нефт қазиб олишни қисқартириши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. OPEC+ томонидан қазиб олишни қисқартириш эҳтимолини инвестицион банк 35 фоизга баҳолаган. Қисқартириш ҳажми суткасига 0,5–1 млн баррелни ташкил этиши мумкин.

Аввалроқ АҚШ томонидан Россиянинг 14 компанияси ва учта нефт ташувчи кемасига қарши санкциялар киритилгани эълон қилинган эди.

Мавзуга оид