Сўнгги 36 йилда 48 минг ўзбекистонликда ОИТС аниқланган – Санэпидқўм
Энг кўп ОИТС юқтирганлар Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида қайд этилган.
1 декабр – Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш кунига бағишланган матбуот анжуманида хақаларо миқёсда ва Ўзбекистонда ОИВ инфекциясига қарши олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 1987-2023 йиллар оралиғида ОИТС инфекциясини юқтирганлар 48 мингдан ортиқлиги аниқланган. Шунинг энг катта фоизи Тошкент вилояти – 20,1 фоиз, Тошкент шаҳри – 18,3 ва Самарқанд вилояти – 11,2 фоизга тўғри келади.
Маълум қилинишича, ОИВ инфекцияси билан касалланган беморнинг қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришилса, унинг касаллик юқтириши чекланади ва атрофдагилар учун хавфли ҳисобланмайди. Яъни бу касалликни бошқаларга юқтириш хавфи камаяди.
Бунга эришиш учун Ўзбекистонда 177 мингдан ортиқ аҳоли ўртасида Экспресс тест билан ОИВга тезкор текширувлар ўтказилган. 40 минг нафардан ортиқ бемор вирусга қарши терапия билан қамраб олинган. Бунинг учун давлат бюджети ҳамда ОИТС, безгак ва силга қарши кураш бўйича Глобал жамғарма маблағлари ҳисобидан қарийб 7 миллион АҚШ доллари миқдорида ретровирусга қарши дори воситалари харид қилинган.
Тадбирда ОИВни камайтириш учун халқаро миқёсдаги чораларга ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидланишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилгача ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун «95-95-95» стратегияси йўлга қўйилган.
Бу стратегия ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсларнинг 95 фоизи ўзининг ОИВ статусини яъни организмида ОИВ мавжудлигини билиши, 95 фоиз махсус даволаш курслари (РҚТ) билан қамраб олиниши ва 95 фоизи қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишини мақсад қилган.
Мавзуга оид
23:55 / 26.11.2024
Дунёда ОИВга чалиниш ва ундан ўлим 12 йил ичида кескин камайди — тадқиқот
13:50 / 22.10.2024
Олимлар ОИВ билан касалланган одамлар ўртасида буйрак кўчириб ўтказиш хавфсизлигини исботлади
15:00 / 15.04.2024
Икки нафар ОИВ инфекцияли беморга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
07:22 / 28.07.2023