Газланган ичимликларга акциз солиғи жорий этилиши “қора бозор”нинг авж олишига сабаб бўлиши айтилди
Жорий йилнинг ноябр ойида ҳукуматнинг 2024 йил 1 апрелдан бошлаб ўз таркибида шакар бўлган ичимликлар учун акциз солиғини жорий этиш режалари жуда кўпчилик тадбиркорларни ҳайратига сабаб бўлди. Ўзбекистон алкоголсиз ичимликлар ва шарбат ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ижрочи директори, халқаро муносабатлар ва Европа тадқиқотлари фанлари магистри Алфия Мусина бу ҳолат қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди.
Алфия Мусинага кўра, алкоголсиз ичимликлар ва шарбатлар ишлаб чиқарувчилари шакар истеъмолини камайтириш, қандли диабет ва ортиқча вазнга қарши курашишга қаратилган барча режаларни мамнуният билан қабул қилади. Аммо табиий савол туғилади: нега бундай муҳим ҳужжатни тайёрлашда ва аҳоли саломатлигини яхшилаш бўйича жиддий мақсадларни қўйишда Мурожаатнома муаллифлари соҳа вакиллари билан ҳеч қандай мулоқот олиб боришмаган? Тегишли мутахассислар билан маслаҳатлашувлар ўтказилмаган, турли мамлакатлар тажрибаси чуқур ўрганилмаган. Ҳеч ким бу масалани тадбиркорлар билан муҳокама қилишни хоҳламади.
Мусинага кўра, ўрнатилган акциз солиғи шакар истеъмолини камайтирмайди, шунчаки ортидан оғир иқтисодий оқибатларни келтириб чиқаради — нарх ошади ва кўплаб инвестициявий дастурларнинг қисқаришига олиб келади. Нархларнинг ошиши эса охир оқибатда ҳаммаси яна халқнинг чўнтагига қўшимча харажат бўлади.
Мазкур акциз солиғи жорий қилинса, соғлом турмуш тарзига аниқ ёрдам берадими?
Мурожаатноманинг “Газланган ичимликларга акциз солиғи” масаласи иккита хатбошидан ўрин олган:
“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таркибида шакар бўлган салқин ичимликлар ва бошқа турдаги ширинлаштирувчи моддалар учун қўшимча солиқ жорий этиш бўйича тавсиясидан келиб чиқиб, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб таркибида шакар бўлган газланган ичимликларга 1 литр учун 500 сўм акциз солиғи жорий этилади. Мазкур акциз солиғи бўйича тушумларни тўлиқ ҳажмда Тиббиётни ривожлантириш жамғармасига ўтказиш таклиф этилмоқда”.
Аслида эса, ЖССТ тавсиясида "бошқа турдаги ширинлаштирувчи моддалар" ҳақида бир сўз айтилмаган, фақат шакар ҳақида гапирилган. Шакарни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш миллат саломатлигига жиддий зарар етказади ва соғлиқни сақлашга юкни оширади. Аммо Ассоциациядан статистик маълумотлар сўралганда, Ўзбекистонда ширин газланган ичимликлар бозори ривожланиш босқичида эканлигини, аҳоли жон бошига қўшни Қозоғистонникидан икки баравар камлигини кўрсатадиган рақамларни келтирган. Ўзбекистонда салқин ичимликлар истеъмоли аҳоли жон бошига 2,8 миллиард литрни, Қозоғистонда эса 3,1 миллиард литрни ташкил этади. Ўзбекистон анъанавий равишда чой мамлакати ҳисобланади.
2017 йилда Ўзбекистонда шакар истеъмоли аҳоли жон бошига 31 кг ни ташкил этган. Шунга қарамай, мамлакатда шакарни истеъмол қилиш таркиби бўйича тадқиқотлар ўтказилмаган, шунинг учун Россия Федерацияси маълумотлари ишлатилган. 2017 йилда шакар ишлаб чиқариш истеъмоли атиги 40,3 фоизни, аҳоли истеъмоли 51,5 фоизни ва экспорт 8,2 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, алкоголсиз ичимликлар саноати шакар айланмасининг атиги 1,5 фоизини ташкил қилади.
Аҳоли шакарни асосан қандолат маҳсулотлари, ширинликлар ва қадоқланган шакарли маҳсулотлар орқали истеъмол қилади.
“Биз вақти-вақти билан ширин газланган ичимликлар ичамиз. Агар биз миллатнинг соғлиғи ҳақида бош мақсад сифатида гапирадиган бўлсак, унда умуман шакарнинг ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилишнинг зарари тўғрисида тарғибот кампаниялари ўтказишимиз керак” – дейди Алфия Мусина Spot.uz’да чоп этилган мақоласида.
Унинг сўзларига кўра, газланган шакарли ичимликларимизда шакар миқдори меъёрида бўлиши учун ишлаб чиқарувчиларни ичимликларнинг ширинлигини камайтиришга ундаш керак, шунда бу ривожланган мамлакатларда бўлгани каби рақобатбардош устунликка айланади. Акциз солиғини табақалаштирилмаган ҳолда жорий этиш орқали ҳукумат фақат битта нарсага эришади — ишлаб чиқарувчиларга ичимликлардаги шакар миқдорини камайтириш учун ҳеч қандай сабаб бўлмайди, сабаби 5 грамм шакар қўшган ҳам, 1,5 грамм қўшган ҳам ва zero sugar учун ҳам улар бир хил солиқ тўлайдилар. Қайтанга кўпроқ шакар қўшадиган фақат битта рақобатбардош устунликка эга бўлишади — улар истеъмолчига ёқиши ва харидоргир бўлиши учун ичимликларни ширинроқ қилишга янада кпроқ ҳаракат қилишади.
Мисол учун, Францияда ҳам шундай бўлган. 2012 йилда ҳукумат барча ичимликлар учун ягона солиқни ўрнатган, 2018 йилда эса табақалашган солиқ тизимини жорий қилишга мажбур бўлган. Ишлаб чиқарувчида шакар қанча кам бўлса, солиқ ҳам шунчалик кам бўлади. Шундай йўл билан уларда саноат истеъмолчилар учун "камроқ шакар, камроқ калория" янги тенденциясига ўтишга мажбур бўлган. Ҳозирда у ерда Zero sugar ичимликлар истеъмоли бозорнинг ярмидан кўпини ташкил қилади.
Масалан Дания, Ирландия, Норвегия ва Финляндияда солиқ жорий қилинган, аммо ортиқча вазнга қарши курашишда бу амалиёт фойдасиз экани англаб етилгач, улар бу солиқ турини бекор қилишган. Мексикада эса 2014 йилда жорий қилинган солиқлар жуда катта фалокатли оқибатларни келтириб чиқарган. 30 мингга яқин кичик дўконлар ёпилган, 50 мингдан ортиқ иш ўринлари йўқ бўлиб кетган.
Агар акциз солиғи солинса, бизда нима бўлади?
Биринчи навбатда ширин алкоголсиз ичимликларнинг кичик бозори қисқа муддатларда касодга учрайди. Кичик ишлаб чиқарувчилар жиддий зарар кўради, йирик ишлаб чиқарувчилар эса инвестиция дастурларини ва янги zero sugar маҳсулотлари қаторини қисқартиради. Мамлакат минглаб янги иш ўринлари яратиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бюджетга бир лаҳзалик фойда солиқ йиғишнинг кейинги босқичи ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пасайишига олиб келади. Шарбатлар, нектарлар ва шарбатли ичимликлар ишлаб чиқарадиган ҳамма кичик тадбиркорлик субъектлари ҳам янги солиқ ва истеъмолнинг пасайишига дош бера олмайди.
Аммо бошқа томондан, “қора бозор” авж олади. Қўшни мамлакатлардан айланма йўллар орқали кириб келган ичимликлар мамлакатга оқиб кела бошлайди, чунки нарх фарқи ҳар доим савдо билан шуғулланадиган одамларни шунга мажбур қилади.
Ичимликлар бозорга Афғонистон ва қўшни Қозоғистондан тўлдирилган юк машиналарида олиб келинади, айтганча, айнан шу давлатларда ҳам акциз солиғини жорий қилмоқчи бўлишди, аммо барча ижобий ва салбий томонларини кўриб чиқилгач, бу таклиф рад этилди.
Қозоғистон алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раҳбари Алия Мамитбаеванинг айтишича, таркибида шакар бўлган алкоголсиз ичимликларга солиқ жорий этилиши саноат корхоналарига салбий таъсир кўрсатади. У тақдим этган ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора жорий этилганидан кейинги биринчи йилда солиқ солинадиган база 131,6 миллиард тенгедан 96,8 миллиард тенгегача камаяди.
Шу билан бирга, фақат саноатнинг ўзида 12,6 мингга яқин иш ўрни, қўшимча равишда турдош тармоқларда 7-10 минг иш ўрни йўқотилади.
Алфия Мусинанинг сўзларига кўра, акциз солиғи каби жиддий чора-тадбирларни амалга оширишда фақат ЖССТнинг тавсиялари асос қилиб олинмаслиги, барча оқибатлар, ижтимоий ва иқтисодий оқибатларни ҳисобга олиш керак.
"Қора бозордаги газланган ичимликлар"
Қозоғистонда бўлгани каби, бизда ҳам ушбу соҳада кўп сонли кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирок этмоқда. 2023 йилга келиб мамлакатда ширин газланган ичимликлар, шарбатлар ва шарбатли ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 1021 тани ташкил этмоқда.
Уларнинг аксарияти янги солиқ юкини кўтара олмайди ва “қора бозор”га чиқиб, "раста остида" маҳсулот сотишга мажбур бўлади.
“Менимча, солиқ идораси ҳар бир ишлаб чиқарувчига биттадан инспектор тайинлаш учун етарли кучга эга эмас. Кейин эса биз аслида қарши курашишимиз лозим бўлган шакар таркибини назорат қилиш йўқолади. У камаймайди. Харажатларни камайтириш учун тадбиркорлар сифатни пасайтира бошлашади. Кимёвий бўёқлар ва арзон таъмли қўшимчалар кўпайгандан кўпаяди. Хўш, шундан кейин ҳам биз қандай соғлом турмуш тарзи ҳақида гапиришимиз мумкин?” – дейди Алфия Мусина.
Мақсадга қандай эришиш мумкин?
Барча йирик ижтимоий йўналтирилган алкоголсиз газланган ичимликлар ишлаб чиқарувчилари соғлом турмуш тарзи учун қатъий туришади. Уларнинг ҳар бири ўз ижтимоий дастурларини амалга оширади – бу спорт, экология, таълим.
Катта ўйинчилар ўз олдиларига шакар миқдори нолга тенг бўлган ичимликлар қаторини яратиш, ҳаддан ташқари ширин маҳсулотлардан воз кечиш тенденциясини яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйишмоқда ва бу нафақат ичимликлар, балки умуман шакар ва қандолат маҳсулотларида ҳам жорий қилинмоқда. Натижада, маҳсулотлардаги паст шакар миқдори рақобатбардош устунликка айланиши лозим. Кичик ва ўрта бизнес вакиллари эса истеъмолчиларнинг тўғри овқатланишини акциз солиғи билан билан эмас, истеъмолчиларнинг ўзлари талаб қилаётганини тушуниб етса, шундан сўнг бу тенденцияларга эргашади.
Бунинг учун эса, истеъмолчилар учун шакарни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилишнинг зарари тўғрисида самарали тарғибот кампанияси зарур.
“Аммо ҳозирча биз давлат идораларининг мулоқотга киришни хоҳламаётганини кўрмоқдамиз. Бу эса, акциз солиғининг жорий қилишдан мақсад шунчаки ҳеч нарсага қарамасдан, бюджетдаги бўшлиқни тўлдиришга уриниш деб тахмин қилишимизга асос яратиб бермоқда”, – деган у.
Ассоциация бу борада давлат билан биргаликда ишлашга тайёрлигини, зарур маълумотлар ва рақамларни тақдим этишга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, улар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига, қонун лойиҳаси бўйича мутахассис ва экспертларга ассоциация фикрини ҳам инобатга олишини сўраб мурожаат қилган.
Мақолада муаллифнинг фикрлари акс этган, бу таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.
Мавзуга оид
14:27 / 09.12.2024
Миср Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш корхонасини қуради
15:55 / 05.11.2024
Ҳомиладорликда шакар истеъмоли камайтирилса, бола улғайганда қандли диабетга чалиниш хавфи пасаяди — тадқиқот
13:55 / 09.10.2024
Шакар қариш жараёнини тезлаштириши маълум бўлди
07:20 / 15.06.2024