Ўзбекистон | 13:27 / 04.12.2023
8982
3 дақиқада ўқилади

«Дорихоналар шифокорларнинг бизнесига айланиб қолган» - Самарқанд вилоят ҳокими дори-дармон сотилишини танқид қилди

Эркинжон Турдимов Самарқанд вилоятида дори-дармон соҳаси шифокорларнинг бизнесига айланиб кетганини, тиббиёт ходимлари орасида одамларнинг соғлиғи орқали бойишни истаб, беморларнинг аҳволини иккинчи ўринга қўяётганлар ҳам борлигини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд шаҳридаги вилоят ёшлар марказида ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими беморлар ҳисобидан бойишга уринаётган айрим шифокорларни кескин танқид қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

«Ноинсоф, ўтирасан-да, ёзаверасан, ёзаверасан рецептни, чўнтагидан ураверасан. Битта Самарқанд вилояти бошқа давлатларга 482 млн доллар пул кўчириб, дори сотиб олади. Бошқа давлат одамларини иш билан таъминлаймиз. Бошқа давлат бюджетини самарқандликлар ҳисобидан тўлдирамиз. Бошқа давлатни бой қиламиз. Ўзимиз у дориларни ичиб, майиб бўламиз. Пачкалаб, тонналаб дори еймиз», деган вилоят ҳокими.

Самарқанд ҳокимининг таъкидлашича, дори, одамларнинг соғлиғи бизнесга айланиб кетган. Кўп врачлар ўзининг таниш аптекаси орқали дори ёзиб беради. Стандартга мутлақо риоя қилмайди.

«Частний»ларнинг диққатига, кимдир керак бўлмайдиган дориларни ёзиб берадиган бўлса, у корхонага нисбатан қонуний тарзда ёпиш чораларини кўрамиз. Судга берамиз ўша корхонани ва халққа ўша корхонани таништирамиз. «Главврачи»ни ҳам, таъсисчисини ҳам. Буни ҳамма хусусий клиникалар қулоғига қуйиб олиши керак. Халқнинг соғлиғи орқасидан бойлик орттиришни ким ният қилаётган бўлса, у ўзига душманлик қилаётган бўлади», деган Эркинжон Турдимов.

Йиғилишда қатнашган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Асадовнинг айтишича, 2023 йил 30 ноябр куни ўтказилган ўрганишлар давомида Самарқанд шаҳридаги 1-сонли болалар шифохонасида беморни лаборатор текширувлардан ўтказиш учун келишув асосида хусусий клиникага юборилгани, шунингдек, беморга ёзилган дорилар орасида унга кераги бўлмаган кўплаб ҳар хил турдаги қиммат фирма дорилар борлиги аниқланган.

Йиғилишда айрим тиббиёт муассасаларида бюджетдан ажратилган айрим дори-дармонлар бўлса-да, беморлар дориларни кўчадаги дорихоналардан сотиб олишга юборилаётганини танқид қилди.

«Ҳар битта кирадиган жойга, қанақа дорилар борлигини ёзиб қўйиш керак. Доска қилиб, бўр билан ёзинг. Шифохонада ҳар куни қанақа турдаги дорилар мавжудлигини, қанақа дорилар бепул ва қанақа дорилар пуллик эканини ёзиб қўйиш керак. Тиббиётда ҳамма виждонан ишлаш керак. Акс ҳолда кетиши керак. Ким стандартдан чиқиб, рецепт ёзса, ишдан кетиши керак. Шунинг учун ҳамма тиббиёт бирлашмалари, «частний» фирмалар, марказ раҳбарлари, ҳамма ходимлар билан тузилган шартномага қўшимча киритади. Адлия ва аргос билан келишиб, ходимлар шартномасини қайтадан тузасизлар», деган Турдимов.

Йиғилишда фаоллар билан ҳам мулоқот бўлиб ўтган ва унда Самарқанд шаҳрида айрим оғриқ қолдирувчи таблеткалар шифокор рецептисиз сотилаётгани ва бу мактаб ўқувчилари орасида таксикоманиянинг авж олишига сабаб бўлаётгани айтилган.

Вилоят ҳокими масъулларга вазиятни назоратга олишни ва дорихоналарда бундай таблеткаларни рецептсиз сотишни тақиқлаш вазифасини топширган.

Мавзуга оид