Алп тоғларидан Лапландиягача – бу ерларни қишда бир марта бўлса ҳам бориб кўриш шарт
Лапландияда шимол буғуларини, оппоқ қорга бурканган ўрмонни томоша қилиш, Словенияда эса музлаган кўл устида конкида учиш, Арктикада пингвинларни кўриш мумкин. Албатта, бу манзилларнинг ҳаммасига бориш имконсиз, лекин инсон ҳатто суратлар орқали ҳам гўзал қиш атмосферасини ҳис қила олиши мумкин.
Қиш келиши билан табиатнинг оқ қорга бурканиши манзарасини кўриш истаги пайдо бўлади. Лекин охирги йилларда иқлим ўзгариши сабаб бир йили қишда қор етарлича ёғса, бир йили қорни кута-кута баҳор келганини сезмай қоламиз.
Лекин Ер юзида шундай манзиллар борки, у ерларда ҳақиқий қиш атмосферасини тўлалигича ҳис қилиш мумкин.
Алп тоғлари, Швейцария
Ҳақиқий қишни ҳис қилиш учун Алп тоғлари жуда яхши манзил. Бу ерда қор билан қопланган ўрмон, музли чўққилар ва музлаган кўл манзараси бор. Алп тоғларининг гўзал манзарасидан баҳра олиш учун туристлар дунёдаги энг секин поездлардан бири сифатида танилган Муз экспресс поездига чиқишади.
Ёсимет миллий боғи, Калифорния
Ёсимет миллий боғи Американинг энг гўзал ва машҳур табиат мўъжизаларидан бири. Бу ерда исталганча чанғи учиш, қорда сайр қилиш мумкин. Парк ҳудудига йилига 4 млн одам боради.
Тромсо, Норвегия
Тромсо Норвегиядаги муниципалитетлардан бири, ўзининг мафтункор табиати билан ажралиб туради. Бу ерда Шимол ёғдусини кўриш мумкин. Қишда ўртача ҳарорат минус 4 даража атрофида бўлади.
Антарктика
Дунёнинг бошқа бирор бурчагидан Антарктидадан кўра музлироқ жойни топиш қийин. У ерда одамлардан кўра кўпроқ пингвинларни учратиш мумкин.
Ёввойи табиат гўзалликларидан баҳра олишни истаганлар учун Антарктика жуда мос жой.
1970 йилдан буён Антарктидага ҳам туристик экспедициялар ташкил этилиб келиняпти. Қитъага саёҳат турли туроператор компаниялар томонидан ташкиллаштирилади. Бу компаниялар Халқаро Антарктида Туроператорлари Ассоциациясига бирлашган ҳолда фаолият юритади.
Лапландия, Финландия
Қишда кўриш керак бўлган манзиллар рўйхати Лапландиясиз тугал бўлмайди. Финландиянинг эртакнамо манзили Лапландия оилавий қишки саёҳат учун жуда ҳам мос манзил. Гуруллаб олов ёниб турган шинам ёғоч кабина ва деразадан кўриниб турган шимол буғулари, оппоқ қорга бурканган манзарани тасаввур қилишнинг ўзи мароқли.
Каппадокия, Туркия
Туркияга боришни истаган одамнинг яна бир орзуси айнан Каппадокияни кўриш бўлса керак. Илиқ кунларда бу манзил ҳақида қуёш нурининг ёрқин жилоси ва кўм-кўк денгиз суви хаёлга келади. Лекин Каппадокия қор ёғганда ҳам жуда чиройли бўлади. Ўзига хос архитектура ва табиати туфайли бу ер қишда бориб кўришга арзийди.
Блед, Словения
Словения қиши ҳам бетакрор гўзал бўлади. Блед кўли музлаганда муз устида конкида учиш, сўнгра унинг ёнидаги тепаликка чиқиб, Блед қалъасини тепадан томоша қилиш, чанғида учиш мумкин.
Албатта, суратлардаги бу манзилларга ҳамма ҳам бора олмаслиги мумкин. Лекин инсон тасаввури кенг, суратларга қараб баҳра олиш ва манзарадан завқланиш учун кўп нарса керак эмас.
Мавзуга оид
09:35 / 24.12.2024
Бўстонлиқдаги тоғда адашиб қолган 5 киши қутқарилди
22:05 / 04.12.2024
Олимлар Арктикадаги денгиз музлари қачон бутунлай эриб кетишини ҳисоблаб чиқди
18:12 / 28.11.2024
Энди Арктика яқинроқ. Гренландияда янги халқаро аэропорт очилади
02:02 / 24.11.2024