Ўзбекистон | 23:35 / 05.12.2023
65826
3 дақиқада ўқилади

«Салимбой» қўлга олингани ҳақида расман хабар берилди

У ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлашда гумонланмоқда.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

«Салимбой» ва «Салимбойвачча» номлари билан танилган 73 ёшли тадбиркор Салим Абдувалиев процессуал тартибда ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бунга қадар Kun.uz манбаси «Салимбой»ганисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани ҳақида хабар берганди.

У Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми (Ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш)билан гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган. 

У 2017 йил январь ойидан буён Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва мамлакат спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келаётганди. Абдувалиев спорт фаолиятига қўшган ҳиссаси учун 2015 йилда «Дўстлик» ордени, 2021 йилда эса «Хизмат кўрсатган спорт мураббийи» унвони билан тақдирланган.

Фуқаролардан жиноий гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлишса ёки уларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсалар, Тошкент шаҳри ИИББнинг 71−206−45−69, 71−206−49−46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99−370−73−94 Telegram рақамига мурожаат қилишлари сўралмоқда. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

  • 2 декабр куни Тошкент шаҳар ИИББ пойтахтда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани ҳақида хабар берганди. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилгани қайд этилган.
  • Кўп ўтмай Тошкент шаҳрида «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган шахс қўлга олингани маълум бўлди. У атрофига жисмонан бақувват шахсларни тўплаб, қарздорлик ва бошқа муаммоларни қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш билан шуғулланган. 
  • Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, шунингдек, «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевни қўлга олган. Бундан ташқари, ўта йирик миқдордаги товламачиликда гумон қилинган яна икки шахс қўлга олинди. Уларнинг барчаси 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Мавзуга оид