Байден Конгрессни йил охиригача Украинага ёрдамни тасдиқлашга чақирди
Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Украинага ортиқча маблағлар ҳисобидан 175 миллион доллар қийматидаги янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратди.
АҚШ қонун чиқарувчилари шу ойда Украинани молиялаштиришни маъқуллаши керак, акс ҳолда улар Россияга «жуда катта совға» бериши мумкин. Бу ҳақда президент Жозеф Байден маълум қилди.
«Бу кутиб турмайди», деди Байден. «Конгресс таътилга чиқмасдан олдин Украина учун қўшимча молиялаштиришни тасдиқлаши керак — ҳаммаси оддий».
Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Украинага ортиқча маблағлар ҳисобидан 175 миллион доллар қийматидаги янги ҳарбий ёрдам пакетини юбораётгани маълум бўлди.
Пакет ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари ва ўқ-дорилар, шунингдек, муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш учун ускуналарни ўз ичига олади, деб хабар берди Давлат департаменти.
«Агар Конгресс миллий хавфсизликни таъминлаш учун қўшимча ёрдам ажратмаса, бу Украинага бериладиган сўнгги ёрдам пакетларидан бири бўлади», деди давлат котиби Энтони Блинкен.
Унинг қўшимча қилишича, «Украинага Россия агрессиясидан ҳимоя қилиниши ва унинг келажагини таъминлашда ёрдам бериш АҚШ миллий хавфсизлик манфаатларига тўғри келади ва бутун дунё бўйлаб глобал барқарорликка ёрдам беради. Конгресс зудлик билан ҳаракат қилиши керак».