Ўзбекистон | 18:11 / 13.12.2023
9345
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Ҳонгконг гриппи тарқалгани ва у оддий, мавсумий грипп экани маълум қилинди

Санэпидқўмга кўра, ҳозирги ЎРВИ мавсумида Ўзбекистон ҳудудида гриппнинг H3N2 штамми тарқалмоқда. “Ҳонгконг гриппи” деб ҳам аталадиган бу штамм 1960-йилларда пандемияга сабаб бўлган бўлса-да, ҳозир у оддий, мавсумий грипп ҳисобланади. “Ҳонгконг вируси қайтяпти, деган ваҳимани ясаб олишимизга ҳеч қанақа асос йўқ”, – деди Нурмат Отабеков.

Нурмат Отабеков / Фото: АОКА

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий лабораториялари томонидан беморлардан олинган лаборатор таҳлил натижаларида гриппнинг А турига мансуб H3N2 штамми аниқланмоқда.

Бу ҳақда қўмита масъуллари иштирокида 13 декабр куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

“Биз вируснинг бу штамми билан танишмиз”, – деди Санэпидқўм раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков. Унинг сўзларига кўра, аҳолини гриппнинг бу штаммидан ҳимоя қилиш учун 2,2 миллион доза вакцина ишлатилган. Эпидемия мавсуми бошланишидан аввал ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, “Саховат” ва “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ва ходимлари ҳамда болаларнинг хавф ости гуруҳига мансуб қатлами эмланган.

H3N2 штамми “Ҳонгконг гриппи” номи билан ҳам машҳур бўлиб, у аввалги грипп вирусларидан тез тарқалиши билан ажралиб тургани боис 1968-1969 йилларда пандемияга сабаб бўлган ва жаҳон миқёсида 1 миллиондан 4 миллионгача инсонни ҳаётдан олиб кетган.

Нурмат Отабеков, матбуот анжуманидан кейин, анжуманда берилган маълумот юзасидан қўшимча изоҳ билан чиқди.

“Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан бизнинг ҳудудимизда айланиб юрган вируслар мониторинг қилиб борилади. Мониторинг натижасида асосан гриппнинг А тури H3N2 штамми айланиб юргани тўғрисида маълумот бор. Бундан ташқари, гриппнинг бошқа турдаги грипп вируслари айланиб юргани тўғрисида ҳам маълумотларимиз мавжуд.

Бугунги брифинг пайтида кўпчилик биз тилга олган H3N2 штаммини интернет тармоқларидан қидириб, ўзларига маълумотлар тўплаб олишган. Аслини олганда, бу – 1960-йилларда Ҳонгконгда тарқалган вирус. Ўша пайтда у H2N2 вирусидан мутация бўлиб шаклланган вирус сифатида тарқалиб, бир қанча шарқ давлатларида муаммоли вазиятларни келтириб чиқарган. Ҳозир бу оддий, мавсумий грипп вируси ҳисобланади ва ишлаб чиқарилган вакциналарнинг барчаси ушбу вирусга нисбатан ишлайди.

Демак, Ўзбекистон Республикасида ҳозиргача ишлатилган 2,2 млн доза вакцина – бевосита мана шу штаммга қарши ишлайдиган вакцина. Бундан ташқари, яна 3 турдаги вакцина Ўзбекистон ҳудудида хусусий эмлаш пунктларида мавжуд, улар ҳам бевосита бу йил мавсумий тарқалиши кутилаётган гриппнинг айнан шу штаммига қарши ишлайдиган қилиб тайёрланган.

Шундай экан, бундан жиддий хавотир қилиш ёки ўзимиздан ўзимиз “Ҳонгконг вируси қайтяпти” деган ваҳимани ясаб олишимизга ҳеч қанақа асосни кўрааётганим йўқ. Бу – оддий, мавсумий вирус эканлигини яна бир бор эътироф этиб ўтамиз”, – дея таъкидлади Санэпидқўм расмийси.

ЎРВИ билан касалланиш бир ҳафта олдингига қараганда 26 фоизга пасайган

Нурмат Отабековнинг матбуот анжуманида айтишича, ўтган ҳафтада Ўзбекистон аҳолиси ўртасида ЎРВИ билан касалланиш бир ҳафта аввалгига нисбатан 25,5 фоизга, Тошкент шаҳрида 25,4 фоизга камайган. ЎРВИ кўрсаткичларида “эпидемик порог” 34,3 фоизга пастлиги кузатилмоқда, деди у.

“Болаларнинг ЎРВИ билан касалланиши ёшма-ёш таҳлил қилинганида: касалланишнинг энг юқори кўрсаткичи 0−1 ёшдаги болалар ўртасида рўйхатга олинган бўлиб, интенсив кўрсаткич шу ёшдаги 100 минг бола сонига нисбатан 368,3 ни ташкил этмоқда. Бунга ЎРВИ билан касалланган беморларни алоҳидаламаслик, бемор болаларни таълим муассасаларига юбориш ҳамда шифокор билан маслаҳатлашмасдан ўзбошимчалик билан даволаниш асосий сабаблар бўлмоқда”, – деди Нурмат Отабеков.

Унинг айтишича, грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан оғриган беморларни даволаш мақсадида республика бўйича 8838 та бемор ўрни яратилган бўлиб, уларда 6000 нафар бемор даволанмоқда.

Матбуот анжуманида, шунингдек, йил бошидан буён Ўзбекистонда H1N1 штамми билан касалланишнинг 4 та ҳолати аниқлангани айтиб ўтилди. Бу штамм “чўчқа гриппи” номи билан машҳур.

Мавзуга оид