Сирдарёлик ўқитувчи мактабида ўз ҳисобидан газета нашр қилди
У деворий газета сифатида эмас, ҳақиқий газета кўринишида тайёрланган бўлиб, мактаб ҳаётига оид маълумотлар, ўқувчилар ижоди ва тафаккурини бойитувчи мақолалар, ақлни чархловчи кроссворд ва шеърларни ўз ичига олган.
Сирдарё вилояти, Мирзаобод туманидаги 15-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ёрқинжон Ҳайитбоев ўз ҳисобидан «Билимдон» газетасини таъсис этди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Қайд қилинишича, 5 декабр куни газетанинг илк сони нашрдан чиққан. У деворий газета сифатида эмас, ҳақиқий газета кўринишида тайёрланган бўлиб, мактаб ҳаётига оид маълумотлар, ўқувчилар ижоди ва тафаккурини бойитувчи мақолалар, ақлни чархловчи кроссворд ва шеърларни ўз ичига олган.
Ёрқинжон Ҳайитбоев сўзларига кўра, газета ойда бир марта, 30 та ададда чиқарилади ва бунга кўп маблағ талаб этилмайди.
«Мактабда ёш педагог сифатида иш бошлаганим учун янгилик олиб киришга ҳаракат қилдим. Жадидлар ўз фаолияти давомида газета ва журналларга алоҳида эътибор беришган. Биз фақат жадидларни улуғлаш, улар билан фахрланиш билан чегараланмай, уларга издош бўлишимиз керак. Бунинг учун эса амалий ишлар зарур. Газетани қайси пулга чиқаряпсан, деган савол бўлади, албатта. Биз газетани бир ойда бир марта 30 нусхада чоп этишни режа қилдик. 30 нусха чиқариш учун 60 дона оқ қоғоз керак экан. Буни ўз ҳисобимдан қиляпман ва бундан хурсандман. Аввало у қадар кўп пул кетмайди. Қувонарлиси, ўқувчиларимизнинг газета мутолаа қилишга бўлган муҳаббати ошди. Ота-оналар ҳам хурсанд. Энг асосийси, мактабда маърифат, адабиёт, маънавият кўзгуси — янги газета пайдо бўлди», деди Ҳайитбоев.
Мавзуга оид
16:38 / 06.12.2024
Марказий Осиё мамлакатлари вегетация мавсуми учун сувни тақсимлаб олди
15:57 / 26.11.2024
Кувайт Сирдарёда кўп қаватли уйлар қуриши мумкин
10:09 / 07.11.2024
683 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган шахс ушланди
18:31 / 23.09.2024