Ҳароратнинг кескин пасайиши саломатлик учун хатарли
Айни пайтда мамлакатимизда совуқ об-ҳаво ҳукмронлик қилиб турибди. Ҳаво ҳароратининг бу тарзда кескин совиб кетиши ва иқлимнинг тез-тез ўзгариши саломатликка сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатади.
Ҳароратнинг кескин пасайиши ва узоқ давом этадиган ғайритабиий совуқлар инсон саломатлигига ёмон таъсир қилади ҳамда гипоксияга олиб келиши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қон айланиш тизими, мажозий қилиб айтганда, кўп сонли найчалар ва каналчалардан иборат бўлиб, улар юрак ва мияга кислород етказиб бериш вазифасини бажаради. Кексаликда бу найчаларнинг эластиклиги бироз ўзгаради ва қоннинг ёпишқоқлиги ҳам шунга монанд ўзгаришларга юз тутади. Бу эътиборга олиш керак бўлган муҳим аспектлардан бири бўлиб, айнан ана шу бузилишларнинг инсултга олиб келиш хавфи бор.
Ҳаво ҳароратининг пасайиши натижасида организмнинг кислород билан таъминланишида узилишлар кузатилиб туради. Бу асосан гипоксия (кислород танқислиги)нинг енгил вариантлари билан намоён бўлиши, яъни қон томирларининг қисқариши туфайли кислород етишмай қолиши кузатилиши мумкин.
Кексалар ва сурункали касалликка чалинганлар учун ҳаво ҳароратининг пасайиши хатарли
Шифокорлар совуқ мавсумда айрим гуруҳдаги инсонлар учун саломатликнинг ёмонлашиши мумкинлигини тасдиқлайдилар. Бу, айниқса, 65 ёшдан ошган ва аллақачон бирон бир сурункали касалликка чалинганлар учун айниқса хавфлидир. Мутахассислар қиш ойларида энг заиф бўлган ва ҳар доим ҳам керакли хизматларни ололмайдиган кекса авлод вакилларига эътиборни кучайтиришни қатъий тавсия қилишади.
Бироқ совуқ мавсумда ёшлар ҳам эҳтиёт бўлишлари керак. Инсон организми қайси ёшда бўлишидан қатъий назар ҳаво ҳароратининг кескин совиши натижасида қуйидаги саломатлик муаммолари билан юзлашиши мумкин.
· Тромб ҳосил бўлиши. Афсуски, қишда сиз қон томирларида тиқин ҳосил бўлиши ёки ҳатто юрак хуружи каби жиддий саломатлик муаммоларига дуч келишингиз мумкин. Ҳароратнинг кескин ўзгариши танада термал стрессни келтириб чиқаради ва тананинг доимий ҳароратни сақлаб туриш учун кўпроқ ишлашини талаб этади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, буларнинг барчаси қишда тромб пайдо бўлиш эҳтимолини оширади. Шунингдек, совуқ мавсумда тез-тез учрайдиган нафас йўлларининг инфекциялари ҳам беморларда тромб ҳосил бўлишини рағбатлантириши мумкин. Олимлар буни совуқ ҳаво шароитида қон томирларининг торайиши ва натижада тромб хавфи ошиши билан изоҳлашмоқда.
· Юрак хуружлари. Тадқиқотларга кўра, совуқ ҳаво юрак хуружи хавфини оширади. Швециядаги Лунд университети тадқиқотчилари юрак хуружлари сони илиқ об-ҳавога нисбатан совуқ ҳавода сезиларли даражада юқори эканлигини аниқладилар. Ҳаво ҳарорати ўртачадан паст бўлганида юрак хуружлари тўрт баробарга ортади. Чунки тана совуқни ҳис қилганида юзада жойлашган қон томирлари тораяди. Бу томирлар орқали қон оқимини оширади ва теридаги иссиқлик даражасини пасайтиради. Тана титрай бошлайди ва юрак уриш тезлиги барча аъзоларни иситиш учун кучаяди - тананинг бу "жавоблари" юракка қўшимча босим юклаши ва баъзида хуружларга олиб келиши мумкин.
· Пешоб ушлай олмаслик. Совуқ об-ҳаво тос бўшлиғига зарар етказиши ва кейинчалик пешоб ушлай олмаслик муаммоларига олиб келиши мумкин. Elvie аёллар технология бренди томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, британиялик аёлларнинг 45 фоизи совуқ ойларда тез-тез ҳожатхонага бориш истагини ҳис қилишади. Киши совқотганда қон томирлар торайиб, ҳаётий аъзоларга кўпроқ қон ва иссиқлик етказиб беради. Бу қон босимининг вақтинча кўтарилишини англатади ва босимни назорат қилиш учун буйраклар ортиқча суюқликни филтрлайди, натижада тез-тез пешоб қилиш керак бўлади.
· Кайфиятнинг ўзгарувчанлиги. Совуқ ойларда кўпчилик мавсумий кайфиятнинг бузилиши ёки "қишки депрессия"дан азият чекади. Бу ҳолат кундалик фаолиятга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун атрофингиздаги ҳар бир кишининг, шунингдек, ўзингизнинг психологик ҳолатингизга эътибор беришингиз керак бўлади. Мавсумий аффектив бузилишнинг сабаби аниқ бўлмаса-да, мутахассислар буни қиш ойларида қуёш нурларининг етишмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилишади. Айнан мана шу сабаб миянинг гипоталамус деб аталадиган қисмининг нормал ишлашига халақит бериши мумкин. Маълумки, ёруғлик танадаги уйқуни келтириб чиқарадиган мелатонин гормонини ишлаб чиқаришга таъсир қилади. Бу, шунингдек, кайфият, иштаҳа ва уйқуга таъсир қилувчи серотонин даражасига, шунингдек тананинг ички биологик ҳолатига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Қишда, белгиланган цикллар тез-тез бузилади, бу эса уйқусизлик, ташвиш ва ҳатто бефарқликни келтириб чиқаради.
· Грипп. Совуқ мавсумнинг бошланиши биланоқ грипп ва ЎРВИ билан касалланиш даражаси ҳам ошади. Буюк Британия Соғлиқни сақлаш хавфсизлиги ходимлари ҳаммага гриппга қарши эмланишни тавсия қилишади, чунки совуқ ҳаво касалликнинг аломатларини ёмонлаштириши ва у жиддийлаштириши мумкин.
· Қазғоқ ҳам совуқ мавсумда тез-тез учрайди ва бу ажабланарли эмас. Трихологларнинг таъкидлашича, ачитқи табиий равишда бош терисида яшайди ва одатда у ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Бироқ совуқ об-ҳаво шароитида Малассезиа деб аталадиган ачитқининг маълум бир тури кўпайиб кетганда, у тери ҳужайраларининг жуда тез бўлинишига олиб келиши мумкин, натижада ёриқлар ва қичишиш пайдо бўлади ва қазғоқлар кўпаяди.
· Астма хуружлари. Мутахассисларнинг фикрига кўра, қиш астма билан оғриган одамлар учун хавфли мавсум бўлиши мумкин, чунки бу вақтда совуқ ҳаво, шамоллаш, грипп ва бошқа инфекциялар кўпроқ учрайди ва бу ҳаёт учун хавфли астма хуружларини келтириб чиқариши мумкин. Мутахассислар ҳар доим ёнингизда енгиллик берувчи ингаляторни олиб юришингизни тавсия этишади. Шунингдек, улар совуқ ҳавони филтрлаш учун шарфдан фойдаланишни тавсия қиладилар. Нафас олишдан олдин ҳавони иситиш учун шарфни бурун ва оғиз атрофига юмшоқ қилиб ўранг, чунки совуқ ҳаво астма хуружининг қўзғатувчисидир. Айниқса совуқ ҳавода жисмоний машғулотларни уй шароитида ёки ёпиқ муҳитда ўтказган яхшироқ.
Махсума Оққўзиева тайёрлади