Жаҳон | 23:31 / 15.12.2023
11586
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда «Яндекс Такси» аксилмонопол текширув доирасида жавобгарликка тортилди

Монополияга қарши органнинг текширувлари ортидан, компания давлатга «ихтиёрий асосда» 6,6 млн доллар тўлади. Шунингдек, ҳайдовчилар ва йўловчилар учун бир қатор енгилликларни беришга рози бўлди.

Фото: Mail.kz

Қозоғистон Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги «Яндекс Такси» компаниясига нисбатан антимонополия текшируви натижаларини эълон қилди. Суриштирув жараёни тахминан икки йил давом этди.

Компания бир неча моддалар бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди. Агентлик компанияни назорат-касса аппарати дастурий таъминотини «техник қўллаб-қувватлаш хизмати» орқали «такси компанияларининг хўжалик фаолиятини мувофиқлаштириш», шунингдек, давлат органларига маълумотларни тақдим этмасликда айблаган.

Агрегаторга нисбатан қандай санкция қўллангани ҳақида маълумот йўқ. Бироқ, «Яндекс Такси» Қозоғистоннинг рақамли экотизимини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига «ихтиёрий асосда» 3 миллиард тенге (жорий курс бўйича 6,6 миллион доллар) киритган.

Шунингдек, Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги монополияга қарши мувофиқликни таъминлаш бўйича бир неча чоралар ҳақида келишиб олган:

  • «Яндекс Такси» ҳайдовчилар учун қўшимча бонус дастурини жорий қилади, унинг иқтисодий самараси йилига 7-10 миллиард тенгени (15,4-22 миллион доллар) ташкил этади;
  • хизмат нархи юқори талаб туфайли базавий нархдан икки баравар юқори бўлган буюртмалар учун комиссия миқдорини пасайтиради;
  • максимал талаб шароитида (ёмғир, қор, байрамлар) тарифларни ошириш коэффициенти 3 дан кўп бўлмайди;
  • фойдаланувчи иловасида нархларнинг шаффофлиги ошади, тарифларни пасайтириш прогнози пайдо бўлади, алгоритмларнинг ўзи мустақил аудиторлик компанияси томонидан ўрганилади;
  • Янгиланган «Биргаликда» тарифи жорий қилинади, ҳатто талаб энг юқори бўлган даврда ҳам арзонроқ нархда таксига буюртма бериш имконияти пайдо бўлади;
  • болали йўловчилар учун болалар ўриндиғи билан автомобил чақириш имкониятига эга бўлган махсус тариф жорий этилади. 

Мажбуриятларнинг бажарилиши бир қатор вазирликлар, шунингдек, такси саноати бирлашмалари мутахассислари иштирокидаги махсус мониторинг гуруҳи томонидан назорат қилинади. Келгусида қонунбузарликлар аниқланса, қонунга мувофиқ чора кўрилади.

Бундан ташқари, агентлик томонидан муаммоларни тизимли ҳал этиш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ташаббуси билдирилди. Ҳайдовчиларга «Яндекс» билан тўғридан-тўғри – такси компаниялари иштирокисиз ва уларга 4-8% комиссия тўламасдан ишлашга рухсат бериш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Рақобат қўмитаси ўтган ҳафта Yandex'нинг такси агрегаторини устун мавқега эга субъектлар қаторига киритган эди. Аввалроқ компания Солиқ қўмитасининг талаби билан, 1 декабрдан бошлаб солиқ тўлай бошлашини билдирган, лекин шу важ сабабли ҳайдовчилардан ундирадиган комиссиясини оширганди.

Мавзуга оид