Жаҳон | 23:34 / 15.12.2023
14519
2 дақиқада ўқилади

Қуёшда сўнгги 6 йил ичидаги энг кучли чақнаш юз берди 

У «кучли чақнаш» сифатида баҳоланди. 16 декабр куни Ерда кучли магнит бўронлари кутилмоқда. 

14 декабр куни Қуёшда Х2,8 интенсивликдаги кучли чақнаш содир бўлди, деб хабар берди «Фобос» об-ҳаво маркази. 

«Бизга энг яқин юлдузда бундай интенсивликдаги чақнаш охирги марта 2017 йилда қайд этилган», дейилади хабарда. 

NASA ҳам худди шундай интенсивликдаги кучли чақнаш ҳақида ёзди. 

Қуёшдаги чақнашлар М1 дан Х20 гача бўлган даражаларга таснифланади. М ёки Х интенсивлик синфини, рақам эса чақнаш кучини билдиради. М1 — кичик чақнаш, М5 — ўртача, Х1–Х10 кучли, Х20 экстремал. 

Қуёшдаги чақнашлар одатда магнит бўронларига сабаб бўлади. Бу сафарги чақнаш R3 (кучли) даражасида баҳоланган. Бу паст частотали радиоалоқадаги носозликларга олиб келиши, бу эса, ўз навбатида, кемалар ва самолётларнинг ҳолатини аниқлашда хатоларга сабаб бўлиши мумкин. 

Навбатдаги магнит бўрони 16 декабрда кутилмоқда, деб аниқлик киритди «Фобос».

Магнит бўронлари сурункали касалликлар ва юрак-қон томир тизими касалликлари билан оғриган одамларнинг аҳволига салбий таъсир қилади, паст қон босими, анемия, бронхиал астма ва эски жароҳатлар билан оғриган одамлар ҳам безовталикдан шикоят қилиши мумкин. 

Мавзуга оид