Жаҳон | 22:24 / 16.12.2023
19778
10 дақиқада ўқилади

Ёйилиб гапирган Путин, ғойиб бўлган Навалний, Исроилга муҳлат берган Байден – ҳафта дайжести

Ўзбекистонликлар чинакам қишни ҳис қила бошлаган ҳафта ўз якунига етмоқда. Ортда қолаётган ҳафта давомида Путин россияликлар билан 4 соат юракдан гаплашди, Украина президенти Зеленский АҚШдан кутилган ёрдамни ололмай қайтди, АҚШ президенти Жо Байден эса Исроилни танқид қилди. Қуйида ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини эслаймиз.

Путин билан 4 соат

Россия президенти Путин уруш бошланганидан буён илк марта «Прямая линия» анъанавий онлайн мулоқотида иштирок этиб, 4 соат давомида россияликларнинг саволларига жавоб берди. Ундан тухум нархи қимматлагани, уруш қачон тугаши ва қиёфадоши ҳақида сўрашди.

Фото: Reuters

Путин уруш бошланишига асос бўлган «денацификация» ва «демилитаризация» иддаолари ҳамон актуал экани, Россия ўз олдига қўйган мақсадларга эришсагина тинчлик ўрнатилишини айтди. У Украинага ҳар қанча қурол беришмасин руслар уларни йўқ қилишини таъкидлади.

Россия президентига кўра, Европадаги аксар сиёсатчилар АҚШ таъсирида, фақат Словакия бош вазири Роберт Фицо ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан бундан мустасно. Путин Европа Иттифоқи давлатлари билан алоқани узмагани, масалан, Франция президенти Макроннинг ўзи у билан гаплашмай қўйганини айтди.

Россияда шу кунларда тухум нархи актуал мавзу бўлиб турибди. Кам даромадли нафақахўрлардан бири Путиндан бу ҳақда сўради. Россия президенти эса руслар тушунадиган лаҳжада ҳазиллашишга жазм қилди: «Яқинда қишлоқ хўжалиги вазирига қўнғироқ қилиб «Тухуминг қандай?» деб сўрадим. «Яхши», деди. «Одамларда эса тухум билан боғлиқ вазият яхши эмас», дедим. Муаммо импортни вақтида очиб юборишмаганида, бу учун узр сўрайман», деди Путин.

Россия фронтда ҳужумга зўр берди

Путин «Прямая линия» давомида фавқулодда кўтаринки кайфиятда ўтиргани катта эҳтимол фронтда руслар яна устунликни қўлга олгани билан боғлиқ. АҚШ ва иттифоқчилари Украинага ҳарбий ёрдамни кескин камайтиргани жанг майдонида ўз сўзини айта бошлади.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Россия армияси фронт чизиғининг аксар қисмларида аста-секин, аммо ишонч билан одимламоқда. Турли экспертларнинг хулосасига кўра, руслар фронтда жуда катта йўқотишлар эвазига бўлса-да, олдинга силжияпти. Хусусан, Бахмутда Украина қарши ҳужум давомида қайтиб олган ерлар яна руслар тасарруфига ўтган. Авдийивкада ҳам руслар устунликка эга.

«Путин ҳамон Украинани забт этишни истайди». Россия армияси бирданига бир неча йўналишда ҳужум қилмоқда

Руслар бутун фронт бўйлаб Бахмутдаги вагнерчилар тактикасини эслатувчи услубда ҳаракат қилмоқда: ҳужумнинг олдинги қатори собиқ маҳбуслардан ташкил топган гуруҳларга «ишониб топширилган». Қўшин бир ерга ёппасига йиғилиб эмас, кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда ҳужум қилмоқда. Буларнинг устига Украинага қурол беришмаётгани қўшилиб, руслар фронтда устунликни қўлга олди.

Макроннинг рақами ўзгармаган

Путин Макроннинг ўзи мен билан гаплашмай қўйди деган гапига Франция президенти тезда жавоб қайтарди: «Путинда жиддий таклиф бўлса, бу халқаро ҳуқуқ асосида вазиятни тинчлик томон ўзгартиришга имкон берса, мен мулоқотни тиклашга тайёрман. Телефон рақамим ўзгармаган», деди Макрон.

Фото: AFP

Маълумот учуш, уруш бошланганда Макрон Путин билан жуда кўп марта телефонда гаплашгани турли ҳазил ва мемларга сабаб бўлганди. Ваҳоланки, Путин билан мулоқотни тўхтатмаслик керак деб ҳисоблаган Макрон суҳбатларлар чоғида уни ўт очиш режимини тўхтатишга чақириб келарди.

Байден Исроилга муддат бердими?

АҚШ президенти Жо Байден Ғазода уруш бошланганидан буён илк марта Исроил манзилига кескин чиқиш қилди. «Исроил хавфсизлик масаласида бизга суяниши мумкин. Уларни қўллаётганлар сафи кенг, Европа Иттифоқи, Европа... Аммо улар халқаро қўлловни йўқотмоқда, Ғазода палапартиш бомбалаш кетмоқда», деди Байден.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Исроил бош вазири Нетаняҳу ўзгариши керак деб ҳисоблашини айтди. Шунингдек, мамлакат миллий хавфсизлик вазири Бен Гвир ва жамоасини Ғазода ҲАМАСнинг ҳаракатлари учун бутун фаластинликлардан ўч олаётганини учун танқид қилди.

Байден Исроил халқаро қўлловни йўқотаётганини айтди

Байденнинг бу кескин баёнотларидан кейин унинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Исроилга борди ва мамлакат ҳарбийлари билан учрашди.

АҚШ президенти Жо Байденнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан
Фото: New Yor Times

Салливан Исроил Ғазодаги тинч аҳоли вакилларини ҳимоя қилиши кераклиги, операциялар айнан ҲАМАСга қарши қаратилиши лозимлигини айтган. АҚШ нашрларига кўра, Байден Салливан орқали Исроилга Ғазодаги ёппа ҳарбий операцияни якунлаш учун уч ҳафта муҳлат берган.

Депутат граната портлатди

Украиналик маҳаллий депутат Мукачевский туманидаги Керецковский қишлоқ кенгаши сессияси вақтида залга кириб бир нечта гранатани портлатиб юборди. Оқибатда 26 киши яраланган, 6 кишининг аҳволи оғир.

Аввалига граната портлатган депутат ҳалок бўлгани айтилганди, лекин кейинчалик у омон қолгани, шифокорлар жонлантириш бўлимида ҳаётини сақлаб қолишга уринаётгани маълум бўлди.

Фото: Украина миллий полицияси

Украин нашрларига кўра, Керецковский қишлоқ кенгаши депутати президент Зеленский етакчилигидаги «Слуга народа» партияси вакили Сергей Батрик бўлган. Граната портлатилган йиғилишда 2024 йил учун бюджет лойиҳаси муҳокама қилинган. Карпат ортидаги граната портлатиш ҳодисаси Украина миллий полицияси томонидан террорчилик акти деб қайд этилган.

Орбан Украинага ёрдамни блоклади

Путиннинг Европадаги севимли сиёсатчиси, Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқининг Украина борасидаги қарорларини блоклашда давом этмоқда.

Ушбу ҳафтада иттифоқ аъзолари 2027 йилгача Украинага 50 миллиард евро молиявий ёрдам бериш бўйича келиша олишмади. Европа кенгаши раиси Шарл Мишел бир давлат лойиҳага қарши чиққанини айтди. Кўплаб нашрлар кутилганидек бу қарши давлат Венгрия бўлгани ҳақида ёзди. Орбан Твиттерда «Биз бу масалага келаси йилда қайтамиз», деб ёзиб амалда лойиҳага вето қўйган Венгрия бўлганини тасдиқлади.

Фото: Attila Kisbenedek/AFP via Getty Images

Орбан ушбу ҳафтада Украинани Европа Иттифоқига қабул қилиш лойиҳасига ҳам қарши чиқди. Тўғрироғи, Украинани иттифоққа қабул қилиш бўйича музокаралар бошлаш таклиф қилинганда Орбан зални тарк этган.

Вазиятдан хабардор манбаларга кўра, Германия канцлери Олаф Шолц бу борада музокара бошланганда Венгрия бош вазирига зални тарк этиш имкони берилишини айтган. Бошқача қилиб айтганда Шолц Орбанни дипломатчасига «йиғилишдан ҳайдаб солган». Яна баъзи манбалар эса бу ҳолат Орбан билан олдиндан келишилгани ҳақида ёзмоқда.

Навалний ғойиб бўлди

Ушбу ҳафтада Россия сиёсий оламида мухолифат етакчиси Алексей Навалний номи яна тез-тез тилга олинди. Сиёсатчи охирги вақтларда сақланаётган Владимир областидаги Мелохова 6-жазони ижро этиш муассасидан ғойиб бўлган.

Аввалига Навалний жамоаси аъзолари бу ҳақда хабар беришди, кейин қамоқхонадагилар ушбу маълумотни тасдиқлади. Аммо Путиннинг ашаддий танқидчиси ҳозир қаерда экани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Навалний жамоаси етакчиларидан бўлган Иван Жданов у ҳақдаги маълумот учун пул ҳам ваъда қилди.

Навалний суд мажлисларида қамоқхонадан туриб онлайн қатнашаётганди
Фото: Life.ru

Навалний 2021 йилда Германиядан қайтишида қўлга олингач, жуда кўп марта судланди. Экстримизмда айбланиб, 19 йилга қамалган сиёсатчини айни дамда вандализмда ҳам айблашмоқда. У суд мажлисларида доимий тарзда қамоқхонадан туриб видеоконференция кўринишида қатнашаётганди. Охирги суд мажлисларида эса Навалний умуман кўриниш бермади.

Зеленский АҚШдан умидсизлик билан қайтди

Ушбу ҳафтада Украина президенти Володимир Зеленский расмий ташриф билан АҚШга борди. Бу Украина етакчисининг уруш бошланганидан буён АҚШга учинчи ташрифи бўлди.

Фото: Зеленский расмий Telegram-канали

Бу галги ташриф аввалгисидан буткул фарқ қилди. Ўтган гал Зеленскийни Оқ уйда ҳам, Конгрессда ҳам тантанали тарзда кутиб олишган, бу гал эса ташриф номаълумгина бўлиб ўтди. Зеленский сенаторлар билан ёпиқ эшиклар остида гаплашди.

Энг асосий фарқ эса ҳарбий ёрдам билан боғлиқ. Зеленскийнинг аввалги ташрифидан кейин АҚШ Украинага 50 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам ажратганди. Бу гал эса бунақа ёрдам пакети бўлмаслиги кундай равшан.

Ўзбек болалар мангу оловни ўчирди

Ҳафта бошида Петербургда ўзбекистонлик мигрантлар оиласи фарзандлари руслар урушдаги ғалаба рамзларидан бири деб биладиган «Мангу олов»ни қор ўйнаб ўчириб қўйгани тасвирланган видео тарқалди. Руслар бу ишни болалар содир қилганига қарамай, жуда жиддий муҳокама қилишди.

Петербург ички ишлар бошқармаси болаларнинг оиласи керакли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан Россия ҳудудида бўлиб турганини маълум қилди. 10, 12 ва 14 ёшли болалар ўзбекистонлик бўлган. Суд бу болаларнинг оилаларини Россиядан депортация қилиш бўйича қарор чиқарди.

Мавзуга оид