“Иқлим ўзгариши кўрпачаси” – оддий график чизиқлар глобал исиш рамзига айланди
Британиялик иқлимшунос Эд Хокинс бир нечта рангдан иборат қилиб чизган графика йилдан йилга кўтарилиб бораётган глобал ҳароратни акс эттиради. Оддий кўринган тасвир иқлим муаммолари катталашган сайин машҳур бўлиб бормоқда.
2017 йилда Буюк Британияда жойлашган Рединг университети иқлим физиги Элли Хайвуд ўзининг Twitterʼдаги саҳифасига (ҳозирги X ижтимоий тармоғи) "Иқлим ўзгариши кўрпачаси" деган изоҳ билан мана шу графикани жойлаштиради.
Ўшанда у ҳамкасби томонидан ишланган графика кейинчалик иқлим ўзгаришини акс эттирувчи сурат сифатида машҳур бўлиб кетишини билмаганди. Графика рангли чизиқлардан иборат бўлиб, иқлим ўзгаришини кетма-кетликда акс эттиради.
Ҳозиргача "Иқлим чизиқлари" дунё фаоллари томонидан ижобий қабул қилинди. Ёш экофаол Грета Тундберг ўзининг "Иқлим китоби" муқовасида бу графикадан фойдаланади. Бундан ташқари, “Economist” журнали ва бошқа нашрлар уни чоп этади.
London Fashion Week’лардан бирида унинг нақши туширилган либоси намойиш қилинади. Спортчилар ўзларининг формаси сифатида тасвирдан фойдаланишди.
Ҳозирги пайтда Европада иқлим ўзгариши графикаси оммавий тарзда намойиш этилмоқда. "Иқлим чизиқлари" билан жамоат бинолари, жамоат транспортлари декорация қилиняпти. Яқинда ўтказилган Мексикадаги мусиқа фестивалида ҳам бу тасвир намойиш қилинган.
Иқлим ўзгариши чизиқлари нимани англатади?
2017 йилда Рединг университети иқлимшунос олими Эд Хокинс томонидан яратилган иқлим чизиқлари графикаси инсоният ҳаракатлари таъсирида иқлим ўзгаришининг содир бўлиши ва глобал ҳароратнинг узоқ муддатда давомли кўтарилиб боришини акс эттиради.
Ундаги ҳар бир чизиқ 1850 йилдан то 2022 йилгача бўлган даврдаги глобал ҳароратнинг ошиб боришини кўрсатади. Қизил чизиқлар 2000 йиллардан кейинги даврни, кўк чизиқлар эса ундан олдинги муддатни англатади. Ўз-ўзидан қизил чизиқлар даври 1971-2000 йилларга қараганда иссиқроқ.
Визуал тасвир яқин 10 йилликларда ҳаво ҳароратининг қанчалик тез кўтарилаётганини аниқ акс эттиради.
Эд Хокинс ўз графикасига одамларнинг реакцияларини кўргач, тасвирлар иқлим ўзгаришини онлайн визуаллаштиришнинг яхши усули бўла олишини тушунади.
Бир йилдан сўнг иқлимшунос олим ўз графикасидан фанга алоқадор бўлмаган аудитория билан мулоқот қилиш йўли сифатида фойдаланиш учун Буюк Британияда ўтказилган фестивалда намойиш қилди. Одамлар ижобий қабул қилганини кўрган Эд Хокинс тасвирдан ҳамма осон фойдалана олиши учун веб-сайт ишга туширди. Унда ҳар бир ҳудуднинг исиб бориш тасвирини алоҳида юклаб олиш мумкин. Ишга туширилгандан сўнг бир ҳафта ичида графика 180 та давлатдан 1 млн марта юклаб олинади.
Иқлим ўзгариши муаммоси аҳамияти ошиб боргани сари Эд Хокинс графикаси ҳам оммалашиб боряпти. 2023 йил инсоният тарихидаги энг иссиқ йил бўлгани ҳароратнинг доимий кўтарилиб бораётгани акс этган тасвирни илм-фанга унчалик яқин бўлмаган одамлар ҳам яхшироқ тушуниши кераклигини англатади.
Бу графикадан иқлим ўзгариши мавзусидаги энг йирик конференция – Дубайда бўлиб ўтган COP28’да ҳам фойдаланилган.
Мавзуга оид
17:59
Иқлим ўзгариши зилзилалар сонини ошириши мумкин
21:15 / 10.12.2024
Реал таҳдид: Ер юзасининг 40 фоизини қурғоқчилик қамраб олди
22:37 / 23.11.2024
Politico: Хитой иқлим сиёсати пойгасида АҚШ ва ЕИдан ўзиб кетди
15:22 / 21.11.2024