Ўзбекистон | 12:04 / 17.12.2023
22344
4 дақиқада ўқилади

Таhое ва Tico тўқнашуви: Tico ҳайдовчиси ва ҳамроҳининг ҳам икки оёғи синган

Марғилон шаҳрида қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатланган Tahoe Tico автомобилига урилиб, аянчли йўл-транспорт ҳодисасини содир этди. Мажақланиб кетган Ticoʼда ҳайдовчидан ташқари яна бир йўловчи бўлган. Улар айни пайтда Фарғона шаҳридаги хусусий клиникалардан бирида даволаняпти. Tico ҳайдовчиси ва ҳамроҳининг ҳам икки оёғи синиб, жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган.

Kun.uz мухбири шифохонада бўлиб, Tico автомашинасида бўлган ЙТҲ иштирокчилари ва шифокор билан суҳбатлашди.

“Биз ўз йўлимизда кетаётган эдик. Tahoe машинаси тўсатдан қарама-қарши томонга ўтиб, биз томонга кела бошлади.

Ҳолатни кўриб жойимизда тўхтадик. Кейин эса Tahoe машинамизга келиб урилди. Ундан кейин нима бўлгани эсимда йўқ. Машинадан тортиб олишаётганини сездим холос. Ёнимдаги ҳайдовчининг қўли ва оёғи синди. Унинг ҳам ҳолати яхши. Икки оёғим синган эди. Бугун оёқларимни операция қилишди”, дейди Tico ҳайдовчининг ҳамроҳи.

Беморлар даволанаётган YevroMed клиникаси травматология бўлими бошлиғи Санжарбек Йигиталиев беморлар ҳолати ҳақида сўзлаб берди.

Санжарбек Йигиталиев

“14 декабр куни Марғилон шаҳрида бўлган автоҳалокат натижасида шикаст олган Саидазимхон Тўраев ва Абдуҳалим Қурбоновлар ўша куни даставвал Марғилон шаҳридаги тез тиббий бўлимига мурожаат қилишган. Травматолог кўригидан сўнг шошилинч хирургия бўлимига ётқизилган. 15 декабр куни эса иккисини ҳам YevroMed клиникасига олиб келишди. Ҳайдовчи Саидазимхон Тўраев ўнг сон суяги очиқ синиб силжиши, чап тирсак суяги очиқ синиб силжиши, ўнг қовоқ соҳаси тикилган жароҳати билан даволаняпти. Ҳайдовчининг ҳамроҳи Абдуҳалим Қурбоновга ўнг сон суяги ўрта учлигидан қийшиқ синиб силжиши, чап болдир суягининг бўғим ичидан синиши ташхиси қўйилди. Йўловчи Абдуҳалим Қурбонов мутахассислар кўригидан сўнг ҳолати яхши бўлгани сабабли операцияга олинди. Бемор ҳолати ҳозирда стабил. Ҳайдовчи Саидазимхон Тўраев жароҳатлари очиқ бўлгани сабабли кузатув остида турибди.

Икки беморнинг ҳам бош мия фаолиятида ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Иккиси ҳам ҳушида. Ички аъзоларида ҳам, ҳаёт учун хавф соладиган аъзоларида ҳам жиддий ўзгариш йўқ”, дейди шифокор.

Фото: Фарғона вилояти ЙҲХБ матбуот хизмати
Фото: Фарғона вилояти ЙҲХБ матбуот хизмати

Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Элбек Қобилов 14 декабр куни соат 13:00 лар чамасида Марғилон шаҳар Аҳмад Яссавий ҳамда Тинчлик кўчаси чорраҳасига яқинлашиб келаётган Tahoe автомобили йўлнинг қарама-қарши йўлагига чиқиб ҳаракатланиши натижасида ўз йўналишида келаётган Tico билан тўқнашиб ЙТҲ содир этгани, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Элбек Қобилов

Элбек Қобиловнинг қўшимча қилишича, Tahoe автомобили ҳайдовчиси, 2003 йилда туғилган Мавлонбек Юнусовда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов

Мавзуга оид