Ўзбекистон | 10:43 / 18.12.2023
10745
2 дақиқада ўқилади

Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекциясининг ваколатларига ўзгартиришлар киритилди

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат бошқаруви такомиллаштирилганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси қарори билан айрим НҲҲга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

Фото: Kun.uz

Маъмурий ислоҳотлар доирасида Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси тизимидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташкилий тузилмасига ўтказилди ва унинг ваколатларига ўзгартиришлар киритилди.

Президент фармонига мувофиқ ҳукуматнинг айрим ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:

  • Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ташкилий тузилмасидаги ижро этувчи ҳокимият органларининг қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилишда, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, уруғлик ва кўчат материалларини етиштириш, қишлоқ хўжалиги,  мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини синовдан ўтказиш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;
  • тупроқнинг унумдор қатламлари рухсатсиз олиб ташланиши, кўчирилиши ва йўқ қилинишини тақиқлаш, ерларнинг қишлоқ хўжалиги фойдаланишидан чиқиб кетишига йўл қўймаслик, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали ва оқилона фойдаланиш;
  • қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг уруғлик ва кўчат материаллари етиштирилиши ҳамда уларнинг тежаб сарфланишини ташкил этиш;
  • импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик ва кўчат-материалларида гени модификацияланган организмларнинг (ГМО) ҳамда хавфли яширин вирусли касалликларнинг мавжудлигини аниқлаш.

Вазирлар Маҳкамасининг «Пахта чигити ресурсларидан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига, Вазирлар Маҳкамасининг «Пахта чигитини етказиб бериш ва ундан фойдаланиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига, Вазирлар Маҳкамасининг «Ишлаб чиқарилаётган пахта мойи сифатини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ва бошқаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Мавзуга оид