Жаҳон | 18:52 / 18.12.2023
9530
2 дақиқада ўқилади

Мўғулистон пойтахтида автомобилларни «тоқ ва жуфт» кунларда бошқариш қоидаси жорий этилди

Улан-Батор маъмурияти тирбандликларга қарши шундай усулда курашишга қарор қилди. 

Фото: Денис Мукимов

Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида автомобиллар ҳаракатига чекловлар жорий этилди. 

Қоидага кўра, энди тоқ рақамли автомобиллар фақат тоқ рақамли кунларда, мос равишда жуфт рақамли автомобиллар фақат жуфт рақамли кунларда ҳаракатланиши мумкин. Бу ҳақда пойтахт губернатори ва шаҳар мэри Нямбаатар Хишгээ маълумот берди. 

Унинг сўзларига кўра, бу чеклов шаҳарда автомобилларнинг тирбандлигига қарши кураш чоралари доирасида киритилган ва 18 декабрдан 1 февралга қадар амал қилади. 

Қайд қилинишича, бундай қоидалар биринчи марта жорий этилмаяпти. 

1,5 миллион аҳолига эга Улан-Батор Мўғулистоннинг энг катта шаҳри ҳисобланади. У ерда 720 минг автомобил бор. Бу мамлакатдаги автомобиллар умумий сонининг қарийб 50 фоизини ташкил қилади. Пойтахтда автомобиллар сони йилига ўртача 50 мингтага кўпаймоқда. 

Улан-Баторда автомобиллар сони ортиб бораётгани тирбандлик ва ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шаҳар расмийлари ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун автомобиллар импортини чеклаш ҳақида ҳам ўйламоқда.

Мавзуга оид