Иқтисодиёт | 17:18 / 18.12.2023
33827
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев машҳур брендларни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича топшириқлар берди

Нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналар имтиёз ва енгилликларга эга бўлади, бир қатор харажатлари компенсация қилиб берилади, улар ўзларига зарур хомашёларни божсиз олиб кириши мумкин бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 18 декабр кунги йиғилишда машҳур брендлар остида маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Мисол сифатида келтирилишича, келгуси йил октябрда Чирчиқда қиймати 50 млн долларлик, ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,5 млн дона бўлган алюмин қадоқлаш корхонаси ишга тушади. Бу – нафақат салқин ичимликлар, балки косметика, маиший кимё, озиқ-овқат йўналишидаги брендлар учун тайёр хомашё базаси.

Шу муносабат билан, ўнлаб нуфузли брендлар билан ишлаб, уларни Ўзбекистонга олиб келиш чораларини кўриш топширилди.

Таъкидланишича, брендларни жалб қилиш бўйича янгича ёндашувлар жорий қилинади:

  • нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга халқаро стандартлар, экология ва сертификатлаш харажатлари қоплаб берилади;
  • машҳур брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун, маҳаллийлаштиришни камида 60 фоизга етказиш шарти билан улар учун зарур бўлган барча хомашёлар божхона тўловларидан озод қилинади;
  • маҳсулотини камида 30 фоизини бренд остида ишлаб чиқарадиган маҳаллий тадбиркорларга хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар учун назарда тутилган имтиёз ва енгилликлар берилади;
  • йирик брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистонда ишлаганлик учун тўловлар ундирилмайди.

Кимё саноатида талаб юқори бўлган маҳсулотлар учун зарур базавий хомашёнинг деярли барчаси мамлакатимизда мавжудлиги, ушбу имкониятларни самарали ишга солиш зарурлиги қайд этилди. Умуман, кимё соҳасида 3 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилгани маълум қилинди.

Шавкат Мирзиёев электротехника саноатида мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш масалаларига тўхталди. Келгуси йилда тармоқда 2 миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириш учун имконият ҳам, маҳсулотлар учун катта бозор ҳам борлиги таъкидланди.

Масалан, Саудия Арабистонининг “Аква Пауэр” компанияси билан 5 гигаваттли қуёш ва шамол станцияларини қуриш бўйича бошланган лойиҳалар учун кабел керак бўлади. Умуман, ҳозирда бошланган 27 гигаватт қувватли қуёш ва шамол станциялари лойиҳалари доирасида 500 миллион долларлик кабелга эҳтиёж бор.

Шу муносабат билан келгусида Оҳангарон саноат зонасида 120 миллион долларлик 5 та лойиҳани ишга тушириб, 25 минг тонна мисдан кабель ва 1,5 мингта трансформатор ишлаб чиқариш, Бухоро шаҳрида 120 миллион долларлик технопаркни ишга тушириб, 25 миллион долларлик маиший техникаларни маҳаллийлаштириш режалаштирилгани айтилди. 

Мавзуга оид