Жаҳон | 19:53 / 20.12.2023
18375
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда байроқни ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинди 

Президент ташаббуси билан давлат байроғидаги қуёш нурлари шакли ўзгартириладиган бўлди. 

Фото: 24.kg

20 декабр куни Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) иккинчи ва учинчи ўқишда мамлакат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. 

Депутатлар «Қирғизистон Республикасининг давлат рамзлари тўғрисида»ги қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар ва қабул қилдилар. 

Қонун лойиҳасини 59 депутат ёқлаб овоз берди, 5 нафари қарши бўлди. 

Қонун лойиҳаси мамлакатнинг асосий давлат рамзларидан бири – Қирғизистон Республикаси байроғини такомиллаштиришга қаратилган. Жумладан, қуёш нурлари шаклини тўлқинсимон шаклдан тўғри чизиқ шаклига ўзгартириш таклиф қилинмоқда. 

Депутатлар Қирғизистон байроғи марказидаги қуёш нурлари тўлқинсимон бўлгани сабабли одамларни чалғитаётгани, жумладан, кунгабоқар гулига ўхшаб қолганини таъкидламоқда. 

Аввалроқ, президент Садир Жапаров мамлакат байроғини ўзгартириш таклифини ўзи берганини айтган эди. 

Қирғизистоннинг амалдаги байроғи мамлакат Олий Кенгашининг 1992 йил 3 мартдаги қарори билан тасдиқланган. Унга мувофиқ, байроқ ранги қизил экани, марказида тасвирланган қуёшнинг олтинранг нурлари билан ўралган ўтовнинг туйнуги миллий рамз экани белгилаб қўйилган. 

2004 йил 17 июлда «Қирғизистон Республикасининг давлат рамзлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унинг 3-моддасида давлат байроғининг тавсифи, рангли ва схематик тасвири берилган.

Мавзуга оид