Жамият | 10:53 / 20.12.2023
35230
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда бир оиланинг 5 аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди

Яна икки киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Қорақалпоғистон республикасида бир оиланинг беш нафар аъзоси ис газидан вафот этган. Яна икки киши шифохонага ётқизилган.

Бош прокуратура матбуот котибининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳодиса 2023 йил 15 декабр куни содир бўлган.

Чимбой тумани, “Кеңес” ОФЙда яшовчи фуқаролар қўшни уйда хонадон эгаси М.Б. ва яна 6 нафар оила аъзолари ҳушсиз ҳолатда ётганини кўрган ва тез ёрдам чақирган.

Шифокорлар томонидан текшириб кўрилганда хонадон соҳиби 1957 йилда туғилган М.Б., 1961 йилда туғилган З.М., 1986 йилда туғилган С.Б., 2008 йилда туғилган А.А. ва 2011 йилда туғилган М.А. вафот этгани аниқланган.

Шунингдек, 1995 йилда туғилган Т.О. ва 2000 йилда туғилган А.Б. оғир аҳволда ҳушсиз экани аниқланиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида қозонхона уйнинг ичида ёниб тургани ва ушбу ҳолатда ис газидан заҳарланиш аломатлари мавжуд экани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат бўйича Чимбой туман прокуратураси томонидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиб, терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда ва ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.

Аввалроқ, Наманган ва Фарғона вилоятларида иккита оилада тўрт нафардан одам ис гази туфайли ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид