Жаҳон | 21:23 / 21.12.2023
11518
2 дақиқада ўқилади

2023 йилнинг энг машҳур ҳаво йўналишлари номи маълум бўлди 

Энг яхши ўнталикдаги 9 та йўналиш Осиё мамлакатларига тегишли бўлди. 

Фото: Getty Images

Сингапур ва Малайзия пойтахти Куала-Лумпур ўртасидаги парвоз йўналиши 2023 йилда дунёдаги энг машҳур йўналишга айланди. Бу ҳақда Британиянинг OAG тадқиқот компаниясига таяниб Interfax хабар берди. 

2023 йилда ушбу йўналиш бўйича ҳар икки томонга парвоз қилаётган самолётларда мавжуд бўлган ўриндиқларнинг умумий сони 4,9 миллионтани ташкил этди, бу 2022 йилга нисбатан бир ярим баробар кўп. Аҳоли зич жойлашган икки шаҳар орасидаги парвоз бор-йўғи бир соат давом этади. 

Иккинчи ўринни Қоҳира (Миср) – Жидда (Саудия Арабистони) йўналиши (4,8 миллион ўриндиқ, 2022 йилга нисбатан 38 фоизга ўсиш), учинчи ўринни Ҳонконг – Тайпей (4,6 миллион ўриндиқ, 130 фоизга ўсиш) йўналиши эгаллади. 

Ўриндиқлар сонининг энг кескин ўсиши Сеул (Жанубий Корея) — Осака (Япония) йўналишида (4,5 баравар, 4,2 миллион ўринга) ва Сеул — Токио (Япония) йўналишида (3,3 баравар, 4,2 миллион ўринга) кузатилган. 

Йўловчилар орасида энг машҳур йўналишлар ўнлигига, шунингдек, Дубай (БАА) – Ар-Риёз (Саудия Арабистони) йўналиши (4 миллион ўрин), Жакарта (Индонезия) – Сингапур (3,9 миллион), Бангкок (Таиланд) – Сингапур (3,5 миллион) ва Бангкок – Сеул (3,4 миллион) йўналиши кирди. 

Осиёдан бўлмаган энг яхши 10 таликдаги ягона йўналиш бу Ню-Йорк (АҚШ) ва Лондон (Англия) ўртасидаги парвоз (3,9 миллион ўрин, 8-ўрин). 

Американинг Атланта аэропорти дунёдаги энг гавжум ҳаво бандаргоҳлари рейтингида биринчи ўринни сақлаб қолди - 2023 йилда у 61,2 миллион ўриндиқли парвозларга хизмат кўрсатди, бу ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кўп.

Иккинчи ўринда Дубай аэропорти (56,5 миллион, +25 фоиз), учинчи ўринда Токионинг Ҳанеда аэропорти (52,7 миллион, +26 фоиз), тўртинчи ўринда Лондоннинг Ҳитроу аэропорти (49,4 миллион, +23 фоиз) жойлашган. 

Биринчи ўнталикдаги ягона янги аэропорт Хитойнинг Гуанчжоу аэропорти бўлди, у қабул қилинган ва жўнатилган рейслар бўйича 43,4 миллион ўриндиқ билан ўнинчи ўринни эгаллади.

Мавзуга оид