Ўзбекистон | 09:46 / 21.12.2023
4511
2 дақиқада ўқилади

Судоче расман халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерлари номинациясига киритилди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Судоче кўллар тизимини Рамсар рўйхатига халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерлари номинациясига киритиш бўйича расмий ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича барча ишларни якунлади. Объект рўйхатга 2522-рақам остида киритилди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Ўзбекистон аввалроқ Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Судоче кўллар тизимини халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ҳудуди деб эълон қилганди. Бугунги кунда чегаралари аниқланган кўллар Рамсар конвенциясининг 2.1-моддасига мувофиқ расмий равишда Халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерлар рўйхатига киритилган.

Айни пайтда республикадаги халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерларнинг умумий сони тўрттага етди ва бу ҳудудларнинг майдони бугунги кунда 674,4 минг гектарни ташкил этади.

Конвенция котибияти хабарида рўйхатга янги объект киритилиши Ўзбекистоннинг дунёдаги энг муҳим сув-ботқоқ ерларини сақлаш ва улардан барқарор фойдаланишга қаратилган Рамсар конвенциясини амалга оширишга содиқлигини кўрсатиши алоҳида таъкидланган.

Маълумот учун, Судоче 1960-йилларда дунёдаги тўртинчи йирик кўл ҳисобланган Орол денгизининг кичик қисми бўлиб, жорий йилнинг май ойида кўллар тизими Ўзбекистондаги халқаро аҳамиятга эга бўлган Рамсар сув-ботқоқ ерлари рўйхатига киритилган 4-объектга айланди. Рўйхатга, шунингдек, Денгизкўл кўли (2001), Арнасой кўллар тизими (2008), Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборлари (2020) кирган. 

Мавзуга оид