Тизимсизлик сабаб йўқотилган «Малибу»: энди уни ИИБ ҳам, МИБ ҳам тополмаяпти. Фуқаро эса емаган сомсага пул тўламоқда
Андишали, кўнгилчан халқмиз. Шу сабаблими, бирор ҳамкасбимиз, танишимиз банкдан кредит олаётса, кафил ёки шерик қарздор бўлишдан қўрқмаймиз, таваккал қиламиз. Замон талаби, кафил бўлмаса банк кредит бермайди, шу яқинимга қарашиб юборай, деймиз. Бироқ банк андиша ва кўнгилчанлик қилмайди, асосий қарздорга қўшиб сизниям судга беради, пластик картангизга “қўл солади”.
Самарқандда кузатилган ҳолат бунга ёрқин мисол. Давлат муассасаларида ишлаб келган аёл ҳамкасб танишининг қайнотаси номига олинадиган кредитга биргаликдаги қарз олувчи бўлиб ариза топширган. Бугунга келиб аёл наинки дугонасидан айрилди, балки бир неча ойдан бери бошқалар учун ишлаб беряпти. Пластик картасига тушаётган ойликнинг ярмини банк, ярмини мажбурий ижро бюроси ечиб оляпти.
Озода Самадова дугонасининг илтимосига кўра унинг қайнотаси кредит олишига кўмаклашар экан, ҳеч қандай манфаатдорлик кўзламаганини айтмоқда. Аслида ҳам бундай ҳолатларни бугун истаганча кузатишимиз мумкин. Таниш ёки қариндошимизнинг юзи иссиқлик қилиб кафил бўляпмиз ва банклар эртага ҳоли-жонимизга қўймаяпти. Аниқроғи, емаган сомсага пул тўлашга мажбур бўляпмиз.
Бугунга келиб Самадовадан дугонаси воз кечиб кетган, бирга ишламаяпти ҳам. Асосий қарздор Эркин Бўриев эса мен сени танимайман, деяпти. Шу сабабли АТБ “Капиталбанк”дан “Малибу 2” учун олинган 224 млн сўм қарз суд қарори билан Самадованинг ойлигига ҳам қаратилган.
Айни вақтда ушбу кредит эвазига гаров ва тақиқда турган автомашина йўқотилган. Қаердалиги номаълум.
Вазият бўйича, “Капиталбанк” акциядорлик тижорат банки Самарқанд вилоят филиали масъулларидан изоҳ олдик.
Банк ушбу вазиятда қўли боғланиб қолгани, расмийлаштирилган ҳужжатларга кўра, Самадова ҳам биргаликдаги қарздор бўлгани учун қарз унинг ойлигига қаратилганини айтмоқда. Бўриев ҳозирда ишсиз, номида ҳам ундириш мумкин бўлган бирор мулк йўқ. Асосий қарздор бўлмиш Бўриевнинг қўй-қўзиларига ишонган банк бугун амалда ҳеч нарса қилолмайди, муаммоли кредитни биттага кўпайтириб олганидан таассуфда.
Мажбурий ижро бюросига кўра, айни вақтда “Малибу 2”нинг қарзини фақат Самадова тўлаб келяпти. Асосий қарздор Бўриевда мулк ҳам, иш ҳақи ҳам йўқ. Гаровга қўйилган, ҳозирда таъқиқда бўлган “Малибу”ни эса топиб бўлмаяпти.
Мажбурий ижро бюросига кўра, Бўриев номидан охирги марта 2023 йил июн ойида тўлов қилинган. Шундан буён унинг номига иш ҳақи ёзилмаган ва фақат Самадованинг ойлигидан ушлаб қолиняпти.
Гаровдаги машина йўқотилгани учун Бўриев иши МИБ суриштирув бўлимига ўтказилиши маълум қилинди. Шундагина Бўриевга нисбатан қандайдир таъсир чораси қўллаш мумкин бўларкан.
Самадова ички ишлар бошқармасига ҳам бир қатор эътирозлар билдирди. Хусусан, гаровдаги машинанинг давлат рақами нотўғри рўйхатга қўйилгани, натижада мажбурий ижро ҳаракатларига салбий таъсир қилгани, шунингдек, тақиққа олинган машинани топиш бўйича амалий ҳаракатлар бўлмаётганини маълум қилди.
Ҳақиқатан ҳам машина ИИБ томонидан 2022 йил 28 апрел куни Эркин Бўриев номига расмийлаштирилиш жараёнида негадир давлат рақами хато ёзилган. Яъни, 30 К 679 ЕА давлат белгиси 30 R 679 ЕА тарзда нотўғри қайд этилган. Аҳамиятли томони шундаки, мазкур машина икки ойдан ортиқ вақт давомида, 2022 йил 4 июлга келиб қайта расмийлаштирилгунга қадар ИИБ базасида мавжуд бўлмаган рақам билан ҳаракатланган. Машинанинг давлат рақами алмашаётгани, хатолик кетгани бўйича кредит берган банк хабардор қилинмаган ҳам.
Қизиғи, 2022 йил 18 октябр куни фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди кредитни муддатдан олдин ундириш учун гаровга қўйилган мулкка, яъни Бўриев номидаги “Малибу 2” қаратиш бўйича қарор қабул қилган. Шубҳали томони шундаки, ИИБ суд қароридан уч кун ўтиб ўша автомобилни сиқилган газга ўтказилгани учун яна қайта рўйхатдан ўтказган. ИИБ бу сафар ҳам “Малибу 2”нинг эгасига “кўнгилчанлик” қилган, машина ҳужжатлари, унинг гаровдалиги билан қизиқиб ҳам кўрмаган. Бу сафар ҳам банк хабардор қилинмаган.
Қўпол қилиб айтганда, тизимнинг расво ишлаши натижасида суд қарори бўла туриб ҳам машина йўқотилишига йўл қўйиб берилган.
Ушбу ҳолат бўйича вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати Хуршид Сафаровдан маълумот олдик. Сафаров машина тақиқда турган бўлса ҳам унинг эгасининг аризасига кўра, давлат рақамини алмаштириш мумкинлигини (масалан, рақам йўқолганда ёки аукциондан янги рақам олинганда) маълум қилди.
ИИБ масъули айтганидек, ҳақиқатан ҳам тақиқ ва гаровда турган машинанинг давлат рақамини ўзгартиришга рухсат бериш қоидаси мавжуд бўлса, бу кўплаб қонунбузарликларга йўл очиб беради. Худди йўқорида бўлгани каби. Чунки, МИБ ва ИИБнинг ўзи ҳам тақиқдаги машинани асосан давлат рақамига қараб аниқлаш амалиётига риоя қилади.
Сафаров икки ойдан ортиқ вақт давомида техник хатолик сабаб машина бошқа рақамда ҳаракатлангани ва бунинг учун бирор масъулга чора кўрилган ёки кўрилмаганига изоҳ бермади. Машина ҳозир ҳам қидирувда экани ва бу ҳақда қўшимча маълумот берилишини билдирди.
Мазкур ҳолат бўйича алоқадор ташкилотлар хулосасини олар эканмиз, вазият ижобий томонга ўзгармаслиги шундоққина ойдинлашди. Хатга тушдинг, ўтга тушдинг, деганлари шу. Озода Самадова андиша ва соддалик қилиб дугонасининг раъйини қайтара олмаган бўлса, бугунга келиб банк ва мажбурий ижро бюроси андиша ҳам, раҳм ҳам қилмаяпти. Қоидага кўра, шундай бўлиши ҳам керак.
Битта йўл бор. Гаров ва таъқиқдаги автомашинани топиш. Бироқ уни ички ишлар бошқармаси ҳам, мажбурий ижро бюроси ҳам тополмаяпти. Самадованинг мустақил суриштирувларига асосланадиган бўлсак, машина аллақачон сотиб юборилган. Сотиб юборилган бўлса, у қандай расмийлаштирилган, кимга сотилган бу ҳозирча бизга қоронғу. Бироқ Самадова машинани сотиб олган фуқаро билан телефон орқали боғлангани, ўша одам “Малибу 2” нақд пул бериб олгани, бироқ таъқиқда бўлгани учун ундан фойдалана олмаётганини маълум қилган.
Хулоса қилиш мумкинки, масъул ташкилотлар соддалик ва андишаси сабаб оиласида жиддий муаммоларга учраб турган Самадованинг арзимас ойлигига кўз тикиб ўтирса, яқин ўн йилларда ҳам зарар қопланмайди. Шундай экан, асосий қарздор Бўриевга нисбатан қонун доирасида қилиниши керак бўлган ҳаракатларни тезроқ амалга ошириши, Самадова телефон орқали суҳбатлашган фуқаро орқали машинани топишга ҳаракат қилиши лозим.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Исомиддин Пўлатов.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024