Ўзбекистон | 17:13 / 26.12.2023
7935
2 дақиқада ўқилади

“Фақат исроф қилмаслик учунгина сувнинг нархини кўтариш тўғри эмас” – экофаол

Мўътабар Хушвақтовага кўра, исроф қилмаслик учунгина нархларни оширишмас, балки узоқ муддатга мўлжалланган дастур асосида нархларни кўтариш сувни тежашда самарали бўлиши мумкин.

“Улар” подкастининг сув ва экологияга бағишланган сонида қатнашган экофаол Мўътабар Хушвақтова сувни исроф қилмаслик учун унинг нархини қимматлаштириш кераклиги, лекин бу мақсадли бўлиши зарурлиги ҳақида айтиб ўтди.

“Кўп чет давлатларда ичимлик суви қиммат. Кичик бир шиша сув ҳам анчагина пул туради. Бизда эса ичимлик суви жуда арзон. Нархнинг кўтарилиши унинг қадрланишига олиб келиши мумкин. Лекин халққа қийин бўлади. Шунинг учун нарх кўтарилгани ҳисобига тушадиган пул тўғри ишлатилиши керак, кимнингдир чўнтагига кириши ё коррупция ичида йўқолиб кетмаслиги керак.

Халқни қийнаб пулини оляпсизми, узоқ муддатга мўлжалланган дастур ишлаб чиқиб, кейин нархни кўтаришингиз керак. Фақатгина исроф қилмаслик учунгина сувнинг нархини кўтариш керакмас”, деди экофаол.

Мўътабар Хушвақтова табиатни асраш биринчи навбатда одамлар учун муҳим эканини айтиб ўтди.

“Масалан, Орол қуриган бўлса ҳам, унинг ҳудудида ҳали ҳам ҳаёт бор, жонзотлар, ўсимликлар мавжуд. У ердан фақатгина одамлар кетган холос. Одамлар зарар кўрган. Экологик муаммолар одамларнинг ичадиган сувини, ейдиган овқатини олиб қўяди. Шунинг учун табиат бизнинг асрашимизга муҳтож эмас, биз бунга муҳтожмиз”, деди у.

Мўътабар экологияни асраш тарғиботи панд-насиҳат руҳидаги чақириқлардан иборат бўлмаслиги, бу халқ яхши кўрадиган йўналишдаги юморлар, қўшиқ ва турли роликлар билан олиб борилиши керак деб ҳисоблайди.

Подкастнинг шу сонида экология вазирлиги маслаҳатчиси Расул Кушербаев экология назорат органини ҳукумат таркибидан чиқаришни таклиф қилганди. 

Мавзуга оид