Жаҳон | 14:48 / 26.12.2023
19763
2 дақиқада ўқилади

Теҳрон Исроилнинг Дамашққа зарбаси оқибатида эронлик генерал ҳалок бўлганини маълум қилди

Эрон ҳукумати Сурия пойтахти Дамашқ шаҳрига Исроил авиацияси йўллаган зарба оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг юқори мартабали мулозими, генерал Саид Ризо Мусавий ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Фото: Getty Images

Эроннинг Tasnim ахборот агентлиги хабар қилишича, Мусавий Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «тажрибали ҳарбий маслаҳатчиси» саналган. Манба маълумотига кўра, ушбу ҳарбий Дамашқнинг жануби-шарқий ҳудудига йўлланган ҳаво зарбалари қурбонига айланган.

«Исроил режими бу жинояти тўловини албатта тўлайди», — дейилган корпуснинг Al Mayadeen телеканали келтирган баёнотида.

Исроил расмийлари Мусавийнинг ўлими ҳақидаги хабарларни изоҳламаган, одатда улар Исроил чегараларидан ташқаридаги амалиётлари ҳақида маълумот беришмайди.

Аммо шуниси маълумки, исроиллик ҳарбийлар кўп йиллар мобайнида Сурияда Эронга алоқадор нишонларга зарбалар бериб келади, сўнгги ойларда, Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланганидан кейин эса бундай зарбалар тез-тез йўлланадиган бўлди.

Эрон қўшини Сурияда 2011 йилдан буён давом этаётган фуқаролар урушида қатнашади; улар Башар Асад режимини қўллаб-қувватлайди.

Хабар қилишларича, Мусавий 2020 йилда Ироқда америкаликлар авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлган Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Қосим Сулаймоний билан яқиндан ишлаган.

Tasnim агентлиги маълумотига кўра, Мусавий корпуснинг Суриядаги энг юқори мартабали вакилларидан бири бўлган ҳамда Теҳрон ва Дамашқ ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришга ёрдам берган.

Декабр ойи бошида Эрон Исроилни Сурияда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг икки аъзосини ўлдиришда ҳам айблаганди.

Мавзуга оид