Ўзбекистон | 13:05 / 27.12.2023
6819
3 дақиқада ўқилади

Иқтисодий процессуал кодексига қўшимчалар киритилди 

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинди ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилди.

Фото: Norma.uz

Президент томонидан имзоланган қонун билан Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида кўриш босқичи жорий этилди.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинди ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилди.

Ишни тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этган судя шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда, шунингдек ишни юқори инстанция судида тафтиш тартибида қайта кўришда иштирок эта олмайди.

Кассация инстанцияси судининг кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш, уни қайтариш, кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими устидан, шунингдек кассация инстанцияси судининг кодексда устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) назарда тутилган бошқа ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят берилиши мумкин.

Апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори устидан Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, ушбу судларнинг тафтиш инстанциясининг суд ҳужжатлари ва ушбу судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари, шунингдек Олий суд томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, шунингдек тафтиш тартибида қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Олий суд Раёсатига тафтиш тартибида протест келтириши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд тафтиш тартибидаги шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан 5 кунлик муддатда уни ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига иш билан бирга юбориши шарт.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Мавзуга оид