Ўзбекистон | 18:42 / 27.12.2023
16546
2 дақиқада ўқилади

Шўрчи тумани собиқ ҳокими ҳам судлангани маълум бўлди

У ер бериш тартибини бузиш, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш каби жиноятларда айбдор деб топилган.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

2019-2023 йилларда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманига раҳбарлик қилган Бахтиёр Худойбергановга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

2023 йил 4 сентябр куни бўлиб ўтган судда Бахтиёр Ҳайитович Худойберганов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 229–4-моддаси (Ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми «а, б» бандлари, 167–моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «а, в, г» бандлари, 209–моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди, 184–1-моддаси (Бюджет ва смета-штат интизомини бузиш) 2-қисмидаги жиноятни қасддан содир этганликда айбдор деб топилган.

Унга ЖКнинг 59, 61-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Олий суд хабарига кўра, Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 7 ноябрдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмининг Б. Худойбергановга оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

  • Маълумот учун,  Бахтиёр Худойберганов 1976 йилнинг 19 мартида Қизириқ туманида туғилган. Фаолияти давомида Музработ тумани ҳамда Термиз шаҳар ҳокимликлари молия бўлими мудири, 2017 йилдан вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган. У 2019 йил сентябр ойидан 2023 йил январига қадар Шўрчи туман ҳокими лавозимида ишлаганди.

Мавзуга оид