Жамият | 16:37 / 27.12.2023
32111
1 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ҳайдовчи ЙПХ ходимларига бўйсунмай, уларни судраб кетди

Ҳайдовчи 16 ёшли ўсмир бўлиб, унда машина бошқариш учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган.

Сурхондарёда вояга етмаган ўсмир ЙПХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, уларни машинада судраб кетган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2023 йил 26 декабр куни Денов туманида содир бўлган.

Туманнинг Ш.Рашидов кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори ҳудудда ўрнатилган 3.27 йўл белгиси таъсир доирасида тўхтаб турган “Жентра” машинаси ҳайдовчисидан ҳужжатларини тақдим этишини сўраган.

Ҳайдовчи 16 ёшли ўсмир ҳужжатлари йўқлигини ва отаси келиб тақдим этишини маълум қилиб, машинани ўт олдириб кетишга уринади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ЙПХ ходимлари унинг йўлини тўсганда ҳайдовчи уларни судраб кетганини кўриш мумкин.

Олиб борилган тезкор чоралар натижасида машина тўхтатилиб, ҳайдовчи туман Денов тумани ИИБга олиб бориб топширилган.

Ҳодиса натижасида ҳеч кимга тан жароҳати кузатилмаган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид