Спорт | 18:38 / 05.01.2024
29993
6 дақиқада ўқилади

Маҳмуд Раҳимовнинг фожиали ўлими, Саркисяннинг тайинланиши ва Ливандаги шармандалик. Осиё кубоги-2000ни қандай эслаймиз?

Фото: Getty images

Ўзбекистонлик мухлисларнинг Ливандаги Осиё кубоги-2000дан умиди катта эди. Олий лига-1999 мавсуми 1-даврасидан кейин «Динамо»ни пешқадамга айлантирган Маҳмуд Раҳимов миллий жамоа бош мураббийи сифатида ҳам БААда ўтган саралаш босқичида гуруҳда 1-ўринни эгаллаб, Ўзбекистонни финал босқичига олиб чиққанди. Аммо, йил якунида «Осиёнинг энг яхши мураббийи» деб топилган Маҳмуд Раҳимов мудҳиш автоҳалокатга учрагач, Ливанга янги мураббий бошқарувида йўл олган миллий жамоамизни ўзбек футболи тарихидаги энг шармандали натижа кутаётганди.

Маҳмуд Раҳимовнинг тайинланиши ва ғалабали саралаш

Самарқанднинг «Динамо» клуби 1998 йил Биринчи лига ғолиби сифатида Олий лигага йўлланма олгач, клуб раҳбарияти Маҳмуд Раҳимовни бош мураббий этиб тайинлаганди. Кўҳна шаҳар жамоаси 43 ёшли мутахассис қўл остида мавсумни ажойиб бошлаб, 1-даврадан кейин Олий лигада пешқадамга айланади. Ўша йил миллий жамоа Осиё кубоги-2000 саралаш босқичида иштирок этишидан аввал Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарияти Маҳмуд Раҳимовни миллий жамоага бош мураббий этиб тайинлади.

1999 йил БААдаги саралаш ўйинлари олдидан миллий жамоа Самарқандда Озарбойжон (3:0) ва Малайзияга (5:1) қарши ўртоқлик ўйини ўтказиб, тайёргарлик кўрди. Октябр ойида эса Бирлашган Араб Амирликларида ўтган саралаш босқич 3-гуруҳида Ўзбекистон Бангладеш (6:0), Шри-Ланка (6:0), Ҳиндистон (3:2) жамоаларини мағлуб этиб, ягона йўлланма учун баҳсда мезбон БААга қарши кетма-кет 4-ғалабасига (1:0) эришди ва юз фоизли натижа билан Осиё кубоги-2000га йўлланма олди. Ҳал қилувчи ўйинда Миржалол Қосимовнинг узатмасини Максим Шацких голга айлантирганди.

Раҳимовнинг автоҳалокатга учраши ва янги мураббийлар

Маҳмуд Раҳимов бош мураббийлигида Ўзбекистон миллий жамоаси таркиби анча кучайган эди. Миржалол Қосимов, Андрей Фёдоров, Павел Бугало, Николай Ширшов, Сергей Лебедов сингари етакчилар қаторига Жаъфар Ирисметов, Максим Шацких, Андрей Акопянц сингари янги номлар қўшилган, бу жамоанинг Осиё кубогидаги иштирокидан умид катта эди.

Аммо миллий жамоа бош мураббийини олдинда аянчли қисмат кутарди. Бош жамоамиз ноябр ойида БААдан қайтгач, орадан икки ой ҳам ўтмай, Маҳмуд Раҳимовнинг автоҳалокатга учрагани ҳақидаги шум хабар тарқалди. 1999 йилнинг 24 декабр куни Тошкент – Самарқанд автотрассасида юк машинаси 44 ёшли мутахассис бошқарувидаги автомобил билан тўқнашиши оқибатида Маҳмуд Раҳимов бу ёруғ оламни эрта тарк этади... Бу эса турли миш-мишларга сабаб бўлганди.

Миллий жамоамизнинг ўша саралашдаги муваффақияти ортидан Осиё футбол конфедерацияси Маҳмуд Раҳимовнинг вафотидан сўнг, ўзбекистонлик мутахассисни «Осиёнинг 1999 йилдаги энг яхши мураббийи» деб эълон қилиб, совринни унинг оиласига топширади.

2000 йилда эса Ўзбекистон футбол федерацияси қарорига кўра, «Нефтчи» клуби устози Юрий Саркисян Ўзбекистон миллий жамоасини Ливандаги Осиё кубогига бош мураббийи сифатида олиб боришини маълум қилганди.

Фото: Getty images

«Ўлим гуруҳи» ва Осиё кубоги тарихидаги энг ёмон иштирок

Ўзбекистон миллий жамоаси Ливандаги қитъа биринчилигида «ўлим гуруҳи» дея таърифланган «С» гуруҳида Япония, Саудия Арабистони ва Қатар билан квартетни ташкил этганди.

Ўзбекистоннинг Осиё кубоги-2000 учун «заявкаси»:

Дарвозабонлар: 1.Павел Бугало («Алания», Россия), 20.Георги Забиров («Нефтчи»), 16.Наримон Усмонов («Темирйўлчи»).

Ҳимоячилар: 2.Бахтиёр Ашурматов («Пахтакор»), 3.Андрей Фёдоров («Рубин», Россия), 12.Даврон Файзиев (ЦСКА, Россия), 14.Абдумажид Тоиров («Нефтчи»),  17.Февзи Давлетов («Дўстлик»), 18.Александр Хвостунов («Крилья Советов», Россия), 27.Шуҳрат Раҳмонқулов («Навбаҳор»).

Яримҳимоячилар: 4.Миржалол Қосимов («Крилья Советов», Россия), 5.Сергей Лушан («Ростов», Россия), 7.Отабек Шомуродов («Нефтчи»), 8.Николай Ширшов («Ростов», Россия), 9.Мухтор Қурбонов («Пахтакор»), 15.Сергей Лебедев («Нефтчи»), 25.Рустам Дўрмонов («Нефтчи»).

Ҳужумчилар: 10.Максим Шацких («Динамо Киев», Украина), 11.Андрей Акопянц («Ростов», Россия), 23.Неъматилла Қутибоев («Турон»), 24.Умид Исоқов («Нефтчи»), 26.Игорь Шквирин («Пахтакор»).

Вакилларимиз 1-турда Миржалол Қосимовнинг жарима зарбасидан киритган суперголи эвазига Қатар билан дуранг (1:1) қайд этган бўлса, Япония билан баҳсда миллий жамоамиз тарихидаги энг йирик ҳисобли мағлубият кутаётган эди – 1:8. Уч кун ўтиб, 3-турда ҳам яна бир шармандали натижа қайд этилди – саудлар дарвозамизга жавобсиз 5та гол йўллашди.

Гуруҳдаги 3 ўйинда 2 мағлубият ва 1 дуранг қайд этган Юрий Саркисян шогирдлари -12 тўплар нисбати билан гуруҳда сўнгги ўринни эгаллашди. Ҳамюртларимизни йирик ҳисобларда мағлуб этган Япония ва Саудия Арабистони эса финалгача етиб бориб, турнир «самурайлар»нинг ғалабаси (1:0) билан якунланади.

Фото: Getty images

Осиё кубоги-2000. «C» гуруҳи
1-тур. 2000 йил, 14 октябрь
Қатар – Ўзбекистон – 1:1
Голлар: Муҳаммад Ғулом (61) – Миржалол Қосимов (73).

2-тур. 2000 йил, 17 октябрь
Япония – Ўзбекистон – 8:1
Голлар: Ҳироаки Моришима (7), Акинори Нишизава (14, 25, 49), Наохиро Такаҳара (18, 20, 57), Хидэаки Китажима (88) – Сергей Лушан (29).

3-тур. 2000 йил, 20 октябрь
Саудия Арабистони – Ўзбекистон – 5:0
Голлар: Марзук ал-Отаиби (18), Муҳаммад ал-Шалҳуб (35, 78, 86), Наваф 80.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид