Ўзбекистон | 15:33 / 06.01.2024
12465
3 дақиқада ўқилади

“Ҳаттоки, овқатланиш хонаси йўқ!” – Омбудсман Қорақалпоғистондаги наркология шифохонасини ўрганди

75 кишига мўлжалланган муассасада 157 нафар бемор даволанаётгани маълум бўлган. Омбудсман ССВни зудлик билан ҳолатга чора кўришга чақирди.

Фото: Омбудсман

Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тахиатош тумани филиали қатор камчиликлар билан фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, олдинроқ Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили томонидан шифохонада мониторинг ўтказилган ҳамда у ерда сақланаётган беморларга яратилган шароитлар белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланган. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2 марта тақдимнома киритилган.

Вазирлик жавоб хатида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ муассасани реконструкция қилиш ишлари учун 10 млрд сўм маблағ ажратиш белгиланганини, уни бошқа бинога кўчириш бўйича чоралар амалга оширилаётганини билдирган.

2023 йил охирида Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили муассасада қайта мониторинг ўтказган. Ташрифда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ва Қорақалпоғистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва вакиллари иштирок этган.

Ташриф давомида тиббиёт марказида беморларга яратилган шароитлар бартараф этилмагани маълум бўлган. Хусусан, 75 кишига мўлжалланган муассасада 157 нафар бемор даволанаётгани аниқланган. 

Муассаса биноси тўлиқ капитал таъмирталаб ҳолда бўлиб, ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган ва беморларнинг очиқ ҳавода сайр қилиш майдони ҳам талаб даражасида эмас. Филиалнинг барча қаватларидаги ювиниш хоналарида иссиқ сув йўқ. Даволаниш хоналарида кроватлар зич жойлаштирилган, асбоб-ускуналар яроқсиз ҳолатда. Ҳаттоки, овқатланиш хонаси ташкил этилмаган, махсус идишларнинг йўқлиги сабабли беморлар овқатланиши учун ўзлари олиб келган идишлардан фойдаланаётгани маълум бўлди”, дейилади Омбудсман хабарида.

Омбудсман ССВни зудлик билан ҳолатга чора кўришга чақирган ҳамда муассасага ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланганлик ҳолатини ўрганиш лозим, деб ҳисоблашини маълум қилган.  

Мавзуга оид