Ўзбекистон | 13:24 / 06.01.2024
10113
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда кластер фаолиятидан норози бўлиб Агробанк биносида намойиш ўтказган фермер жазоланди

У МЖтКнинг 201-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ва 12 суткага қамалган.

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида фаолият юритувчи фермер 12 сутка маъмурий қамоқ жазосини олган. Бу ҳақда вилоят суди матбуот котиби хабар бермоқда.

Маъмурий иш ҳужжатларига кўра, “Муҳаммад-Ойбек” фермер хўжалиги раиси Ойбек Тувалов 2023 йил декабр ойининг охирида Telegram орқали “Пайариқ туман фермерлари” номли гуруҳга “Пайариқ Кластер” МЧЖнинг фаолиятидан норози бўлиб хабарлар юборган.

Жумладан, у МЧЖ олдида жанжал бўлишини айтиб, йиғилишлар ва намойишлар уюштириш ва ўтказиш тартибига қарши хабарлар, видеохабарлар юборган.

Фермерлар ва ишчиларни йиғиб, маст ҳолатда АТБ Агробанк Пайариқ туман филиали биносида намойиш уюштирган.

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман судининг 2024 йил 4 январдаги қарорига мувофиқ О.Тувалов МЖтКнинг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Унга 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра Ойбек Тувалов кластерлар 2023 йилги пахта ҳосили учун тўланадиган пулларни шартномада белгиланган муддатда бермаётгани учун норозилигини билдирган.

Мавзуга оид