Беш юлдузли меҳмонхона, метро бекати ва 70 минг машина учун автотураргоҳ – дунёнинг энг йирик аэропортлари
Бугун дунёнинг аксарият йирик аэропортлари кичик шаҳарчаларни эслатади. Жуда катта ҳудудлар, кўплаб бинолар, саноқсиз одамлар, машиналар, савдо дўконлари, метро бекатлари ва меҳмонхоналар – булар аэропортларни бутун бошли маъмурий бирликка айлантириб қўяди. Ушбу материалда ҳудуд жиҳатдан дунёдаги энг йирик аэропортлар ҳақида маълумот берамиз.
Кўпгина шаҳарлар халқаро марказ – дунё бўйлаб парвозлар амалга ошириладиган жойга айланишга ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда йирик аэропортлар қурилмоқда.
Шунингдек, айрим шаҳарларда ишлаб турган ҳаво қўналғалари торлик қилиб қолгани ва уларни кенгайтиришнинг иложи бўлмагани учун ҳам бошқа йирикроқ аэропорт қурилган.
Масалан, Истанбулдаги аэропорт билан шундай бўлди. Эски аэропорт йилдан йил парвозлар ва йўловчилар сони ошиб боравергани учун тиқилинч бўлиб қолди. Шу сабабли бу шаҳарда янги ҳаво қўналғаси қурилди.
Дунёдаги аэропортларга икки хил тасниф бўйича йирик мақоми берилади. Бири аэропорт эгаллаган ер майдонининг ўлчами, иккинчиси йўловчилар оқими бўйича ҳисобланади.
Агар эгаллаб турган ер майдонига кўра оладиган бўлсак, 2023 йил рейтингига кўра, Саудия Арабистонидаги Қирол Фаҳд халқаро аэропорти дунёдаги энг катта аэропорт ҳисобланади.
Европадаги ҳудуди бўйича энг йирик аэропорт Истанбулнинг янги аэропорти ҳисобланади. Унгача Париждаги Шарл де Голл аэропорти шундай мақомга эга бўлган.
Осиёда Саудия Арабистонидаги Қирол Фаҳд, Америкада Денвер, Африкада Қоҳира аэропорти ҳудуди жиҳатдан энг йирик ҳаво қўналғалари ҳисобланишади.
Аввалроқ, дунёнинг энг кўп йўловчи ўтказувчи аэропортлари ҳақида маълумот бергандик. Қуйида энг катта ҳудудга эга бўлган йирик аэропортлар ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтамиз.
10. Қоҳира халқаро аэропорти (Миср) – ҳудуди 36,3 км.кв.
Қоҳира аэропорти (халқаро қисқартмаси – CAI) Star Alliance аъзоси бўлган Мисрнинг EgyptAir миллий авиаташувчисининг асосий маркази ҳисобланади.
Мазкур ҳаво қўналғаси Мисрдаги энг йирик ва Африка қитъасидаги иккинчи энг гавжум аэропорт бўлиб, ундан кўплаб маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича қатновлар амалга оширилади.
Миср ҳукумати яқин келажакда бу аэропортни Африка ва Яқин Шарқ ўртасидаги асосий марказга айлантиришни режалаштирмоқда. Бу учун унда барча шароитлар бор.
Жумладан, аэропорт ҳудудида беш юлдузли меҳмонхона, терминаллараро поезд, улкан учиш-қўниш йўлаги ва уни Гиза билан боғлайдиган қарийб 7 километрли янги метро линияси мавжуд.
Келажакда аэропорт ҳудудида The Cairo Cargo City ва Oasis Project бизнес паркини қуриш режалаштирилган.
9. Пудун халқаро аэропорти (Шанхай, Хитой) – ҳудуди 39,9 км.кв.
Пудун халқаро аэропорти (халқаро қисқартмаси – PVG) 1999 йилда Хунцяо аэропорти ўрнига қурилган. Ҳонгконг ва Макаодан амалга ошириладиган қатновлар ҳам асосан шу ерда қабул қилинади.
Аэропортнинг йиллик йўловчи ташиш кўрсаткичи 60 миллион кишини ташкил қилади. Маъмурият бу кўрсаткични 80 миллион йўловчига етказишни режалаштирмоқда.
Пудонг халқаро аэропорти Air China, China Eastern Airlines, Shanghai Airlines ва Spring Airlines авиакомпаниялари учун база ҳисобланади.
8. Жорж Буш номидаги халқаро аэропорт (Хюстон, АҚШ) – ҳудуди 44,5 км.кв.
Хюстондаги бу аэропорт (халқаро қисқартмаси – IAH) 1969 йилда қурилган ва 1997 йилда АҚШнинг 43-президенти Жорж Буш (Хюстонда туғилган ва 1988-1992 йиллар оралиғида АҚШни бошқарган) номи берилган.
2018 йилгача Хюстон аэропорти тирик бўлган давлат арбоблари номи билан аталган Америкадаги иккита аэропортдан бири эди.
Бу аэропортдан халқаро ва ички қатновлар амалга оширилади. Аэропорт Continental Airlines авиакомпаниясининг бош қароргоҳи ва асосий транзит маркази ҳисобланади.
Ҳар куни мазкур ҳаво қўналғасидан 1 400 та учиш ва қўниш амалга оширилади.
7. Дасин халқаро аэропорти (Пекин, Хитой) – ҳудуди 46,6 км.кв.
Авваллари Хитой пойтахтидаги энг йирик ва энг гавжум ҳаво қўналғаси Пекин халқаро аэропорти эди. Шаҳар маъмурияти бу ҳаво қўналғасида йўловчилар сонини камайтиришга қарор қилади ва янги йирик Дасин аэропортини (халқаро қисқартмаси – PKX) қуради.
Бу аэропорт ҳудуди қарийб 100 та футбол майдонига тенг. Дасин аэропортининг йиллик йўловчи ўтказиш салоҳияти 100 миллион кишини ташкил этади.
Аэропорт биноси жуда футуристик кўринади. Унда терминаллар денгиз юлдузи шаклида қурилган бўлиб, ҳар бир зал Хитой маданияти рамзларидан бирига бағишланган. Масалан, терминаллардан бирида чой, бошқасида ипак матога урилган тасвирларнинг суратлари бор.
Авиаташувлардан ташқари, Дасин аэропорти тезюрар темирйўл ва автомобил йўллари учун туташмаси ҳисобланади.
6. Даллес халқаро аэропорти (Вашингтон, АҚШ) – ҳудуди 48,6 км.кв.
Вашингтон шаҳридаги Даллес халқаро аэропорти (халқаро қисқартмаси - IAD) 1962 йилда ишга туширилган. Бу ҳаво қўналғаси асосан АҚШ пойтахти ва унинг атрофидаги шаҳарларга хизмат қилади. Аэропортга АҚШнинг эллик иккинчи давлат котиби Жон Фостер Даллес номи берилган.
Даллес аэропорти орқали учадиган асосий авиакомпаниялар – United Airlines, JetBlue Airways ва American Airlines. Бу аэропортда энг кўп йўловчини United Airlines авиакомпанияси ташийди — 61,5 фоиз.
Мазкур аэропорт АҚШдаги энг йирик арзон қатновлар амалга ошириладиган ҳаво қўналғаси ҳисобланади. Independence Air лоукостери ўз парвозларини асосан шу аэропорт орқали амалга оширади.
Шу лоукостер парвозларни бошлагандан сўнг Даллес аэропорти АҚШнинг энг тиғиз аэропортлари рейтингида 24-ўриндан 4-ўринга кўтарилган.
5. Орландо халқаро аэропорти (АҚШ) – ҳудуди 53,8 км.кв.
Ушбу аэропорт (халқаро қисқартмаси – MCO) 1981 йилда Орландо шаҳридан 10 км узоқликда қурилган. Бу ерда ҳар куни 850 га яқин парвозлар амалга оширилади.
Орландо халқаро аэропорти AirTran Airways авиакомпанияси учун қўшимча марказ ва Southwest Airlines ҳамда JetBlue Airways авиакомпаниялари учун асосий марказ ҳисобланади.
2022 йилда Орландо аэропорти 50 миллиондан ошиқ йўловчини ўтказган. Бу кўрсаткич билан у Флорида штатида биринчи, АҚШда ўн биринчи ўринни эгаллаган.
Айтганча, айнан Орландо аэропорти Shuttle космик кемаларининг фавқулодда қўниши учун захира жойи ҳисобланади.
4. Форт-Уэрт халқаро аэропорти (Даллас, АҚШ) – ҳудуди 69,63 км.кв
Даллас аэропорти (халқаро қисқартмаси – DFW) 1973 йилда қурилган. Унинг ҳудудини кўпинча Ню-Йоркдаги Манхеттен билан таққослашади – аэропорт ҳудуди оролдан бироз каттароқ.
Мазкур аэропорт American Airlines авиакомпаниясининг энг йирик марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерда парвозларнинг 84 фоизи ушбу авиакомпания томонидан амалга оширилади.
Даллас аэропортидан ички ва халқаро парвозлар бўйича 273 та йўналишга учиш мумкин. Бу аэропорт сўнгги йилларда йилига 75 миллион йўловчи ўтказмоқда.
Аэропорт ҳудуди шунчалик каттаки, ўзининг почта индекси, фавқулодда ёрдам ва коммунал хизматлар ҳамда ва почта бўлимларига эга.
3. Истанбул халқаро аэропорти (Туркия) – ҳудуди 76,5 км.кв
2018 йил октябр ойида Истанбулда янги аэропорт (халқаро қисқартмаси – IST) ишга тушди ва Европадаги энг йирик ҳаво қўналғасига айланди.
Аэропортнинг ички ва халқаро қатновлар амалга ошириладиган бўлимлари жойлашган биноларда кўп сонли дам олиш жойлари ва кафелар мавжуд. Бу аэропорт ҳудудида 70 минг машина учун тўхташ жойи бор.
2019 йилда Истанбулдаги Мустафо Отатурк номидаги аэропорт ёпилди. Шундан сўнг янги аэропорт Истанбулдаги асосий ҳаво қўналғаси бўлиб қолди.
Истанбул аэропортидан 350 та йўналишга парвозлар амалга оширилади. Ҳозир унинг йўловчи ўтказиш қуввати йилига 70 миллион кишини ташкил этади.
Яқин келажакда турклар бу аэропортни йилига 150-200 миллион йўловчига хизмат кўрсата оладиган қилишни режалаштирган.
2. Денвер халқаро аэропорти (АҚШ) – ҳудуди 135,71 км.кв
Денвер аэропорти (халқаро қисқартмаси – DIA) ҳудудининг катталиги бўйича АҚШдаги энг йирик ҳаво қўналғаси бўлиб, у шаҳар марказидан 40 километр узоқликда жойлашган.
Ушбу аэропорт Frontier Airlines ва United Airlines авиакомпаниялари учун асосий ҳаб, Southwest Airlines учун эса база ҳисобланади.
Денвер халқаро аэропорти ҳар йили 26 млрд доллардан ортиқ даромад келтиради. У ерда 35 минг ходим ишлайди ва аэропорт бу кўрсаткич билан Колорадо штатидаги энг йирик иш берувчилардан бири ҳисобланади.
Мазкур аэропорт йўловчи ўтказиш сони бўйича АҚШда бешинчи ўринни эгаллайди. У 30 та халқаро ва 185 та ички йўналишларга парвозларни амалга оширади.
Денвер аэропорти учиш-қўниш йўлагининг кўринишини фашистларнинг свастикасига ўхшатишади. Шунингдек, у ердаги ерости туннелларини концлагерларга тенглаштиришади ва шу туфайли танқид қилишади.
Аэропорт биносининг том қисми Денвер шаҳрининг рамзи бўлган қорли тоғ чўққилар кўринишида қурилган.
1. Қирол Фаҳд халқаро аэропорти (Даммам, Саудия Арабистони) – ҳудуди 780 км.кв
Қирол Фаҳд аэропорти (халқаро қисқартмаси – DMM) тижорий парвозлар учун фақат 1999 йилга келиб очилди. Ушбу ҳаво қўналғаси Даммам шаҳридан 25 километр узоқликда жойлашган.
Аэропорт ҳар йили тахминан 10-12 миллион йўловчига хизмат кўрсатади. Бу аэропорт Saudi ва Flynas каби авиакомпаниялар учун асосий ҳаб ҳисобланади.
Бу аэропорт тиғиз ҳаво қўналғаси ҳисобланмайди – йилига бор-йўғи 4 млн нафар йўловчи ўтказади. У Саудия Арабистони аэропортлари орасида йўловчи ташиш бўйича учинчи ўринда туради.
Мамлакат шарқидан бошқа давлатларга учадиган саудияликлар ва халқаро сайёҳлар Даммам аэропортидан кўра қўшни Баҳрайн аэропорти орқали учиб келади ёки учиб кетади.
Аэропорт жуда катта ҳудудни (780 км.кв) эгаллаган бўлса-да, фақат унинг 40 км.кв.дан фойдаланилади. Айтганча, Қирол Фаҳд аэропортининг майдони Баҳрайн ҳудудидан (760 км.кв) каттароқ ва бутун Ню-Йорк шаҳри ҳудудидан атиги 2 км.кв кам.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
19:59 / 18.12.2024
Тошкентда йўлбўйи автотураргоҳларини ташкил этиш учун бошқа компания танланди
16:33 / 25.11.2024
Тошкентнинг 86 та нуқтасида пулли автотураргоҳ ташкил этиш ҳуқуқи 120 млрд сўмга сотилди
17:36 / 14.11.2024
Ҳиндистон халқаро аэропортида ҳавонинг ифлосланиши туфайли 200 дан ортиқ рейслар кечиктирилди
11:38 / 13.11.2024