“Колбаса инқилоби” – СССР парчаланишини тезлатган воқеа
1990 йилда Украина ССРнинг Черниҳив шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлади. Вилоят раҳбариятида ишловчи амалдорнинг хизмат машинаси бошқа бир машина билан тўқнашади. Шу пайтда амалдорнинг машинаси юкхонасидан магазинда топилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари сочилиб кетади. Буни кўрган одамлар кўп ўтмай вилоят раҳбарияти биноси олдига йиғилади.
1980-йиллар иккинчи ярми ва 1990-йиллар бошида СССРда иқтисодий инқироз юз берди. Одамларнинг турмуш даражаси пасайиб, магазинларда тақчиллик пайдо бўлди.
Бу иқтисодий инқирознинг илдизи 1970-йиллар охирида, советлар Афғонистон ҳудудига бостириб кирган пайтдан бошланади.
Советлар Афғонистонга бостириб киргандан сўнг Ғарб давлатлари СССРга нисбатан иқтисодий ва сиёсий санкциялар эълон қилди. Оқибатда, бир томондан санкциялар, иккинчи томондан нефт нархининг кескин тушиб кетиши СССРдаги иқтисодий вазиятни оғирлаштира бошлайди. Бунинг устига Афғонистондаги урушга ҳисобсиз маблағ ишлатилади ва мамлакатда аҳолининг турмуш даражасини пасайтиради.
Вазият айниқса 1980-йиллар ўрталарига келиб оғирлашади. Шу сабабли 1985 йилда СССР раҳбари бўлган Михаил Горбачёв мамлакатда ислоҳотларни бошлайди. Бу пайтда эса СССР иқтисодиёти батамом фалажланиб бўлади. 1987-88 йилларда мамлакатда кўплаб маҳсулотлар тақчиллиги кузатила бошланади. Магазинлардан энг биринчи кирсовун ва шакар узилади. Сўнг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда истеъмол товарлари тақчиллиги бошланади.
1989-1990 йилларда мамлакат бўйлаб магазинларда гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар ҳамда бошқа озиқ-овқатлар камайиб кетади.
Мамлакатнинг пул бирлиги рубл кескин қадрсизлана бошлайди. Ўша пайтда одамлар қўлидаги пулга маҳсулот топа олмай қолади. Уларни махсус талонлар билан сотишга ўтишади. Шу билан бирга яширинча, «подприлавка» ҳолда савдо қилиш авж олади.
Умумий манзара шундай бўладики, магазинларда кундалик озиқ-овқатлар тақчил, иккиламчи озиқ-овқатлар ва сифатсиз (брак) кийим-кечак ҳамда бошқа истеъмол товарларини эса чанг босиб ётарди.
Ана шундай кунларнинг бирида Украинадаги вилоятлардан бирида халқ вилоят раҳбарияти биноси олдига тўпланиб намойиш ўтказа бошлайди.
Аслида ўша пайтда СССРнинг турли ҳудудларида озиқ-овқат тақчиллигига қарши тез-тез намойишлар бўлиб турган. Бироқ Украинадаги намойишларга ўша пайтда анча тақчил бўлган ва магазинларда топилмай қолган гўшт ва сут маҳсулотлари, жумладан колбаса ва пишлоқ сабаб бўлганди. Шу сабабли бу намойишлар тарихда «Колбаса инқилоби» номини олган.
«Авария»
1990 йил 6 январ куни кечки соат 19:00 ларда Черниҳив шаҳридаги чорраҳалардан бирида иккита машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлади.
Ҳарбий хизматчига тегишли «Жигули» светофорнинг яшил чироғида чорраҳадан ўтаётганида нариги тарафдан тез ҳаракатланиб келган «облисполком» (вилоят ижроия қўмитаси)нинг ташкилий ишлар бўйича мудирига тегишли «Волга» хизмат машинаси унга келиб урилади.
Тўқнашув пайтида «Волга»нинг юкхонаси очилиб кетади ва у ерда бўлган колбаса, сосиска, пишлоқ, товуқ оёқлари ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг бир қисми кўчага сочилади.
Атроф тўла одам эди ва ҳамма «Волга»дан сочилиб кетган озиқ-овқатларни кўради. Ўша пайтда оддий аҳоли бундай егуликларни баъзида магазинга келган пайтида узоқ вақт навбатга туриб, махсус талон билан сотиб оларди. Вилоят даражасидаги амалдор эса хизмат машинаси юкхонасини тўлдириб юрибди.
Одамлар йиғила бошлагач «Волга» ҳайдовчиси машинани ҳодиса юз берган жойидан олиб кетишга уринади. Бироқ чорраҳага кириб келган троллейбус унга халал беради. Одамлар «Волга»ни ўраб олади ва троллейбус кетгандан сўнг унинг ҳаракатланишига халақит беради. Амалдорнинг ишидан норози бўлган одамлар машинани шатакка олиб, юкхонаси очиқ ҳолда вилоят раҳбарининг уйи олдига тортиб боради. Ўшанда уларни «обком»нинг уйига бостириб киришдан милиция тўсиб қолади.
Намойишлар
Биринчи намойишлар «авария» содир бўлгандан бироз ўтиб, шаҳар марказидаги «Қизил майдон»да бошланади. Одамлар туни билан гулхан ёқиб майдонда қолади.
«Авария»нинг эртасига, 1990 йил 7 январ куни эрталаб одамлар «обком» биноси олдида йиғила бошлайди. Улар вилоят раҳбарининг истеъфосини талаб қилишади. Намойишчилардан бири «Менга тегишли гўштни ким еб қўйди?» деб ёзилган плакат кўтариб олганди.
Ўша куни вилоят раҳбари халқ олдига чиқади ва ҳодиса айбдори бўлган мансабдорнинг қўлидан партия билетини тортиб олиб йиртиб ташлайди.
Сўнг унинг ишдан бўшатилганини эълон қилади. Охирида ўзи ҳам истеъфога чиқишини айтади. Шу тариқа СССР тарихида биринчи марта вилоят раҳбарининг намойиш пайтида, халқнинг олдига чиқиб ишдан бўшаши юз беради.
Намойишчилар бир нечта банддан иборат талаблар ёзилган қоғозларни вилоят раҳбариятига топширишади.
Воқеалар ривожи
Черниҳивдаги намойишларни Украинанинг СССР таркибидан чиқишини илгари сураётган партия ва халқ ҳаракати вакиллари синчковлик билан кузатаётганди.
Улардан бири бўлган «Украина халқ фронти» партияси ташаббусни қўлга олади ва намойишлар кўлами кенгаяди. Шундан сўнг Черниҳивдаги ҳодиса мамлакатдаги ОАВда кенг муҳокама қилина бошланади.
Кўп ўтмай намойишлар Украинанинг бошқа шаҳарларига ҳам ёйилади. Киевда Украина ССР Олий кенгаши жойлашган бино яқинида ҳам одамлар тўпланади. Черниҳивдаги намойишчилар Москвага 18 та банддан иборат талабнома юборишади.
Унда зудлик билан Черниҳив вилояти раҳбариятининг барча ходимларини ишдан бўшатиш, вилоят раҳбарияти эгалик қилиб келаётган турли қўшимча биноларни, дам олиш масканлари, санаторияларни халқ фойдаланиши учун тортиб олиш, СССР конституциясининг 6-моддасини бекор қилиш, сўз эркинлигини бериш каби талаблар қўйилган эди.
Маълумот учун, СССР конституциясининг 6-моддасида совет иттифоқида коммунистик партия «Совет жамиятининг етакчи ва йўналтирувчи кучи, унинг сиёсий тизими, давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаги» деб таъриф берилган ва шу модда асосида партия яккаҳокимлиги ўрнатилганди.
Кўп ўтмай Черниҳив вилояти ва шаҳар раҳбариятининг аксарият ходимлари ишдан бўшатилади. Бироқ уларнинг ўрнига тайинланганлар ҳам КПСС аъзолари эди. Вилоят раҳбари этиб тайинланган В.Лисовенко ҳам КПСС марказий қўмитасида ишлаганди.
Шундан сўнг одамлар «Бизни алдашди. Коммунистларни ишдан бўшатиб уларнинг ўрнига яна коммунистларни тайинлашди» деб яна намойишга чиқади.
Ўшанда «Волга» билан тўқнашган «Жигули»га етказилган зарар унинг ҳайдовчисига тўлаб берилади. Кейинчалик, у ўшанда ўзини КГБ ходимлари бир неча марта сўроқ қилганини, намойиш уюштириш мақсадида «Жигули»ни жўрттага «Волга»га олиб бориб урганликда айблаганини айтиб берганди.
«Колбаса инқилоби» туфайли содир бўлган ўзгаришлар
Черниҳивдаги намойишчилар томонидан илгари сурилган талаблар СССРнинг турли жойларида акс садо беради. Бошқа шаҳарларда ҳам одамлар намойишга чиқа бошлайди.
Бу намойишларда энг асосий талаблар конституциянинг 6-моддасини бекор қилиш ва шу билан коммунистик партия яккаҳокимлигини тугатиш, мамлакатда турли сиёсий партияни рўйхатдан ўтказишга рухсат бериш, сўз эркинлигини таъминлаш кабилар эди.
Шундан сўнг Москвада коммунистик партия гегемонлигига чек қўйиш масаласи муҳокама қилина бошланади.
1990 йил 12-15 март кунларида КПСС марказий қўмитаси пленумининг қарорига биноан, халқ депутатларининг навбатдан ташқари съездида «Сиёсий тизим масалалари бўйича СССР конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги СССР қонуни лойиҳаси муҳокама қилинади.
Муҳокамаларда асосан СССР конституциясининг 6- ва 7-моддаларини ўзгартириш масаласи кўриб чиқилади.
1990 йил 14 март куни «СССР президенти лавозимини таъсис этиш ва СССР Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинади.
Шундан сўнг амалда мамлакат раҳбари эгаллаган КПСС марказий қўмитаси бош секретари ўрнига СССР президенти лавозими жорий этилади ва унга кўплаб ваколатлар берилади.
Шу тариқа, 1990 йил 14 март куни мамлакат конституциянинг 6-моддаси бекор қилинади ва СССРда кўппартиявийликка рухсат берилади.
Конституциядаги муҳим модда олиб ташлангандан сўнг СССР бўйлаб жуда кўплаб вилоятларда раҳбарлар алмаштирилади. Бироқ бу ишларнинг нафи бўлмайди ва мамлакатдаги иқтисодий вазият, одамларнинг турмуш даражаси баттар оғирлашаверади.
Охир-оқибат 1991 йил 18-21 август кунларида СССРда давлат тўнтариши содир бўлади. Бир гуруҳ юқори лавозимли амалдорлар Горбачёвни йиқитиб, СССРни сақлаб қолиш пайида бўлишади.
Уларнинг режаси амалга ошмайди ва давлат тўнтариши содир бўлмайди. Шундан сўнг иттифоқдош республикалар бирин-кетин СССР таркибидан чиқиб, ўз мустақиллигини эълон қилади.
1991 йил 24 август куни Украина ССР олий кенгаши республика мустақиллигини эълон қилади.
Бугун Черниҳивдаги намойишларда қатнашган кексалар «СССРнинг парчаланишига биз сабаб бўлганмиз», деб гапириб юришади. Чунки айнан Черниҳивдаги намойишлардан кейин СССРда коммунистик партия яккаҳокимлиги бекор қилинган, бу эса мамлакатнинг парчаланиб кетишини тезлаштирган эди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
19:55 / 23.12.2024
Унутилган қаҳрамон. Миллий озодлик ҳаракати раҳбари Мадаминбек ким эди?
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024