Жаҳон | 15:06 / 10.01.2024
39651
4 дақиқада ўқилади

Қирғизистонлик депутат Салимбойдан ёрдам сўраб келгани маълум бўлди

Қирғизистон махсус хизматлари раҳбари Қамчибек Ташиев Жогорку Кенеш депутати Эмил Жамғирчиев Салим Абдувалиевга ўз мамлакатидаги расмийлар билан низоларни ҳал этиб беришни сўраб мурожаат қилгани ҳақида айтди. Депутат Салимбой билан учрашиш учун ўзбек-қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган.

Фото: Kaktus Media

Ўзбекистонда қидирувга берилган Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеш депутати Эмил Жамғирчиевга нисбатан қандай жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев парламентнинг 10 январ кунги йиғилишида гапириб ўтди.

Ташиевга кўра, депутат Жамғирчиев Ўзбекистонга ўтиб, «Салимбойвачча» номи билан танилган Салим Абдувалиевдан Қирғизистон расмийлари орасидаги низоларни бартараф қилиб, ўртада тартиб ўрнатишда ёрдам сўраган. Абдувалиев эса Қирғистондаги ишларга аралашмаслигини айтган.

Ташиев ўз ходимлари Ўзбекистонга бориб, Салим Абдувалиевни сўроқ қилганини айтган. Тергов вақтида депутат Жамғирчиев икки давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Салим Абдувалиев билан хуфиёна кўришишга келгани тасдиқланган.

«Бундан ташқари, Жамғирчиев Салимбойнинг ёрдамчисини ҳам алдаб ортга қайтган. Ёрдамчи ҳам гувоҳлик бериб, Эмил бир неча кун меҳмонхонада қолиб, пулини тўламай қочиб кетганини билдирди. Шу боис, Ўзбекистонда Жамғирчиевга нисбатан фирибгарлик ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш бўйича жиноят иши қўзғатилган», деган Ташиев.

Ташиев, шунингдек, Жамғирчиев Салим Абдувалиевга қарийб 10 варақдан иборат мурожаат ёзгани, унда ҳатто ўзининг депутатдан гўёки 180 минг доллар талаб қилгани ҳақида ёзганини ҳам қайд этган.

«У мамлакатимизни бошқараётганларнинг ҳаммасини ёмонотлиқ қилиб, чора кўришни сўраган. Бу қандай бедодлик?! 

У унга гўёки мен ундан 180 минг доллар ундирганим ҳақида ёзган. Мен эса, аксинча, пулларини қайтариб олиб берганман. Икки йигит менинг номимдан Жамғирчиевнинг отасидан пул олган. Улардан бири Қадамжўйдан, иккинчиси - Сузоқдан. Ҳа, ўз вақтида, сайловлардан олдин улар биз билан юрган. Бу факт бўйича биз жиноий иш қўзғатиб, бу йигитларни қўлга олганмиз ва отасига 180 минг долларни қайтарганмиз. Улардан бири - Орозалиев - 10 минг доллар берган, кейинги куни озодликка чиқиши керак эди, аммо тонгда унда инсулт рўй берди ва шифохонада вафот этди.

Жамғирчиев Абдувалиевга гўёки Қирғизистоннинг барча президентлари сайловлардан олдин унинг фотиҳасини олишгани ҳақида ёзган. Бу қанақаси? Бутун мамлакатни кулгига қўйди! Қачон бизнинг президентлар кримавторитетдан рухсат сўраган экан?! Ҳеч қачон бундай бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Жамғирчиев Ташиевни жавобгарликка тортишни ҳам сўраган», дея Ташиевнинг сўзларини келтирган Kaktus Media.

Жогорку Кенеш депутатлари 10 январ кунги йиғилишда депутат Эмил Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича розилик берди. 69 нафар депутат бу қарорни ёқлаб овоз берган. Қарши овозлар бўлмаган.

Ҳозирда Жамғирчиев Жогорку Кенеш биносидан қочиб, яширингани айтилмоқда.

  • Эмил Жамғирчиев Ўзбекистонда қидирувга берилгани 2023 йил февралида маълум бўлганди. Бироқ ўшанда унинг қайси жиноятда гумонланиб, қидирувга берилгани маълум қилинмаганди.
  • Эслатиб ўтамиз, Салим Абдувалиев 2023 йил 5 декабр куни процессуал тартибда ушланган. У Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми билан (ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш) гумон қилинаётгани айтилганди.
  • Кейинроқ Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Абдувалиевга нисбатан жиноят ишида айблов қайта кўриб чиқилганини билдириб, унга суд ажрими билан қамоқ эҳтиёт чораси қўллангани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид