Ўзбекистон | 12:33 / 11.01.2024
34086
7 дақиқада ўқилади

«Энг юқорига нотўғри «справка» киритилган» — Док-1 Макс ишида судланаётган Сардор Кариев асоссиз айбланаётгани ва унинг сабаблари ҳақида гапирди

Фармагентликнинг 68 бола ўлими билан боғлиқ ишда айбланаётган собиқ раҳбари Сардор Кариев судда кўрсатма берди. У барча ишлар ортида ўзининг ўша вақтдаги биринчи ўринбосари Улуғбек Эгамов турганини, тергов ва судда барча далиллар уни айблашга қараб кетган бўлса ҳам жавобгарликка тортилмаётганини айтди.

10 январ куни Док-1 Макс иши бўйича суд жараёни давом этди. Унда Фармацевтика агентлиги собиқ раҳбари Сардор Кариев кўрсатма берди.

Бу суд жараёнлари қарийб 5 ойдан буён давом этяпти. Шу пайтгача берган барча кўрсатмаларимни тасдиқлайман.

Олдин ҳам судда сўз берилганида гапиргандим. Менга нисбатан тергов томонидан айбим бўлмаса ҳам, айблов хулосаси менга нисбатан бўлди. Суд давомида мен ва адвокатларим томонидан барча айбловларга нисбатан бандма-банд далиллар ва исботлар билан ойдинлик киритилди. Ўзи раҳбарлик қилиши керак бўлган экспертлар кенгашида чиқарилган ҳужжатларга имзо чеккан, деган айбловга нисбатан ҳам далил келтирилди. Яъни Соғлиқни сақлаш вазирининг 104-сонли қарорида раҳбар бўлмаса ҳам, экспертлар кенгаши раҳбар ўрнини босувчи шахс билан ўтиши мумкин, деган банд бор. Терговда ҳам буни айтганман, аммо буни инобатга олишмаган. Ўша пайтда давлат делегацияси таркибида АҚШда бўлганим ҳам айтилмаган. Тергов томонидан менга нисбатан қасддан айблов қўйиш деб биламан.

Ўзим ҳам ҳуқуқшуносман. Шу нуқтаи назардан айтоламанки, айблов хулосаси бир-бирига тўғри келмайдиган эпизодлар билан бўрттириб ёзилган. Дори воситасининг лицензия сертификат муддати ўтиб кетган, деган айблов қўйиляпти. Лекин суд-тергов жараёнида кўриняптики, шартнома бўйича пул тушмасдан туриб корхонаси томонидан сертификат тақдим этиляпти, аммо тергов ҳужжатларида келтирилмаяпти бу. Сироп бўйича барча ҳужжатлар топширилган, суд терговида ҳар банди бўйича аниқлик киритилди.

Бу дорининг Ўзбекистонга кириб келишини тўхтатиш иложи йўқ эди деб ўйлайман. Чунки халқаро қонунчиликда, Британия фармакопеясида дори воситаларидаги пропиленгликоль моддаси ичидаги ёт модда этиленгликолни текшириш кўзда тутилмаган, Ўзбекистон қонунчилигида сироп дори воситаларидаги ёт моддаларни текшириш кўрсатилмаган. Шу нуқтаи назардан ходимларим томонидан олиб борилган ишлар қонун доирасида амалга оширилган.

Юқорида айтганимдек, Британия фармакопеясида пропиленгликоль моддаси ичида этиленгликоль ва диэтиленгликоль борлигини текшириш йўқ. Шунинг учун ҳам ишлаб чиқарувчи Ҳиндистон компанияси ҳам ўзининг текширувларида бу нарсани текшириб кўрмаган. Агар бу ҳолатда мендан бошқа раҳбарлар бўлганда ҳам худди шу механизмда воқеа такрорланар эди, чунки фармакопеяда бу кўрсатилмаган, қонунчиликда ҳам сиропларни ёт моддаларга текшириш айтилиши керак эди. Сиропнинг Ўзбекистонга кириб келиши жараёнида ҳеч кимда жиноят ҳолати бўлмаган, бу нарсанинг олдини олиш имкони йўқ эди.

Quramax дори воситасининг инспекциядан ечилиши масаласи. Бу ерда ҳам катта адолатсизлик бўляпти. Улуғбек деган валламат судга келганда сўроқ қилинди. Кўрсатма бераётган пайтда саволларга жавоб беролмай қолди. Инспекциядан ечилишига, бошқа дориларнинг ҳам ечилишига алоқаси бўлган деб ўйлайман. Тергов эса буни яширяпти. Тергов жараёнида кўрсатмаларнинг барчаси Эгамовга қараб кетаётганини кўриб, у эпизоддан чиқариб ташланди деб ҳисоблайман. Бу ерда менинг умуман айбим йўқ, ҳамма нарса менинг орқамдан қилинган. Мен томонимдан қайсидир дори воситасини инспекциясидан ечиш бўйича ноқонуний топшириқлар берилмаган. Барчаси менга нисбатан қасддан қилинаётган кўрсатмалар.

Улуғбек (Эгамов) судга келганда сўроқларга қай даражада жавоб берганини ҳамма кўрди, ОАВда ёритилди. Унга қарши кўрсатмалар қўйиб берилди. Унга нисбатан чора бўлади деб ўйлаган эдим, аммо бундай бўлмади. Бу эътирозимни терговга ҳам айтдим. Терговчилар айтдики, биз кўрсатмалар билан ҳеч кимни қамай олмаймиз, деди. Бошқаларни кўрсатмалар билан қамаса бўлар экан-ку, нега энди уни жавобгарликка тортиб бўлмайди.

Тергов хоҳлаган одамни айбдор қилиб кўрсатган. Бир нарсага эътибор қилишни сўрардим. Тадбиркор келиб, 200 доллар берганини айтяпти, яъни пора бериш, бошқа нарса деб бўлмайди. Аммо тергов уни пора беришга мажбур бўлган жабрланувчи сифатида кўрсатяпти.

Темиров Умид  ёлғон кўрсатмалар беряпти. АҚШдан қайтганимдан сўнг унга ишонганим учун олиб кирган ҳужжатига қўл қўйиб берганман. Аммо кўрсам бошқа ҳужжат турибди, нега бунақа бўлган, десам, узр, бошқа ҳужжатга қўл қўйдириб олибман, адашибман, деди. Шунинг учун терговда онлайн қатнашганман, денг деб айтди. Кўрсатмаларга кўра менга айблов қўйиляпти, аммо унга айблов йўқ. Агар унга айблов қўйилиб, у тан олса, мен айбсиз бўлиб қолиб, шунча тергов йўқ бўлиб қолади.

Иш очилгандан сўнг эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингунча 1 ой вақт ўтди, агар ўзимни айбдор деб билганимда қочиб кетган бўлардим. Аммо ундай қилмадим, чунки айбдор эмаслигимга ишонаман. Агар тергов тўғри қилинганда, мен айбланувчи эмас, балки гувоҳ сифатида турган бўлардим.

Яна бир нарса. Менга гувоҳ сифатида келиш тўғрисида чақирув қоғози келган эди. Аммо 2023 йил 24 январ куни мени омма олдида ҳибсга олиб кетишди аа буни ОАВларда кўрсатишди. Томоша қилиб қамашди.

Афсуски, терговда адолат бўлмади. Прокуратурага айблов хулосаси берилгач, нотўғри ёзилган, эпизодлар бошқа-бошқа, хато бу, 186-модда йўқ, десам ҳам, барибир ўтказиб юборишди. 186-модда ишлаб чиқарган, сотган, сақлаган, ташиган одамга нисбатан қўйилди. Айблов хулосасида 186-модда ифодаланган ҳаракатларга деб қўйилган. Бу нима дегани? Ифодаланган ҳаракат десак, ота-онамизни ҳам бизни дунёга келтиргани учун қамаб қўйиш мумкин бўлади. Юридик томондан аниқ ҳаракатлар, объектив, субъектив сабаблар кўрсатилиши керак.

Терговчиларга нега мени айбдор қиляпсиз, айбим йўқ-ку, десам, сенинг айбинг — раҳбарлигинг, халқнинг кўзи қонга тўлган, биз раҳбар одамни қамашимиз керак, шунда халқ тинчийди, деган гапларни айтишди.

Коррупцияга алоқам йўқ, ҳалол ишладим. Тўйдан олдин ноғора чалиб, оммага мени ёмонлаб қўйишди. Темиров келиб менга қарши кўрсатма беряпти, ўзи айбдор бўлиб туриб. Орқамдан иш қилиб туриб у жабрланувчи бўлиб, мен айбдор бўлиб қоляпман, ғалати ҳолат.

Охирги умидим шу суддан, ҳуқуқий давлатда яшаяпмиз деб ўйлайман. Айтганимдек, асоссиз айбловлар билан қамалиб турибман. Шу суд охирги умидим, деди ўз кўрсатмасида Сардор Кариев.

Суд иши 12 январга қадар танаффус эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда “Док-1 Макс” сиропидан вафот этган болалар сони 68 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда 10 январ, куннинг биринчи ярмида ўтган суд мажлисида давлат айбловчиси (прокурор) маълум қилган. Шунингдек, суд мажлисида яна икки кишига нисбатан тергов органининг айблов хулосаси ўқиб эшиттирилган.

Мавзуга оид