Фото: Чорсу бозорини пиёда айланган Буюк Британия элчиси ва ташқи ишлар вазири ўринбосари
Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари Лео Докерти ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Сиёсатчи ҳукумат вакиллари билан музокаралардан ташқари пойтахтнинг диққатга сазовор жойларини ҳам бориб кўрди.
10—11 январь кунлари Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиё билан алоқалар бўйича масъул ўринбосари Лео Докерти Ўзбекистонга иккинчи ташрифини амалга оширди.
У ташриф доирасида Ички ишлар вазири ўринбосари Шавкат Раҳмонов, Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Аъзам Қодирхўжаев, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов билан учрашган. Томонлар мулоқотлар давомида энергетика, таълим, терроризмга қарши кураш ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишларни муҳокама қилган.
Докерти маҳаллий маданият билан яқиндан танишиш мақсадида Чорсу бозорига ҳам борган. Унга Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Смарт ҳамроҳлик қилган.
«Кеча кечқурун вазир ўринбосари Докерти билан Чорсу бозорига қилган ташрифимиздан роҳатландик. Одамлар бизни жуда илиқ қабул қилди. Вазир ўринбосари эса Ўзбекистоннинг ажойиб қуруқ мевалари ҳамда ёнғоқларидан тановул қилишга (сотиб олишга) муваффақ бўлди», — дея ёзди элчи Смарт Twitter’даги саҳифасида.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Буюк Британия билан 1993 йилдан бери савдо-иқтисодий ҳамкорлар ҳисобланади.
«Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Ўтган ой Лондонда бўлиб ўтган сиёсий мулоқотга асосланиб, биз давлат бошқаруви, хавфсизлик, иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлигимизни кенгайтириш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ҳаракат қилмоқдамиз. Буюк Британия Ўзбекистонда сиёсий барқарорлик, кенг кўламли ислоҳотлар ва барқарор иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлашида собитдир», – дейди Докерти ташриф сўнгида.
Маълумот учун, Лео Докерти 2022 йил 27 октябрда Буюк Британиянинг Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ишлари ва тараққиёт вазирлигининг (ТИВ) вазир ўринбосари лавозимига тайинланган. У бундан аввал ТИВда Европа бўйича давлат вазири, Вазирлар Маҳкамаси ва Мудофаа вазирлигининг парламент котиби (мудофаа ва ветеранлар вазири) бўлган.
Эслатиб ўтамиз, хорижлик сиёсатчиларнинг Чорсу бозорини айланиши биринчи марта юз бераётгани йўқ. Аввалроқ Ўзбекистонга келган АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу элчи Жонатан Ҳеник ҳамроҳлигида Чорсу бозорини айланганди.
Мавзуга оид
00:10
Сунъий интеллект диабет ривожланиш хавфини ўнлаб йиллар олдин аниқлашга ёрдам беради
03:11 / 24.12.2024
Британия дронларга қарши янги турдаги радиочастотали қуролни синовдан ўтказди
18:56 / 22.12.2024
Британиялик ҳарбийлар оммавий равишда армиядан кетишни бошлади
17:37 / 20.12.2024