Жаҳон | 19:29 / 13.01.2024
18255
5 дақиқада ўқилади

Россия ҳаммани “демократия инқирози”га ишонтирмоқчи. Аслида вазият қанақа?

Охирги 10-15 йилда Россия пропагандасининг муҳим ғоя ва мақсадларидан бири – “демократия инқирози” ҳақида тинмай гапириш, буни асослаш, одамларга шу фикрни сингдириш бўлиб қолди. Рус медиаси таъсирида қолаётган Ўзбекистонда ҳам бунга ишонувчилар кўпайиб боряпти. Аслида-чи, демократия атрофидаги ҳозирги глобал тенденциялар қанақа?

Украина уруши бошланганидан кейин, Россия ва коллектив ғарб нафақат билвосита уруш майдонида, балки экзистенциал тўқнашувга ҳам бормоқда.

Россиянинг демократик қадриятларга қарши кампанияси бир қанча мақсадларни кўзлайди.

Биринчидан, Россия ҳокимияти тўлиқ ва тизимли авторитаризмга ўтиб бўлди. Яқин ўтмишда пост-совет ҳудудининг энг демократик давлатларидан бири бўлган Россия, ўз жамоатчилигини демократик жараёнлардан совутиш ва Кремл ҳокимиятини легитимлаштириш учун ҳам демократия ғояларига қарши кураш бошлади.

Иккинчи сабаб – бу ғарбга қарши курашиш учун, тарихан ғарб билан боғланган ғоялар ва мафкуралар билан, аниқроғи, либерализм билан курашиш мақсад қилинди. Одатда, цивилизация даражасида курашаётган тарафлар, қарама-қарши тарафнинг ғояларини, мафкурасини қадрсизлашни – ўз ғалабасининг шартларидан бири сифатида кўради.

Бутун Марказий Осиё давлатлари қатори, Ўзбекистон ҳам ҳалига қадар Россиянинг ахборот ҳудудида қолмоқда. Россия ОАВлари томонидан тарқатилаётган ҳар қандай қарашлар, истасак-истамасак, Ўзбекистон жамоатчилик фикрига кириб келаверади, чуқурлашади ва стандартлашади. Шунинг учун ҳам, бугун ҳаттоки либерал қарашдаги интеллектуаллар онгида ҳам “демократия инқирози” ҳақидаги қарашлар, фаразлар ва гумонлар анча ўрчиган.

Бугун АҚШ геосиёсиё инқирозда. Дунёда АҚШ бошчилигидаги коллектив ғарбга қарши геосиёсий “исён” бошланган. Бу исёнда бош ролларда – Россия, Хитой Халқ Республикаси, Эрон, Туркия, араб давлатлари ва бошқалар бор. Айни мана шу фонда, ғарб демократияларининг ўзида ички, структурали зиддиятлар ва муаммолар ҳам нисбатан кучайган.

Мисол учун, АҚШдаги икки асосий партия ўртасидаги кураш, мафкуравий-сиёсий даражадан ошиб, ҳаттоки давлатчиликни блоклаш даражасидаги кескинликларга бориб етмоқда. Ғарбий Европа демократияларида эса, ултра-ўнглар ва ултра-сўллар бош кўтармоқда. Айниқса, ултра-ўнглар шу пайтгача шаклланган сиёсий консенсусларни бутунлай қайта куриб чиқиш ниятида.

Хўш, бу дегани, демократик қадриятлар ва механизмларнинг яроқсизланганини англатадими? Ғарб инқирози замирида сиёсий плюрализм турибдими?

АҚШ – дунёдаги энг эски демократиялардан. АҚШ республикачилиги шаклланиши биланоқ икки партиявийлик шаклланган эди, ва бу икки партиянинг кураши, ҳар доим “инқирозларнинг асоси” сифатида кўрилган. Лекин, шундай бўлса-да, АҚШ демократияси ва давлатчилиги, мана уч асрки, яшаяпти. Кечаги СССР ва бошқа тоталитар давлатлар ва мафкуралар эса бугун йўқолиб кетган.

Ғарбий Европага келсак, бу ердаги халқлар демократия, эркинлик ва сиёсий плюрализмга қарши исён қилмаяпти. Ёки, демократия ва сиёсий плюрализм ғарб давлатлари учун инқирозлар яратаётгани йўқ. Гап шундаки, Ғарбий Европа жамиятлари глобаллашувдан тўйинди, уларни миграция ва эмиграция безовта қилмоқда.

Ғарбдаги сиёсий ва иқтисодий инқирозларнинг бошқа сабаблари ҳам кўп. Лекин, ғарб жамиятлари эркинликдан, сиёсий плюрализмдан чарчагани йўқ, воз кечаётгани йўқ. Аксинча, ҳукуматлардан ва давлатлардан шу пайтгача шаклланган сиёсий консенсусни кенгайтиришни, сиёсий плюрализмни кенгайтиришни талаб қилмоқда.

Инсоният глобализмга кириб келди. Бундан кейин куч ишлатиш орқали, жабр-зулмлар орқали бошқариш борган сари қийинлашиб бораверади. Демократиянинг, либерализмнинг марказида турувчи ғоя – бу эркинлик, жабр-зулмга тоқатсизлик. Бундан кейин эркинлик билан тизимли ва кенг кўламли курашиш – имконсиз.

Инсоният зулмга қарши топган энг яхши чора бу – демократия. Ўзбекистон ҳам, Конституцияга кўра, ҳуқуқий, демократик давлат. Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг энг асосий бурчи ва мажбурияти – инсон ҳуқуқларини таъминлашдир.

Россия пропагандаси айтганидек, демократия ва либерализм тизимли инқирозда эмас. Демократиянинг асосий вазифаси – жамиятдаги, одамлардаги яширинча ва ошкора норозиликларни, жамиятдаги ва давлатдаги инқирозларни илғаш ва ечим излашдир. Яъни демократия – муаммоларни сиёсий майдонга олиб чиқади. Қайси давлатда демократия ишласа – ушбу давлатда сиёсий инқироз кўринади.

Лекин авторитар давлатлардаги вазият, аслида, анча оғирроқ. Чунки глобаллашган дунёда жамиятни эркинлик билан тўйинтириш, ва эркинлик орқали, давлат институтларининг фаол ва легитим ишлаши орқали барқарорликка эришиш вазифаси ҳеч қаёққа йўқолмайди.

Ахборот даврида, энг муҳим нарса – инсонларнинг давлатга, ҳокимиятга ишончи даражаси ҳисобланади. Куч ишлатиш билан, ёки манипуляция қилиш билан, бу ишончни қозониб бўлмайди. Фақат эркин ва рози-ризо одамлардан иборат жамиятларгина табиий барқарор бўлади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид