Ўзбекистон | 18:10 / 13.01.2024
9706
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Зарафшон миллий табиат боғига қарашли ҳудудда йирик ёнғин юз берди

Бу боғда 2021 ва 2022 йилларда ҳам икки мартадан ёнғинлар содир бўлган ва табиатга кўп миқдорда зарар етган эди.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида содир бўлаётган ёнғин тасвирланган видео тарқалди.

Видеода олов жуда катта ҳудудни қамраб олгани ва аланга анча юқорига кўтарилаётганини кўриш мумкин.

Kun.uz манбасига кўра, ёнғин Жомбой туманида, Зарафшон дарёси бўйида жойлашган Зарафшон миллий табиат боғига қарашли ўрмонда содир бўлмоқда.

Зарафшон миллий табиат боғига қарашли ҳудудда тез-тез ёнғин содир бўлади. Жумладан, боғ ҳудудида 2021 ва 2022 йилларда икки мартадан ёнғин содир бўлганди.

2022 йилда Зарафшон миллий табиат боғини Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасидан Давлат Экология қўмитаси таркибига ўтказиш ҳақидаги қарор лойиҳаси эълон қилинганди.

Маълумот учун, Зарафшон миллий табиат боғи Ўзбекистондаги 10 қўриқхона ва миллий боғлардан бири бўлиб, 1975 йилда қўриқхона сифатида ташкил қилинган, кейинчалик миллий табиат боғига айлантирилган. Боғ майдони 2352 гектарни ташкил қилади ва у Зарафшон дарёси бўйлаб 47 километрга чўзилган. Боғнинг асосий мақсади – республикада йўқолиб бораётган жонзотлар популяциясини тиклаш ва сақлаш, бошқа қуш ва ҳайвонлар турларини муҳофаза қилишдан иборат. Бу ерда 1995 йилдан Бухоро буғусини кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид