Ўзбекистон | 22:35 / 15.01.2024
24111
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг 7 та шаҳридаги ҳаво сифати маълум қилинди

15 ноябр куни Термиз шаҳрида PM2,5 заҳарли дисперс заррачалари меъёрдан қарийб 42 марта баланд бўлди. Бугун Урганч ва Жиззах ҳавоси энг тоза шаҳарлар бўлди.

Тошкент, Гулистон, Самарқанд, Нукус, Урганч, Термиз ва Жиззах шаҳарларидаги 15 январ ҳолатига кўра ҳаво сифати таҳлиллари маълум қилинди.

Ўзгидромет маълумотида ҳаво таркибидаги 8 та модда углерод оксиди, азот диоксиди, азот оксиди, олтингугурт диоксиди, аммиак, озон, PM10 ва PM2,5 моддаларининг ифлослантирувчи концентрацияси кўрсатилган. Таҳлилларга кўра, шаҳарларда PM10 ва PM2,5 заррачаларининг меъёрдан ошиши кузатилган.

Хусусан, Термиз шаҳрида PM10 – 1253 мкг/м3, яъни меъёрдан 2,5 марта ошган. PM2,5 эса 208,5 мкг/м3 бўлиб, ЖССТнинг тавсиявий меъёридан 42 марта ошган. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида ҳам PM2,5 меъёрдан 18 марта кўплиги кузатилган.

Маълумот учун, PM10 – ҳаво таркибидаги майда қаттиқ зарралар бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти унинг меъёрини 500мкг/м3 деб белгилаган. PM2,5 эса энг кичик дисперс зарралар ҳисобланиб, унинг меъёрий кўрсаткичи 1 метр куб ҳаво таркибида 5 микрограммгача деб олинган.

Ҳаво сифатини ўлчаш станциялари ўрнатилган шаҳарлар ичида Жиззах ва Урганч ҳавоси энг тозаси ҳисобланади. Бу шаҳарларда 15 ноябр куни PM10 ВА PM2,5 рухсат этилган меъёрга етмаган.

Шунингдек, тоза ҳавоси бўйича кейинги ўринларда Нукус – PM2,5 6,4 мкг/м3 ва Тошкент шаҳри – PM2,5 – 15,3 мкг/м3 ни кўрсатган. Пойтахтдаги ҳаво сифатининг яхшилиги ёғингарчилик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шаҳар ҳавосининг ифлосланиш даражаси иситиш мавсуми бошланганидан буён тез-тез хавфли даражага чиқиб кетмоқда.

Маълумот учун, Ўзгидромет атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини қуйидаги шаҳарларда ўрнатилган автоматик режимда ишловчи станциялар орқали мониторинг қилиб боради:

– Тошкент шаҳридаги 2 та станцияларда (Юнусобод тумани, Бодомзор йўли, 1-тор кўчаси 72, Ўзгидромет; Чилонзор тумани, Бунёдкор шоҳкўчаси, Халқлар дўстлиги майдони);

– Гулистон (Буюк келажак маҳалласи);

– Жиззах (Зилол маҳалласи Авлоний кўчаси, 2-уй);

– Нукус (Олмазор кўчаси, 223-уй);

– Урганч (Ж. Мангуберди кўчаси, 2-уй).

– Самарқанд (Самарқанд ш., Университетский булвар, 17);

– Термиз (Ат-Термизий кўчаси, Санъат саройи).

Мавзуга оид