Ўзбекистон | 11:30 / 16.01.2024
3081
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларнинг 39 фоизи ўз фаровонлиги ошиб бораётганини қайд этди

Мамлакатда ишдан қониқиш ва муассасаларга ишонч ўртача даражадан юқори.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Gallup тадқиқот ва консалтинг ташкилоти томонидан тайёрланаётган йиллик сўровномаси бўйича ҳисоботини таҳлил қилди.

2022 йилда мамлакатда фаровонлик индекси максимал 10 баллдан 6 баллни ташкил этди. Постсовет Евросиё минтақасида (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбойжон, Арманистон, Гуржистон, Россия, Беларус, Украина, Молдова киради) ўртача кўрсаткич 5,7 га тенг.

Сўров натижаларига кўра, ўзбекистонликларнинг 39 фоизи ўз фаровонлиги ошиб бораётганини қайд этган, бу минтақавий ўртача 30 фоиздан сезиларли даражада юқори. Фақат 2 фоиз аҳоли ҳаётда қийинчиликларга учраётганини билдирган, бу минтақавий кўрсаткичдан 6 фоизга паст.

Ўзбекистон фаровонлик кўрсаткичлари бўйича минтақа мамлакатлари орасида энг яхши натижани қайд этган. 80 фоиз аҳоли ҳозирги молиявий ҳолатидан қониқаётганлигини билдирган, бу минтақадаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, минтақа учун ўртача 60 фоизни ташкил этган.

Аҳолининг 44 фоизи (минтақада 33 фоиз) ҳозирги даромадларида яхши ҳаёт кечираётганини билдирган.

Мамлакат кейинги беш йил ичида кутилаётган фаровонлик бўйича энг юқори баллга эга бўлди — 8,7 балл, минтақавий ўртача кўрсаткич — 7,4 балл. Ўзбекистонлик иштирокчиларнинг 86 фоизи турмуш даражаси яхшиланаётганини таъкидлаган (минтақада 40 фоизи).

Мавзуга оид