Ўзбекистон | 19:10 / 16.01.2024
13012
2 дақиқада ўқилади

Ургутда юк машинаси билан тўқнашган автобус ағдарилиб кетди

Ҳодиса оқибатида автобус ҳайдовчиси ва унинг ёрдамчиси тан жароҳати билан туман шифохонасига мурожаат қилган, муолажадан сўнг уйларига жавоб берилган.

Фото: Kun.uz

Бугун, 16 январ куни соат 13:20ларда 4Р-47 Ургут–Булунғур автомобил йўлининг Ургут тумани Мерганча маҳалласидан ўтган қисмида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Вилоят ЙҲХБ ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, кичик юк машинаси билан тўқнашган Isuzu русумли автобус йўл четига ағдарилиб кетган.

Оқибатда, автобус ҳайдовчиси ва унинг ёрдамчиси тан жароҳатлари олиб, шифохонага мурожаат қилган. Муолажадан сўнг уларга уйига жавоб берилган.

Маълумот учун, 4Р-47 Ургут–Булунғур автомобил йўлининг Ургут тумани Мерганча маҳалласидан ўтган қисмида тез-тез ЙТҲлар бўлади. Улар орасида, афсуски, одам ўлими билан боғлиқ авариялар ҳам бор.

Ноябр ойида Самарқанд вилояти Оқдарё туманида йўловчи автобус ағдарилиб кетган, оқибатда бир киши ҳалок бўлган, 17 киши тан жароҳатлари олганди.

2022 йил ноябрида Андижонда рўй берган автобус ва юк машинаси тўқнашувида эса 6 киши ҳалок бўлган, яна кўплаб одамлар жароҳатланган эди.

Шунингдек, ўтган ойда Қозоғистонда ичида 32 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус ағдарилиб кетганди.

Мавзуга оид