Жамият | 10:21 / 17.01.2024
17433
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ўт ўчириш машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди

ФВБ машинаси М-39 халқаро йўлида ёнаётган машинадаги оловни йўлнинг қарама-қарши томонида, ҳаракат қисмида тўхтаб ўчираётганда иккита машина келиб урилган.

Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилоятида бешта машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда уларнинг бири ёниб кетган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2024 йил 15 январ куни соат 6:50 ларда содир бўлган.

М-39 халқаро йўлида Самарқанд-Тошкент йўналишида ҳаркатланаётган Nexia машинаси Шароф Рашидов тумани ҳудудида музлама туфайли йўлнинг ҳаракатланиш қисмида тўхтаб қолган.

Шу пайтда у билан битта йўналишда келаётган юк машинаси Nexia’нинг орқа қисмидан урган. Оқибатда машинада ёнғин келиб чиққан.

Ёнғинни бартараф этиш учун ФВБ ўт ўчириш бўлинмаси етиб келган. Бўлинма вақтни тежаш мақсадида қайрилиш жойидан бурилиб келмаган ва қарама-қарши томонида йўлнинг ҳаракатланиш қисмида тўхтаб ёнаётган машинадаги оловни ўчиришга уринган.

Шу пайтда ўз йўлидан ҳаракатланиб келаётган Nexia ва Nexia-3 ўт ўчириш машинасига келиб урилган.

Ҳодисада ҳеч ким оғир тан жароҳати олмаган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид