Жаҳон | 08:10 / 20.01.2024
3505
2 дақиқада ўқилади

АЭХА яна Запорижжя АЭС атрофидаги миналар ҳақида хабар берди

АЭХА инспекторлари Запорижжя атом электр станцияси чегарасидаги буфер зонада 2023 йил ноябрида у ердан олиб ташланган миналарни аниқлади.

Фото: AFP

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) экспертлари Россия ҳарбийлари томонидан эгаллаб олинган Запорижжя атом электр станциясининг ички ва ташқи периметри тўсиқлари орасидаги буфер зонага ўрнатилган пиёдаларга қарши миналарни яна топди. Бу ҳақда АЭХАнинг 19 январ, жума куни чоп этилган ҳисоботида айтилади

Станция четидаги миналар АЭХА инспекторлари томонидан охирги марта 2023 йил июлида аниқланган - портловчи моддалар атом электр станцияси оператив ходимлари бора олмайдиган ёпиқ ҳудудга жойлаштирилган. «Объектда бундай портловчи моддаларнинг мавжудлиги АЭХА хавфсизлик стандартлари ва ядро хавфсизлиги бўйича кўрсатмаларга зид келади ва станция ходимларига қўшимча психологик босим келтириб чиқаради», деб таъкидлади агентлик ва бу миналарнинг портлаши электр станцияси ядровий хавфсизлик тизимларига таъсир қилмаслиги кераклигини қўшимча қилди.

2023 йил ноябр ойида миналар олиб ташланди. Энди улар яна пайдо бўлган. Бу нима билан боғлиқлиги ҳақида хабар берилмаган. АЭХА бош директори Рафаэл Гросси миналар мавжудлиги агентликнинг хавфсизлик стандартларига жавоб бермаслигини таъкидлади. 

ЗАЭСда захира подстанцияларида электр таъминоти йўқолди 

АЭХА маълумотларига кўра, Запорижжя атом электр станциясидаги иккита захира трансформатор бир кун олдин қувватни йўқотган, улар реакторларни совитиш ва бошқа муҳим ядровий хавфсизлик функциялари учун зарур бўлган ташқи қувват манбайи ҳисобланарди.

Саккиз соатдан сўнг захира электр таъминоти тикланди, Запорижжя АЭС ходимлари авария сабабларини ўрганмоқда, трансформаторда ташқи зарар йўқлиги билдирилди.

«Станциянинг заиф энергетик ҳолати объектдаги ядро хавфсизлигига асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу борадаги вазият ўта хавотирли. 2022 йилнинг августидан буён объект саккиз марта ташқи электр таъминотидан маҳрум бўлди, бу эса фавқулодда дизел-генераторлар ишига таянишга мажбур қилди», деди Гросси.

Мавзуга оид