Ўзбекистон | 09:00 / 20.01.2024
8482
5 дақиқада ўқилади

Болага бераётган овқатимиздан ҳам муҳимроқ нарса унинг онгига таъсир қилувчи контентлардир - Шерзодхон Қудратхўжа

Глобал тармоқ ғоявий қуролга айланган замонда яшаяпмиз. Бу даврда урушлар жанг майдонларидан кўра кўпроқ рақамли дунёда юз беряпти. Эндигина ҳаётни таниётган болаларимиз виртуал оламга боғланиб қолган бир даврда атрофда айланаётган замонавий даъват ва таҳдидларга нисбатан иммунитетни шакллантириш учун нима қилиш керак? Ахборотлашган жамиятда ўсмирларга мўлжалланган миллий контент яратиш жараёнида қайси жиҳатларга кўпроқ урғу бериш лозим?

Мавзу юзасидан Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси раиси Шерзодхон Қудратхўжа ўз фикрлари билан бўлишди.

- Бир нарсага эътиборни кучлироқ қаратишни истар эдим. Бу – бугунги кунда шахсни болаликдан шакллантирувчи омиллар. Ёшлигимизда университетимизда ўсмирлар учун киностудия, кино ва мултфилмлар бўлар эди. Мустақиллик фарзандлари қарийб 33 ёшга тўляпти, лекин ҳали, афсуски, бизда болалар учун мўлжалланган мултфилмлар мавжуд эмас. Хоҳлайсизми-йўқми, боланинг қўлига ота-онаси телефон, компютер, планшет беради ёки болалар куни бўйи мултфилм кўради, лекин ҳеч қайси ота-она “болам қандай мултфилм томоша қиляпти экан?” деб ўзига савол бермайди.

Мултфилмни кўрган бола, албатта, унга тақлид қилади. Масалан, “Маша ва медвед”. Бу мултфилм баъзи мамлакатларда тақиқланган экан. Бунинг сабабини олимлар билан таҳлил қилдик. Мултфилмдаги катта айиқни бошқарадиган, уни манипулация қиладиган қизчада инжиқлик, айёрлик, такаббурлик ва ўз айтганини қилдириш деган тушунчалар мавжуд. Қиз йиғлайди, тўполон қилади ва катта айиқ фақат шу қизчани овутади. Буни кўрган фарзандларимиз Машага тақлид қилади ва ота-онасига ўзининг “капризи” – инжиқлигини кўрсатади. Бу боланинг ниҳоятда худбин бўлиб улғайишига таъсир қилади.

Иккинчиси “Пеппи чўчқачаси”. Мазкур мултфилм уни томоша қилган одамга яхшидек туюлади. Лекин эътибор беринг, чўчқа – табиатан нопок ҳайвон. Шунингдек, овқатланиши эстетикa қоидаларга тўғри келмайди. Ушбу мултфилм ҳам болаларда ўзини тутиш бўйича салбий фазилатларни уйғотиш кучига эга.

Ҳозирги замон болалари ота-она билан гаплашмайди. Унинг қўлида ҳамиша планшет, телефон туради. Нима бўлганда ҳам бола йиғламаса бўлди, катталар шу орқали “осон овутиш йўли”га ўтиб олишган. Ўсмирлар кунининг катта қисмини виртуал дунёда ўтказади.

Миллий контент деганда “Зумрад ва Қиммат”, Сариқ девни миниб”, “Ҳошимжоннинг саргузаштлари” сингари медиамаҳсулотларни яратишни ҳам тушунишимиз лозим. Болаларнинг ўзи таниган ва севган миллий ёзувчилари, миллий шоирлари бўлиши шарт. Фарзандларимизга бирор егулик бераётганда шифокордан ўн марталаб, “боламга қандай маҳсулот берсам бўлади?”, “унинг таркиби нималардан иборат?”, “қандай витаминлари бор, калцийси кўпми, темир моддасими?” деб сўраймиз. Боламизнинг ўсиши, соғлом ривожланишини истаймиз шу тарзда. Лекин бугун ҳеч ким ўзига савол бермаяпти: “болам нимани томоша қиляпти, фарзандим онги қандай шаклланяпти?” деб. Ўйлайманки, бугунги кунда болага бераётган овқатимиздан ҳам муҳимроқ нарса унинг онг ости, дунёқарашига таъсир қилувчи контентлардир. Ва бу масала бизнинг миллий хавфсизлигимиз учун энг муҳим масала саналади.

XXI аср ўзбек миллий мултфилмлари, ўсмирлар ва болалар киноиндустриясини яратиш вақти келди

Хорижий сериалларни прайм-тайм вақтида намойиш этишимиз аслида нотўғри. Ҳеч қайси давлат бундай қилмайди.

Қани Ўзбекистон режиссёрлари, қани Ўзбекистон киночилари? Нимага яхши филмлар, мултфилмлар яратмайсизлар? Биз 40 миллионга яқинлашаётган мамлакатмиз. Дунёда 50-60 миллион ўзбек бор. Ўзимизнинг XXI аср миллий мултфилмларимиз, ўсмирлар ва болалар киноиндустриясини яратишимиз керак, ахир.

Америка киноларини кўп томоша қилган одам сифатида шуни айтаманки, у мамлакат киноларида доим 25-кадрда Америка байроғи, Америка президенти, Америка давлати бўлади. Масалан, «Blue Ray” деган филмдаги бир аскарни қутқариш бўйича операцияни мисол сифатида олайлик. Бир дона аскарни қутқариш учун бутун бошли Америка Қўшма Штатлари армияси курашади. Бу каби контент орқали Америка фуқаролари ўзининг байроғи, ўзининг давлатидан ғурур ҳиссини орттиради.

Ўйлайманки, миллий контентимизда шонли тарихимиз, бизнинг бугунги кунимиз тўлиқ акс этиши керак.

Мавзуга оид