Жаҳон | 15:49 / 20.01.2024
29263
14 дақиқада ўқилади

Советлардан қолган техника – Ми-8 вертолётлари нега кўп қулаб тушмоқда?

Бундан бир неча кун олдин Бишкек шаҳри яқинида Ми-8 вертолёти қулаб тушди. Аввалроқ Каттақўрғонда, Россиянинг Олтой ўлкасида ҳам Ми-8 лар қулаб тушганди. Хўш, нега сўнгги пайтларда бундай вертолётлар тез-тез қулаб тушмоқда?

Фото: digitalcombatsimulator.com

20-асрда СССР иккита нарсаси билан мақтана оларди. Бири космосни ўзлаштириш, иккинчиси қурол-яроғ ва турли ҳарбий техникалар ишлаб чиқариш.

Советлар ҳар икки соҳа учун жуда катта маблағларни аямасдан ишлатишар ва дунёнинг энг илғор давлати бўлган АҚШ билан тенгма-тенг рақобат олиб боришарди.

Охир-оқибат халқ фаровонлигидан кўра ҳарбий соҳада ва космосни ўзлаштиришда дунёда етакчи бўлишга интилган давлат парчаланиб кетди. Бироқ ўша даврларда ишлаб чиқарилган турли ҳарбий техникаларни кўплаб мамлакатлар бугун ҳам ишлатмоқда.

Улардан бири афсонавий Ми-8 вертолётлари ҳисобланади. Вертолётнинг афсонавийлиги унинг мукаммаллиги ёки бошқа афзалликларида эмас. Шунчаки бу вертолётдан жуда кўп – қарийб 20 минг дона (!) ишлаб чиқарилган.

Илк синов нусхаси 1960-йиллар бошида, қолганлари СССР парчаланиб кетгунча ишлаб чиқарилган бу вертолётлар аллақачон муддатини ўтаб бўлган.

Буни сўнгги йилларда бу турдаги вертолётларнинг тез-тез қулаб тушаётгани ҳам исботлаб турибди. Бироқ ҳанузгача ундан дунёнинг кўплаб давлатлари, шу жумладан Ўзбекистон ҳам фойдаланиб келмоқда.

Ми-8 вертолётлари тарихи

Ми-8 вертолётларининг тарихи ўтган асрнинг 60-йиллари бошига бориб тақалади. Ми-8 гача 1950-йиллар биринчи ярмида Ми-1 ва Ми-4, 1957 йилда Ми-6 вертолётлари ишлаб чиқарилганди.

Бу вертолётларни таниқли совет авиаконструктори Михаил Мил лойиҳалаштирган. Шу учун улар Ми деб ном олган. 1960-йилдан бошлаб Михаил Мил янги вертолёт лойиҳаси устида ишлай бошлайди. Бу самолёт Ми-8 деб ном олади.

Ми-8 вертолётининг дастлабкиси 1961 йилда синовдан ўтказилади. Орадан бир ой ўтгач уни Москванинг Тушинск аэродромида ўтказилган авиация парадида давлат раҳбари Никита Хрушчёвга ҳам кўрсатишади.

1964 йилда Ми-8 ҳукумат комиссияси тасдиғидан ўтади ва уни серияли ишлаб чиқаришга рухсат беришади. Вертолётлар асосан Қозондаги авиация бирлашмасида тайёрланган.

Кейинчалик Ми-8 нинг бошқа кўплаб вариантлари ҳам ишлаб чиқарилади. Жумладан, унинг фуқаро авиацияси учун, ҳарбий жанговар ва ҳарбий транспорт турлари тайёрланади. Улар орасида ҳатто санитар вертолётлари ҳам бор эди.

Йўловчи ташиш учун мўлжалланган Ми-8 ларда 28 та ўриндиқ бўлиб, улар 500 км масофагача учиб бора оларди. Ҳарбий транспорт вертолётида 24 та ўриндиқ жойлаштирилган, қолган қисми юк ортишга мўлжалланган эди. Жанговар Ми-8 лар эса турли қуроллар билан жиҳозланади.

Ми-8 нинг йўловчи ташишга мўлжалланган модификацияси

Ми-8 вертолётининг техник тавсифлари

  • Оғирлиги (юксиз) – 6 835-7 370 кг (модификациясига қараб);
  • Парвоз пайтидаги оғирлиги – ўртача 11 тонна (максимал 12 тонна;
  • Максимал тезлиги – соатига 250 км;
  • Ўртача оғирлик билан парвоз баландлиги – 4 500 метр;
  • Вертолётдаги битта ёқилғи сиғими тўлдирилганда (1 450кг) парвоз узоқлиги – 365 км;
  • Иккита ёқилғи сиғими ҳам тўлдирилганда (3 445 кг) парвоз узоқлиги – 1 305 км;
  • Экипаж сони – 3 киши;
  • Ўриндиқлар сони – турли модификацияларига қараб 18 тадан 28 тагача;

Ми-8 вертолётларига 1 500 от кучига эга бўлган двигателлар ўрнатилган ва улар ўртача соатига 720 литр ёқилғи сарфлаган.

Кейинчалик, вертолётнинг янги модификациялари тайёрланганда уларга такомиллаштирилган двигателлар ўрнатилади.

Ми-8 ларга турли радиолокацион ва навигация мосламалари, автопилот ҳамда бошқа кўплаб ускуналар ўрнатилади. Бундан ташқари, улар турли қурол-яроғлар, жумладан, йирик калибрли пулемёт ва авиабомбалар ҳамда кичик ракеталар билан жиҳозланади.

Умумий ҳисобда Ми-8 вертолётлари 100 дан ошиқ модификацияда ишлаб чиқарилган. Улар орасида транспорт, ҳарбий-транспорт, жанговар, тиббий, ҳарбий-тиббий, йўловчи ташувчи, ҳарбийларни ташувчи вертолётлар бор эди.

Йўловчи ташувчи вертолётлар орасида юқори мартабали амалдорларни олиб юрадиган комфорт салонли модификация ҳам бўлган. Бу вертолётда иккита тери қопламали диван, стол-стуллар, ҳожатхона, телефон аппарати ва бошқа қулайликлар қилинганди.

Бундан ташқари, хорижлик меҳмонларни олиб юриш учун мўлжалланган Ми-8 вертолётлари ҳам бўлиб, улар ҳам яхшироқ жиҳозланганди. СССР парчаланиб кетгандан сўнг тижорий парвозларга мўлжалланган Ми-8 вертолётлари ҳам тайёрланган.

Россия фойдаланаётган "санитар" Ми-8

Ми-8 вертолётлари қатнашган ҳарбий ҳаракатлар ва урушлар

Ми-8 вертолётлари ишлаб чиқарила бошлангандан буён ҳарбий ҳаракатларда қатнашиб келади.

Жумладан:

  • 1967 йилда бўлиб ўтган “Олти кунлик уруш”да Миср фойдаланган;
  • 1965-1975 йилларда бўлиб ўтган Ветнам урушида Шимолий Ветнам фойдаланган;
  • 1977-1978 йилларда бўлиб ўтган Эфиопия-Сомали урушида фойдаланишган;
  • 1979-1989 йилларда бўлиб ўтган Афғон урушида СССР ва Афғонистон армиялари ҳамкорликда фойдаланган;

 

Афғон урушида қатнашаётган Ми-8
  • 1980-1988 йилларда бўлиб ўтган Эрон-Ироқ урушида Ироқ фойдаланган;
  • 1981 йилда бўлиб ўтган Перу-Эквадор урушида Ми-8 вертолётларидан иккала томон ҳам фойдаланган;
  • 1990-1991 йилда бўлиб ўтган Форс кўрфазидаги урушларда (Ироқ-Кувайт уруши ва халқаро каолициянинг Ироққа қарши уруши) Ироқ фойдаланган;
  • 1994-1996 йилларда бўлиб ўтган Биринчи Чечен уруши ва 1999 йилда бўлиб ўтган Иккинчи Чечен урушида чеченлар ва Россия армияси фойдаланган;
  • 1998-2000 йилларда бўлиб ўтган Эфиопия-Эритрея урушида фойдаланишган;
  • 1999 йилда НАТОнинг Югославиядаги ҳарбий операциясида серблар фойдаланган;
  • 2001-2021 йилларда АҚШ Афғонистонга бостириб кирганда афғонлар фойдаланган;
  • 2004 йил АҚШ Ироққа бостириб кирганда ироқликлар фойдаланган;
  • 2008 йилда бўлиб ўтган Грузия-Россия урушида ҳар икки томон фойдаланган;
Result image vietbao.vn

Шунингдек, Ми-8 вертолётларидан Сурияда ва Ливиядаги фуқаролар урушида, 2014 йилда Россиянинг Донбасс ва Қримга, 2022 йилда Украинага бостириб киришида фойдаланилган.

Ми-8 вертолётларидан 17 мингта ишлаб чиқарилган ва уларнинг 12 мингтаси ҳарбий вертолётлар бўлган. СССР пайтида ва ундан кейин Ми-8 вертолётлари дунёнинг кўплаб давлатларига сотилган. Вертолётнинг ўртача нархи 15 млн долларга баҳоланган.

Бугун Ми-8 вертолётларидан дунёнинг кўплаб давлатлари фойдаланади. Уларнинг энг кўпи Россия ва бошқа собиқ иттифоқ республикалари ҳиссасига тўғри келади. The Military Balance маълумотларига кўра 2023 йилда Ўзбекистонда жами 52 дона Ми-8 вертолёти бўлган.

Фото: uza.uz

Йўқотишлар

Сўнгги йилларда Ми-8 вертолётларининг қулаб тушиши билан боғлиқ ҳодисалар кўпайди. Масалан, бундан бир неча кун олдин Брянск вилоятида Россияга тегишли Ми-8 қулаб тушишдан зўрға қутулиб қолди ва мажбурий қўнишни амалга оширди.

Аввалроқ, Бишкек шаҳри яқинида, Россиянинг Олтой ўлкасида, Ўзбекистоннинг Каттақўрғон шаҳрида Ми-8 вертолётлари қулаб тушган эди.

Ми-8 вертолётларининг ҳалокатларига асосан уларнинг эскириб, ўз муддатини ўтаб бўлгани сабаб бўляпти деб айтиш мумкин. Чунки Ми-8 лар асосан совет даврида ишлаб чиқарилган ва улардан камида 30-40 йилдан буён фойдаланиб келинмоқда.

Умуман олганда, Ми-8 вертолётларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланилган ва уларнинг асосий қисми урушлар ва бошқа сабаблар билан йўқ бўлиб кетган.

Ми-8 вертолётлари энг кўп Афғон урушида йўқотилган. СССР томони қарийб 200 га яқин, Афғон томони ҳам тахминларга кўра 100 дан ошиқ Ми-8 дан айрилган

Бироқ совет расмий ҳисоботларида кўрсатилган рақамлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги, улар Афғон урушида кўпроқ самолёт ва вертолётлар йўқотган бўлиши ҳам мумкин.

Афғон урушида қулаб тушган Ми-8

Агар Ми туркумига кирувчи вертолётлар тарихига назар ташланса Ми-34 гача бўлган барча модификациялар совет даврида ишлаб чиқарилган ва СССР парчаланиб кетгандан сўнг уларни тайёрлаш тўхтаб қолган.

Кейинги йилларда Россия совет даврида тайёрланган модификацияларни бироз мукаммаллаштириб, Ми-35М, Ми-38 ва Ми-54 вертолётларини ишлаб чиқарган холос.

Булар орасида фақат М35-М бироз оммалашган ва бир нечта хорижий давлатларга ҳам сотилган (бундай вертолёт Ўзбекистонда ҳам бор).

СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россия Ми-8 вертолётларини етарлича мукаммаллаштира олмаганига бу давлат транспорт саноати учун сифатли двигателлар йўқлиги тўсиқ бўлган.

Яъни Россияда авиасаноат учун сифатли ва ишончли двигателлар тайёрланмайди. Хориж компаниялари нафақат ҳарбий саноат, балки фуқаро авиациясида фойдаланиладиган самолётлар учун ҳам сифатли двигател бермоқчи эмас.

Шу сабабли 1990-йиллар иккинчи ярмидан бошлаб СССР пайтида ишлаб чиқарилган баланд овозли самолётлари Евроиттифоқ осмонида учиши тақиқлангач, руслар айнан сифатли двигателлар йўқлиги туфайли тузукроқ самолёт ишлаб чиқара олмаяпти.

Худди шу ҳолат ҳарбий транспорт саноатида ҳам содир бўляпти. Сўнгги йилларда Россия бир неча турдаги янги ҳарбий самолётларни ишлаб чиқарди. Бироқ вертолётлар ишлаб чиқариш масаласида мақтана олмайди.

Россия фойдаланаётган Ми-8 вертолётларининг аксарияти совет даврида ишлаб чиқарилган \ Фото: deagel.com

Ми-8 билан боғлиқ йирик ҳалокатлар

Парвоз қила бошлаган йилларидан бошлаб ҳозиргача ҳар йили кўплаб Ми-8 вертолётлари ҳалокатга учраган ёки қулаб тушган. Оқибатда кўплаб инсонлар ҳалок бўлган.

СССР пайтида содир бўлган жуда кўп ҳалокатлар оммадан яширилган. Ҳозир ҳам уларнинг аксарияти ҳақида маълумотлар йўқ, борлари ҳам тўлиқ эмас. Шу сабабли қуйида СССР парчаланиб кетгандан сўнг Ми-8 вертолётлари билан содир бўлган йирик ҳалокатлар ҳақида маълумотларни келтирамиз.

Абхазия республикаси, 1992 йил. Гуржистон-Абхазия урушида гуржилар Ткварчели шаҳрини қамал қилишади. Шунда Ми-8 вертолётларидан бирига учувчилар 80 дан ошиқ қариялар, аёллар ва болаларни ортиб учиб кетишаётганда гуржилар томонидан уриб туширилади.

Вертолётда бўлган барча 85 нафар одам ҳалок бўлади. Бу ҳодиса вертолётда содир бўлган энг йирик ҳалокат сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Маълумот учун, кейинчалик 2002 йилда Чеченистонда содир бўлган вертолёт ҳалокати қурбонлари Абхазиядаги ҳодисадан ҳам кўп бўлади. Чечен жангарилари томонидан Ми-26 вертолёти уриб туширилади ва унинг бортида бўлган 142 кишидан 127 нафари ҳалок бўлади.

Озарбойжон, 1997 йил. Ми-8 Боку шаҳри яқинидаги нефт платформаларидан бирига қўнишда ҳалокатга учрайди ва денгизга қулаб тушиб, чўкиб кетади. Оқибатда, унинг бортида бўлган 21 кишидан 20 нафари ҳалок бўлади. Ҳалокат кучли шамол пайтида учувчиларнинг бошқарувни йўқотиши туфайли юз берган.

Россияда қулаб тушган Ми-8 \ Фото: emigrados.ru

Қирғизистон, 1998 йил. Россияга тегишли Ми-8 хусусий кромпанияга тегишли ишчиларни олиб кетаётганида ҳалокатга учрайди. Оқибатда вертолёт бортида бўлган 20 киши ҳалок бўлади. Ҳалокатга учувчилар бошқарувни йўқотиб, электр тармоқларига бориб урилгани сабаб бўлган.

Тожикистон, 1999 йил. Россия ҳарбийларига тегишли Ми-8 парвоздан 35 дақиқа ўтиб қулаб тушади. Оқибатда унинг бортидаги 18 нафар ҳарбий ҳалок бўлади.

Россия, 1999 йил. Йўловчи ташувчи Ми-8 Камчатка ўлкасида ҳалокатга учрайди. Оқибатда унинг бортидаги 26 кишидан 21 нафари ҳалок бўлади. Ҳалокат учувчиларнинг хатоси сабабли юз берган.

Камчатка ўлкаси, 2003 йил. Йўловчи ташувчи Ми-8 Камчатка ўлкасида ҳалокатга учрайди ва унинг бортида бўлган 20 киши ҳалок бўлади. Ҳалокат ёмон об-ҳаво шароитида учувчиларнинг тажрибасизлик қилгани сабабли келиб чиққан.

Сьерра-Леоне, 2004 йил. Россияга тегишли, Африкадаги Сиерра-Леоне давлатида БМТ тинчликпарвар кучлари таркибида хизмат қилаётган Ми-8 ҳалокатга учрайди. Оқибатда, унинг бортида бўлган 24 одам ҳалок бўлади. Ҳалокат сабаби очиқланмаган.

Мисрга тегишли Ми-8 \ Фото: digitalcombatsimulator.com

Чеченистон, 2007 йил. Ҳарбийларни олиб кетаётган Ми-8 тоғли ҳудудга қўниш чоғида ҳалокатга учрайди. Оқибатда унинг бортида бўлган 18 нафар ҳарбий ҳалок бўлади. Ҳалокатга ноқулай об-ҳаво шароитида учувчиларнинг хатоси сабаб бўлган.

Сиерра-Леоне, 2007 йил. Нигерияга тегишли йўловчи ташувчи Ми-8 Сиерра-Леоненинг Фритауна шаҳрида ҳалокатга учрайди. Оқибатда, унинг бортида бўлган 23 кишидан 22 нафари ҳалок бўлади. Ҳалокат учувчиларнинг қўниш пайтида хатога йўл қўйгани туфайли юз берган.

Украина, 2008 йил. Ми-8 самолёти кучли шамол туфайли Қора денгиздаги бурғилаш ускунасига бориб урилади ва қулаб тушади. Оқибатда унинг бортида бўлган 20 киши ҳалок бўлади.

Сурия, 2012 йил. Сурия ҳарбийларига тегишли Ми-8 ракета билан нишонга олинади. Оқибатда вертолёт қулаб тушади ва унинг бортида бўлган 19 ҳарбий вафот этади.

Ямал-ненец автоном округи, 2016 йил. Красноярск ўлкасидан ишчиларни олиб кетаётган Ми-8 қулаб тушади. Оқибатда вертолёт бортидаги 22 кишидан 19 нафари ҳалок бўлади. Ҳалокат вертолётда ёқилғи тугаб қолгани ортидан юз беради.

Красноярскка қулаб тушган Ми-8

Красноярск ўлкаси, 2018 йил. Ми-8 вертолёти бошқа бир вертолёти олиб кетаётган юкнинг троссига урилади. Сўнг қулаб тушиб ёниб кетади. Оқибатда, унинг бортида бўлган 18 киши ҳалок бўлади.

Ми-8 ҳалокати билан боғлиқ ҳодиса Ўзбекистонда ҳам юз берган. 2023 йил 17 ноябр куни Каттақўрғон туманида жойлашган ҳарбий полигонда Ми-8 вертолёти қулаб тушади ва унинг экипажи ҳалок бўлади.

Маълумот учун 2016 йил 18 октябр куни Фарғона вилоятида Ми-171 вертолёти қулаб тушган ва унинг бортидаги 9 киши нобуд бўлганди.

Ми-8 вертолётлари билан содир бўлган ҳалокатларда бир қанча таниқли шахслар ҳам вафот этган. Жумладан, 2002 йилда Красноярск ўлкасида содир бўлган Ми-8 ҳалокатида ўлка раҳбарияти ҳамда россиялик таниқли сиёсатчи, генерал Александр Лебед вафот этади.

Александр Лебеднинг ўлимига сабаб бўлган Ми-8 қулаган жой

Бундан ташқари, 2003 йилда Сахалин вилояти губернатори Игор Фархутдинов, 2007 йилда Того давлати спорт вазири Ришар Аттипое ҳам айнан Ми-8 қулаб тушиши ортидан ҳалок бўлган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид